"Ўзбекистон - 2030" стратегияси: Қишлоқ хўжалигида бошланган ислоҳотлар янги босқичга олиб чиқилади

15.09.2023, 17:33

Сўнгги йилларда қишлоқ хўжалиги асосий драйвер соҳалардан бирига айланди. Кластер тизимини жорий этиш натижасида пахта, ғалла ҳосилдорлиги 25-30 фоизга, мева-сабзавот экспорти эса 2 баробар ошди, соҳага 5 миллиард доллардан ортиқ хусусий инвестиция киритилди.

Ўтган икки йилда 200 минг гектар унумдор ер майдонларини аҳолига ажратиб берилди. Натижада 2 миллиондан зиёд фуқаронинг бандлиги таъминланди. Бундан ташқари юртимизда фермер ва деҳқон хўжаликларини молиявий қўллаб-қувватлаш масаласига алоҳида аҳамият берилмоқда. Бу борада талай қонун, Президент фармон ва қарорлари қабул қилинди. Фермер ва деҳқон хўжаликларига имтиёзлар, енгилликлар бериляпти. Бугун соҳага қаратилаётган юксак эътибор натижасида юртимизда фаолият юритаётган фермер хўжаликлари сони 107 мингдан ошди. Бу 2017 йилга нисбатан 40 фоиз кўп, дегани.

Президентимиз томонидан тасдиқланган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида мазкур бошланган ислоҳотлар яна давом эттирилади. Стратегиянинг қишлоқ хўжалигида ҳосилдорлик ва рентабеллик даражасини кескин ошириш масаласида ҳам қатор ташббуслар кўзда тутилган.

Унга кўра, бир гектардан олинадиган ўртача даромадни 5 минг долларга етказиш, қишлоқ хўжалиги соҳасида экспорт ҳажмини йилига 10 миллиард долларга етказиш мақсад қилинган.

Бундан ташқари аграр соҳага жами 15 миллиард доллар инвестициялар жалб қилинади, ҳосилдорлик кўрсаткичларини пахта бўйича ўртача 45-50 центнерга, ғалла бўйича 80–85 центнерга етказилади. Қўшимча 300 минг гектар ер майдонини замонавий сув тежайдиган технологияларни қўллаш орқали ўзлаштириш ва мазкур ерларда озуқабоп, доривор, мойли, дуккакли, шоли, ғалла, сабзавот, полиз экинлари экиш, интенсив боғ ва узумзорлар ташкил этиш ҳам кўзда тутилган.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш кўрсаткичининг 25 фоиздан юқори бўлиши таъминланади. Республика ҳудудларида 2,5 миллион тонна қувватга эга бўлган 100 та янги агрологистика марказлари фаолияти йўлга қўйилади ҳамда уларнинг экспорт салоҳиятини 1 миллиард долларга етказилиши режалаштирилган.

Шунингдек, ҳар бир туманда аграр соҳадаги илм ва инновациялар, янгича ёндашувлар, замонавий агротехник тадбирларни амалга оширишга кўмаклашувчи марказлар ташкил қилиниши юқори ҳосилдорликка эришишга хизмат қилади.

Шу билан бир қаторда деҳқон ва фермер хўжаликлари ҳамда кластерларга барча субсидияларни ягона “Агросубсидия” платформаси орқали “бир қадам” тамойили асосида тақдим этилиши ҳам фермер ва кластерлар учун қулай имкониятдир.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва чорвани суғурта қилиш тизимини ислоҳ қилиш, алоҳида суғурта жамғармасини ташкил этиш ва унга 100 миллион долларни жалб қилиш, деҳқон ва фермерларга суғурта мукофотининг 50 фоизини субсидиялаш тизимини жорий қилиш ҳам муҳим аҳамиятга эгадир.

Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий қилиш ва суғориладиган майдоннинг ҳар бир гектарига бериладиган сув ҳажмини 20 фоизга камайтириш орқали сувнинг маҳсулдорлиги оширилади. Ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш орқали 1 метр куб ҳажмдаги сув билан суғорилган ер майдонидан 3,7 доллар миқдорида даромад олишга эришилади.

Сувдан самарали фойдаланишда замонавий бошқарув тизимининг ҳам ўрни беқиёс. Шу боис 2030 йилгача камида 100 та йирик сув хўжалиги объектида автоматлаштирилган бошқарув тизимини жорий қилиш, ирригация соҳасига хусусий секторни жалб этиш, давлат-хусусий шериклик механизмларини кенг жорий қилиш ҳисобига хусусий инвестициялар оқимини кўпайтириш мақсад қилинган.

Умуман олганда, ушбу мақсадларни амалга ошириш учун барчамиздан ташаббускорлик, фаоллик ва катта масъулият талаб қилади.

Барно Мирзамова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

 

  • Кўрилди
    554
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+