“Ўзбекистон – 2030” стратегияси: хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ишлар изчил давом эттирилади

19.09.2023, 10:23

“Ўзбекистон – 2030” стратегияси: хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ишлар изчил давом эттирилади

Мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётининг барча жабҳаларидаги жараёнларда хотин-қизларнинг иштироки ва фаоллиги тобора ортиб бормоқда. Бу, албатта, юртимизда опа-сингилларимизнинг ўз салоҳиятларини тўлақонли юзага чиқариши учун яратиб берилаётган имкониятлар, имтиёзлар, умуман, уларни қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли ишлар самарасидир. Қолаверса, жамиятимиз ривожида ҳаётимиз гултожи бўлган хотин-қизларнинг маънавий етук, тафаккури кенг, иқтисодий, ҳуқуқий жиҳатдан билимдон ва фаол бўлиши муҳим аҳамият касб этади.

Кейинги йилларда юртимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларни қийнаётган муаммоларни бартараф этиш, гендер тенглигини таъминлаш, турли тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилиш, саломатлигини мустаҳкамлаш, умуман, хотин-қизлар масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Президентимиз, ҳукуматимиз томонидан ана шу йўналишга оид 40 дан ортиқ меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 11 сентябрдаги “Ўзбекистон – 2030” стратегияси тўғрисида”ги фармони ҳамда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини 2023 йилда сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ҳам хотин-қизлар масаласига алоҳида эътибор қаратилган.

Хусусан, Президентимиз фармони ва қарори билан амалга ошириладиган вазифалар доирасида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини кучайтириш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий фаоллигини ошириш, гендер тенгликни таъминлашга жиддий эътибор қаратилгани биз, аёлларни беҳад қувонтирди.

Умуман, кейинги йилларда юртимизда опа-сингилларимизни қўллаб-қувватлашга қаратилган ишларнинг ижобий натижаларини биргина Андижон вилояти мисолида ҳам кўриш мумкин. Бугунги кунда вилоят жами аҳолисининг 1 миллион 635,5 минг нафардан ортиғини хотин-қизлар ташкил этади. Уларнинг 455 минг нафари ёки 28,2 фоизи давлат ва жамият бошқарувида фаолият кўрсатмоқда.

Давлат бошқарувининг турли соҳаларида фаолият олиб бораётган раҳбарлик салоҳияти ва қобилиятига эга 2 минг 350 нафар хотин-қизнинг кадрлар захираси шакллантирилди. Улар орасида корхона, ташкилот, жамоани бошқараётган, ортидан кўплаб опа-сингилларимизни эргаштира оладиган, лидер аёлларимиз ҳам талайгина.

Кўрсатилаётган эътибор самарасида вилоятда хотин-қизлар тадбиркорлиги сезиларли даражада ўсди. Қай бир соҳага қарамайлик, опа-сингилларимизнинг имтиёзли кредит олиб ёки тақдим этилган субсидиялардан фойдаланиб ўз бизнесини йўлга қўяётган, самарали тадбиркорлик фаолиятини олиб бораётганликларига гувоҳ бўламиз. Аёллар тадбиркорлигининг ривожланиши жамиятимизнинг энг оғриқли муаммоларидан бири бўлган ишсизлик масаласини ижобий ҳал этишга ёрдам бермоқда. Кўплаб аёл ва қизларнинг бандлиги таъминланмоқда, улар доимий даромад манбаига эга бўлмоқда.

Бу борада партиямиз томонидан амалга оширилаётган “Бунёдкор аёллар”, “Ишбилармон аёл”, “Фаровон оила”, “Бир депутат – юз аёлга кўмакчи” лойиҳалари доирасида ҳам эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, хотин-қизларни тадбиркорликка жалб этиш, касб-ҳунарга йўналтириш бўйича олиб борилган ишлар натижасида жорий йилнинг ўтган даврида 7 минг нафарга яқин хотин-қиз касб-ҳунарга ўқитилди. Уларнинг аксариятини бандлиги таъминланди. 
Асосий эътибор қуйига, маҳаллаларга қаратилаётгани эса йиллар давомида тўпланиб қолган муаммоларнинг тизимли равишда ечилишига замин бўлмоқда.

Ўтган йили “Аёллар дафтари”га киритилган андижонлик ижтимоий ҳимояга муҳтож, эҳтиёжманд хотин-қизларнинг 99,6 фоизига зарур ёрдамлар кўрсатилди. Уй-жойга муҳтож, эҳтиёжманд 480 нафар хотин-қиз уй-жой билан таъминланди, 570 нафар хотин-қизга турар жой учун ижара компенсацияси тўланди. Шунингдек, 660 нафар хотин-қизнинг уй-жойлари таъмирлаб берилди.

Демак, шунча аёлнинг қалбига ёруғлик инди. Фарзанд, миллат тарбиячиси бўлган шунча аёл қалбида миннатдорчилик, давлатга ишонч, эртанги кунга умид туйғулари янада мустаҳкамланди.

Аёл табиатан курашувчан, оиласи, яқинлари учун ҳар қандай машаққату синовлардан ўтишга қодир зотдир. Аммо аёлнинг ушбу фазилатини суиистеъмол қилмаслик лозим. Аслида ҳамиша ҳимояга, асраб-авайлашга муҳтож аёлни турли камситиш, зўравонликлардан асраш ҳам муҳим масалаларидан бири ҳисобланади. Шу маънода опа-сингилларимизни турли тазйиқ ва зўравонликлардан асраш, ана шундай кўнгилсиз ҳолатларга тушиб қолишининг олдини олиш мақсадида ҳимоя ордерларининг жорий этилгани ҳам ижобий натижалар бермоқда.

Бугунги кунда хотин-қизларимизнинг илм олишга бўлган рағбатини ошириш, уларга имтиёз ва имкониятлар яратиш борасида олиб борилаётган ишлар ҳам қувонарлидир. Аввало, олийгоҳларда хотин-қизлар учун қабул квоталари оширилди. Тўлов-контракт асосида ўқишга кирган ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандлари учун контракт пуллари тўлаб берилмоқда. Бундан ташқари, ана шу тоифадаги оилалар қизларининг олий ўқув юртларига ўқишга кириши учун имтиёзли тавсияномалар берилмоқда. Жумладан, жорий йилда имтиёз берувчи тавсиянома олиш учун 5 мингдан ортиқ мурожаатлар бўлди. Мурожаатчиларнинг 2 минг 250 нафарига имтиёзли тавсияномалар берилди. Ана шу имтиёз асосида 50 нафардан ортиқ эҳтиёжманд оиланинг қизлари давлат гранти асосида олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинганди.

Мухтасар айтганда, мамлакатимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, қонунлар, шунингдек, қатор фармон ва қарорлар ижроси доирасида олиб борилаётган ишлар жамиятда хотин-қизларининг нуфузини ошириш, уларнинг муаммоларини бартараф этиш, ўз ҳаётларидан рози бўлиб яшашини таъминлашга хизмат қилмоқда. Ишонч билан айта оламизки, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан қабул қилинган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида ҳам мазкур йўналишдаги ишлар изчил давом эттирилади.

Хуршидахон Халилова, 

O'zLiDeP Андижон вилояти кенгаши раиси, 

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати. 

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    458
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+