Янги Ўзбекистонда ислоҳотларнинг янги даври бошланяпти

12.09.2023, 17:53

Янги Ўзбекистонда ислоҳотларнинг янги даври бошланяпти

Бугун O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ва партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциянинг қўшма мажлиси бўлиб ўтди.

Қўшма мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 11 сентябрдаги “Ўзбекистон – 2030” стратегияси тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлашга қаратилган партия ва унинг фракцияси олдидаги устувор вазифалар муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси бешта устувор йўналиш бўйича 100 та муҳим мақсадни ўз ичига қамраб олмоқда. Хусусан, барқарор иқтисодий ўсиш орқали даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторидан ўрин олиш, аҳоли талабларига ва халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган таълим, тиббиёт ва ижтимоий ҳимоя тизимини ташкил қилиш, аҳоли учун қулай экологик шароитларни яратиш, халққа хизмат қилиши шарт бўлган адолатли ва замонавий давлатни барпо этиш, мамлакатнинг суверенитети ва хавфсизлигини кафолатли таъминлаш каби ғоялар акс этган.

Фармон билан мазкур стратегияни амалга ошириш ва унинг мақсадли кўрсаткичларига эришиш барча давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида энг устувор вазифа этиб белгиланмоқда. Бу эса, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ва унинг фрацияси зиммасига ҳам улкан масъулият юклайди.

Стратегиянинг ҳар бир йўналишини таҳлил қиладиган бўлсак, инсон қадрини улуғлаш, халқимизни рози қилиш, муносиб турмуш шароити билан таъминлаш каби улкан мақсад ва марралар кўзланганлигини кўриш мумкин.

Хусусан, келгуси етти йилликда иқтисодиёт ҳажмини 2 баробар ошириш, тиббий ёрдамга муҳтож аҳолининг 70 фоиз мурожаатларини бирламчи бўғиннинг ўзида ҳал этиш, камбағалликни икки баробарга камайтириш, мактабгача таълим билан қамров даражасини 100 фоизга етказиш, сувни ишлатиш самарадорлигини 25 фоизга ошириш каби қатор кўрсаткичларни ўз ичига қамраб олган. Стратегияда белгиланган мақсад ва вазифалар, айтиш мумкинки, Барқарор ривожланиш миллий мақсадларини амалга ошириш учун ўзига хос “йўл харитаси” вазифасини ўтайди. 

Партиямизнинг асосий мақсад ва ғояларини ўзида акс эттирган Стратегиянинг Барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш бўйича белгиланган иккинчи йўналишини таҳлил қиладиган бўлсак, иқтисодиётни ривожлантириш, тадбиркорлик, саноат, қишлоқ хўжалиги соҳаларини янги босқичга олиб чиқиш борасида қатор ташаббуслар илгари сурилмоқда.

Унга кўра 2030 йилга қадар иқтисодиёт ҳажмини 2 баробар ошириш ва “даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар” қаторига кириш асосий мақсад қилиб олинмоқда. Бунда келгуси етти йилликда ялпи ички маҳсулот ҳажмини 160 миллиард долларга ва аҳоли жон бошига даромадларни 4 минг долларга етказиш кўзда тутилган.

Шунингдек, мамлакатимизнинг инвестициявий жозибадорлигини янада ошириш ва қимматли қоғозлар бозорини жадал ривожлантириш, “яшил иқтисодиёт”га ўтиш, унинг асоси бўлган қайта тикланувчи энергиядан фойдаланиш кўрсаткичларини кескин ошириш, иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолини зарур энергия ресурслари билан узлуксиз таъминлаш каби чора-тадбирлар белгилаб олинган.

Стратегияда қишлоқ хўжалигида ҳосилдорлик ва рентабеллик даражасини кескин ошириш борасида ҳам қатор вазифалар белгилаб олинмоқда. Унга кўра, келгусида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш кўрсаткичининг 25 фоиздан юқори бўлиши таъминланади. Республика ҳудудларида 2,5 миллион тонна қувватга эга бўлган 100 та янги агрологистика марказлари фаолияти йўлга қўйилади ҳамда уларнинг экспорт салоҳияти 1 миллиард долларга етказилади.

Шунингдек, қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий қилиш ва суғориладиган майдоннинг ҳар бир гектарига бериладиган сув ҳажмини 20 фоизга камайтириш орқали сувнинг маҳсулдорлиги оширилади. Ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш орқали 1 метр куб ҳажмдаги сув билан суғорилган ер майдонидан 3,7 доллар миқдорида даромад олишга эришилади. 

Сувдан самарали фойдаланишда замонавий бошқарув тизимининг ҳам ўрни беқиёс. Шу боис 2030 йилгача камида 100 та йирик сув хўжалиги объектида автоматлаштирилган бошқарув тизимини жорий қилиш, ирригация соҳасига хусусий секторни жалб этиш, давлат-хусусий шериклик механизмларини кенг жорий қилиш ҳисобига хусусий инвестициялар оқимини кўпайтириш мақсад қилинган.

Қўшма мажлисда давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон – 2030” стратегияси тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини 2023 йилда ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори мазмун-моҳиятини кенг аҳоли вакиллари, партия электорати орасида тарғибот ва тушунтириш ишларини олиб бориш борасида вазифалар белгиланди. Мазкур вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Ишчи гуруҳлар шакллантирилди, шунингдек, партиянинг узоқ муддатли чора-тадбирлар режаси тасдиқлаб олинди.

  • Кўрилди
    332
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+