Катта марраларни кўзламаган тадбиркор шиддатли замон талабларига жавоб бера олмайди

18.09.2023, 14:52

Катта марраларни кўзламаган тадбиркор шиддатли замон талабларига жавоб бера олмайди

– Бугун юртимизда тадбиркор аёлларни қўллаб-қувватлаш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, саломатлигини мустаҳкамлаш, энг муҳими, улар учун муносиб турмуш шароитини яратиш давлатимиз сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири эканлиги қувонарлидир. Давлатимиз раҳбарининг шахсан ўзи бу йўналишни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Натижада бизнинг ҳам ижтимоий фаоллигимиз ошиб, турмуш фаровонлигимиз юксалиб боряпти. Бундай эътибор ва рағбат берилаётгани мен каби ишбилармон опа-сингилларимизга катта имкониятлар эшигини очиб берди, десам муболаға бўлмайди.

Бундан беш-ўн йилча аввал қишлоқ хўжалиги соҳасида ишлаб, катта обрў ва даромад топасан, файзли турмуш кечирасан, деса биров ишонармиди. Аграр соҳани том маънода хусусийлаштириш мумкинлигига ақл бовар қилмас эди.

Президентимиз ташаббуси билан қишлоқ хўжалигида фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик субъектлари маҳсулотларини қайта ишлаш, ички ва ташқи бозорда сотишни қўллаб-қувватлаш масаласи ўзининг тизимли ечимини топганини ҳар қанча эътироф этсак оз. Зотан, экспортбоп маҳсулот тайёрлаш жараённинг ярми бўлса, хориждан унга харидор топиш ва мижознинг ишончини қозониш қолган ярмидир. Ўзгаришлар туфайли бугун деҳқон ҳам, фермер ҳам экспорт тизимида ўзининг ўрнини топди. Меҳнатига яраша даромад ола бошлади. Халқона айтганда, косаси оқарди.

2006 йилда ташкил этилган кўп тармоқли “Заркент Гавҳари” фермер хўжалигимиз ҳам айни қўллаб-қувватлашлардан руҳланиб, яратилаётган имкониятлар натижаси ўлароқ қатор ютуқларга эришди.

Ҳозирда 80 нафар ишчи-ходим меҳнат қилаётган хўжалик узумчилик, мева-сабзавот, гўшт-сут маҳсулотларини қайта ишлаб экспортга қилишда Тошкент вилоятидаги йирик корхоналар қаторига қўшилишга муваффақ бўлди.

Биргина 2022 йилда мевадан 310 ва узумдан 200 центнердан ҳосил олган бўлсак, 150 минг доллар миқдоридаги маҳсулотимиз Россия Федерацияси, Қозоғистон ва Қирғизистонга экспорт қилинди. 2023 йилнинг дастлабки олти ойи мобайнида эса экспорт ҳажмимиз янада ортди.

Хўжалигимиз аъзоларининг 20 нафари “Темир дафтар” ва “Аёллар дафтари”да рўйхатда турадиган хотин-қизлардан иборат эди. Уларни ўзимиз маълум машғулотга йўналтириш орқали иш билан банд қилиб, моддий таъминлаш мақсадида ишга олганмиз. Натижада ушбу опа-сингилларимиз ҳам ўз шароитларини ўнг лаб олишмоқда.

Келгусидаги режаларимиз янада улкан. Боиси, катта марраларни кўзламаган тадбиркор шиддатли замон талабларига жавоб бера олмайди. Астойдил интилиш, илғор ва илдам идрок орқали вилоятимизда эко-туризмни янада яхшилашга ҳисса қўшишда давом этиб, Паркентнинг бренд таомларини тайёрловчи янги тармоқни йўлга қўймоқчимиз. Яна камида 20 киши ишли бўлади. Бу эса ишбилармон аёлларга яратиб берилаётган шароит, қулай муҳит, эркин рақобат таъминланганидан далолат беради, албатта!

Камтарин меҳнатларимни юксак баҳолаб, “Ўзбекистон Конситуциясининг 30 йиллиги эсдалик нишони”, Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан “Илғор фермер” кўкрак нишони, “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги” эсдалик, Ўзбекистон Рес публикаси Президентининг фармойиши билан “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони билан тақдирланганим ҳам фикримнинг ёрқин исботи бўла олади.

O‘zLiDePнинг “Ишбилармон аёл – 2023” кўрик-танловида иштирок этиш баробарида ўзим каби тадбиркор опа-сингилларимиз билан яқиндан танишиб, уларнинг бой тажрибаларини ўрганишга муваффақ бўлдим. Ўзаро фикр алмашиб, ҳамкорлик режаларини туздик. Бу танлов мени бундан кейин ҳам хотин-қизларнинг иш билан бандлигини таъминлаш, уларнинг турмуш шароитларини яхшилашда янада шижоат билан ишлашга ундаётир.

Гавҳар РИЗАЕВА,

“Ишбилармон аёл – 2023” кўрик-танлови ғолиби,

Паркент туманидаги “Заркент Гавҳари” фермер хўжалиги раҳбари

  • Кўрилди
    328
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+