Тажриба алмашиш глобал масала ечимида муҳим ўрин тутади

08.09.2023, 10:59

Тажриба алмашиш глобал масала ечимида муҳим ўрин тутади

Озиқ-овқат хавфсизлиги барча давлатлар қатори Ўзбекистоннинг ҳам мустақиллиги, ижтимоий-иктисодий ва сиёсий барқарорлигини таъминлаш гарови ҳисобланади. Юртимизда бу масала ҳамон ўз долзарблигини йўқотмаган. Бугун озиқ-oвқaт мaҳcyлoтлapигa бўлгaн тaлaб oшяпти, aҳoли coни ўсиши асносида жoн бoшигa иcтeъмoл кўпаймоқда.

Шу жиҳатдан, мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини янада самарали ва ресурс тежайдиган соҳага айлантириш, қишлоқда аҳоли ҳаёт даражасини яхшилаш, халқимизни арзон ва барқарор нархларда хавфсиз ва витаминларга бой озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилиб, соҳада кўплаб лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Мазкур саъй-ҳаракатлар натижасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми икки баробарга ортди.

2023 йилда белгиланган кўрсаткичларга эришиш мақсадида 4 млн. гектар асосий, боғ-ток қатор оралари, лалми ва такрорий майдонларда озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш белгиланган. Ушбу майдонлардан 8,1 млн. тонна бошоқли дон, 528 минг тонна шоли, 579 минг тонна дуккакли, 345 минг тонна мойли, 12,2 млн. тонна сабзавот, 2,5 млн. тонна полиз, 4,1 млн. тонна картошка, 3,1 млн. тонна мева ва 2 млн. тонна узум етиштирилиши кутилмоқда.

Шунингдек, республикада озиқ-овқат саноатида 22 мингдан ортиқ турли мулкчилик шаклидаги озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхоналари фаолият кўрсатмоқда. Улар томонидан 2023 йилда жами 75,5 трлн. сўмлик озиқ-овқат саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш режалаштирилган.

Айни чоғда мамлакатимиз ўзининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш баробарида, мева-сабзавот ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш орқали хорижий давлатлар озиқ-овқат таъминотига салмоқли ҳисса қўшиб келаётгани эътиборга молик. Хусусан, БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида “Минг йиллик ривожланиш мақсадлари”га эришгани учун махсус мукофотига сазовор бўлган дунёдаги 14 та давлат орасида Ўзбекистон ҳам бор.

Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтаётган Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича халқаро конференцияда дунёнинг 32 та давлатидан 620 нафардан зиёд хорижий меҳмон ҳамда 30 дан ортиқ нуфузли халқаро ташкилотдан вакиллар қатнашаётгани ҳам унга жаҳон миқёсидаги катта қизиқиш ва эътибордан далолат беради.

Ушбу конференция учун айнан Самарқанд шаҳри танлангани замирида ҳам чуқур маъно бор. Сабаби, қарийб уч минг йиллик тарих ва маданиятга эга бўлган бу кўҳна шаҳар кейинги йилларда нуфузли халқаро анжуманларни ўтказиш бўйича катта тажриба тўплади.

Мазкур конференциядан кўзланган асосий мақсад — мана шундай глобал муаммо бўйича фикр, тажриба алмашиш, таклиф, ташаббусларни ўртага ташлаб, таҳлил қилиш, фойдали ечимлар топишдан иборат.

Боиси, сайёрамизда юзага келган ташвишли сиёсий вазият, иқлим билан боғлиқ салбий ўзгаришлар, сув ресурсларидан фойдаланишдаги муаммолар, ер шўрланиши, қурғоқчилик каби қатор омиллар туфайли айнан озиқ-овқат хавфсизлиги инсоният, жаҳон ҳамжамияти олдидаги глобал масала сифатида намоён бўлмоқда.

Давлатимиз раҳбари она заминимиз ҳаёти, инсонларнинг кун кечириши, турмуш шароити билан бевосита боғлиқ бўлган ушбу масалаларни доимий равишда БМТ даражасидаги нуфузли минбарларда мунтазам равишда кўтариб келмоқда. Шунинг баробарида ушбу муаммолар ечими бўйича кўплаб таклиф, ташаббуслар билдирмоқда.

Кейинги йилларда мамлакатимизда олиб борилаётган тизимли ишлар натижасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми кескин ошди. Айниқса, тобора кўпайиб бораётган дунё аҳолисини озиқ-овқат билан таъминлашда сезиларли ютуқларга эришилди.

Агар рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, 2017 — 2022 йилларда 138 минг гектар янги мевали боғлар (шундан 74 минг гектари интенсив) ва 135 минг гектар янги узумзор барпо этилди. Барча тоифадаги хўжаликларда мевали боғлар майдони 337 минг ва узумзорлар майдони 181,9 минг гектарга етказилди. Шу даврда фермер хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан 4,9 минг гектар иссиқхоналар ташкил этилиб, умумий майдони 6,3 минг гектарга етказилди.

Қувонарли томони, амалга оширилган саъй-ҳаракатлар туфайли Ўзбекистон Глобал озиқ-овқат хавфсизлиги индекси (The Global Food Security Index — GFSI)да 12 поғона юқорилади. 2019 — 2022 йилларда озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича энг юқори ўсишга эришган 10 та мамлакат ичида биринчи ўринни эгаллади.

Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида гапирганда, пахта ва ғалла майдонларини қисқартириш ҳисобига аҳолига деҳқончилик қилиш учун 200 минг гектар ер майдонлари ажратилганини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз. Зеро, бунинг натижасида 700 минг нафар аҳоли доимий, 1,3 миллион нафари эса мавсумий иш жойларига эга бўлди.

Ҳақиқатан ҳам, сўнгги йилларда аграр соҳани молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида халқаро имтиёзли кредитлар ажратилгани, маҳсулот етиштириш, суғориш, уруғ ва кўчат сотиб олиш билан боғлиқ харажатлар субсидия ҳисобидан қоплаб берилаётгани туфайли соҳада юқори натижаларга эришяпмиз.

Умуман айтганда, мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар халқимизнинг фаровон турмуш кечириши, юртимиз тараққиётини таъминлашнинг кафолати бўлиб хизмат қилаётир. Энг муҳими, бу янгиланиш ва ўзгаришларни одамлар ўз ҳаётида сезмоқда. Анжуман доирасида эришиладиган натижалар эса, шубҳасиз, озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтириб, экспорт ҳажмини оширишга хизмат қилади.

Одинахон ОТАХОНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг

Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси аъзоси.

  • Кўрилди
    220
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+