Ҳудудий инвестиция лойиҳаларни жалб қилиш борасидаги ишлар танқидий-таҳлилий муҳокама қилинди

20.09.2023, 17:45

Ҳудудий инвестиция лойиҳаларни жалб қилиш борасидаги ишлар танқидий-таҳлилий муҳокама қилинди

Жорий йилнинг 19 сентябрь куни Халқ депутатлари Гулистон шаҳар Кенгашининг 82-сессияси бўлиб ўтди. Сессия ишида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Спикери ўринбосари Актам Хаитов, парламент қуйи палатаси депутатлари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, шаҳар сектор раҳбарлари, шаҳар ҳокимининг ўринбосарлари, шаҳар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, жамоат ва бошқа ташкилот раҳбарлари иштирок этди.

Сессия кун тартибига иккита асосий масала, хусусан, 2023 йилнинг ўтган даври давомида ҳудудий инвестиция лойиҳаларининг ишга туширилиши, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш ҳамда экспорт прогнозларининг бажарилиши ҳамда 2023-2024 йилларда куз-қиш мавсумига тайёргарлик борасида амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.

Биринчи масала юзасидан Гулистон шаҳар инвестиция ва ташқи савдо бўлими бошлиғи Д.Назарбеков ахборот берди.Таъкидланганидек, Иқтисодиётга инвестиция ва илғор технологиялар фаол жалб этилаётгани натижасида саноат изчил ривожланмоқда.

Хусусан, Гулистон шаҳрида 2023 йилнинг ўтган даври давомида ҳудудий инвестиция дастурига кўра, умумий қиймати 1 трлн, 136 млрд. сўмлик 112 та ҳудудий лойиҳалар ишга туширилиши ва натижада 1823 та иш ўрини яратилиши режалаштирилган. Йил якунига қадар қиймати 828 млрд сўм бўлган 61 та ҳудудий инвестиция лойиҳалари ишга туширилиши ва натижада 1126 та иш ўрини яратилиши режалаштирилган ва бу бўйича доимий мониторинг ишлари амалга оширилмоқда.

Бугунги кунга келиб, лойиҳага доир масъул раҳбарлар томонидан ишлар самарали ташкил этилаётганлиги, йил якуни билан белгиланган вазифалар ўз вақтида ва сифатли бажарилиши таъкидланди.

Гулистон шаҳрида жорий йилда жами жорий йилда 18,8 млн долларлик инвестициялар ўзлаштирилиши белгиланган бўлиб, январь-август ойларида қиймати 21,5 млн. доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кафолатланмаган хорижий кредитлар ўзлаштирилган. Йил якунига қадар жами 31,1 млн доллар қийматида тўғридан тўғри ҳорижий инвестиция ва ҳорижий кредит линиялари маблағлари ўзлаштирилиш режалаштирилган.

Белгиланган экспорт прогноз кўрсаткичлари 13,4 млн долларга ёки 66 фоизга бажарилган бўлиб, 2022 йил мос даврига нисбатан 80 фоизни ташкил этмоқда.

Сессияда муҳокамалар давомида ҳудудда инвестициларни жалб қилиш борасида ишлар тизимли йўлга қўйилмаганлиги, масъуллар томонидан бу борада суст иш олиб борилаётганлиги танқид остига олинди.

Сессияда кун тартибидаги иккинчи масала юзасидан Гулистон шаҳар ҳокими Т.Дадабаев хисоботи эшитилди.

Ҳисоботга кўра, Гулистон шаҳрда 2023-2024-йилларда куз-қиш мавсумига тайёргарлик борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Унга кўра, куз-қиш мавсумини беталофат ўтказиш бўйича ишчи гуруҳлар тузилиб, шаҳар штаби ташкил қилинган. Ҳозирги кунда фуқаролардан келган мурожаатлар тезкорлик билан ўрниб бориляпти.

Гулистон шаҳрида жами 398 та кўп қаватли уйлар бўлиб, унда 11 311 та хонадон мавжуд. Ушбу хонадонларга 11 та “Бошқарув Сервис Компаниялари” ва 1 та хусусий уй-жой мулкдорларии ширкати хизмат кўрсатиб келмоқда. Барча ширкатларда 24 соатлик хизмат кўрсатувчи авария-диспетчерлик хизматлари фаолияти йўлга қўйилган.

Гулистон шаҳрида куз-қиш дастури асосида жами 24 та кўп қаватли уйларни жами 2,2 млрд. сўм маблағ ҳисобига таъмирлаш ишлари амалга оширилган.

Гулистон шаҳрида 191,8 км электр тармоқлари ва 92 дона трансформатор пунктлари таъмирлаш режалаштирилган. Шундан 77,8 км электр тармоқлари ва 30 дона ТПни мукаммал таъмирлаш режасига тушган бўлиб 70 км электр тармоқлари ва 24 дона ТП мукаммал таъмирланган.

Шунингдек, “Гулистоншаҳаргаз” газ таъминоти бўлими тасарруфида жами 446 дона ГТҚлар бўлиб, ҳозирги кунга келиб амалда 281 дона (63.0%) газ тақсимлаш пунктлари назорат кўригидан ўтказилган. “Улуғ йўл”, “Бўстон”, “Улуғобод”, “Бахт”,“Сайқал”, “Намуна”, “Навбахор”, “Боғишамол” маҳалла фуқаролар йиғинларида носоз марказий ичимлик сув тармоқлари йил давомида таъмирланиб, янгитдан алмаштирилган.

Бундан ташқар аҳоли хонадонларидаги, шу жумладан, кўп квартирали уйлардаги электр, газ ва иссиқлик таъминоти воситалари, иситиш қозонлари, дудбўронлар ва вентиляция тизимларининг ҳолатини техник кўрикдан ўтказиш, фуқароларнинг ис газидан заҳарланишини олдини олиш мақсадида масъул ташкилотлар вакилларидан таркиб топган тарғибот гуруҳи тузилган.

Муҳокамалар давомида депутатлар томонидан муҳим масалардан бири сифатида куз-қиш мавсумида электр энергиясини ишлаб чиқариш барқарорлигини сақлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Шу боисдан, шаҳар ҳокими ўринбосари А.Камилов раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ қўшимча ишлаб чиқаришни ҳисобга олган ҳолда, ҳудудларнинг ойма-ой энергия балансини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди. Саноат корхоналарини олдиндан хабардор қилмасдан туриб, электр таъминотидан узиш мумкин эмаслиги қатъий кўрсатиб ўтилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари А.Хаитов сессия кун тартибига киритилган масалалар юзасидан ўз фикр ва мулоҳазаларини билдириб, соҳада йўл қўйилган хато ва камчиликларга тўхталиб ўтди.

Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг Фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон — 2030” стратегияси ҳамда “Ўзбекистон — 2030” стратегиясини 2023 йилда сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорнинг аҳамияти, мазмун-моҳияти, унда белгиланган устувор вазифалар тушунтириб ўтилди.

Сессия кун тартибидаги масалалар юзасидан депутатларнинг саволларига мутасадди ходимларнинг жавоблари тингланди, соҳада йўл қўйилган ҳамда аниқланган камчиликлар юзасидан муҳокамалар олиб борилди, уларни бартараф этиш юзасидан сессиянинг тегишли қарори қабул қилинди.

  • Кўрилди
    264
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+