Хусусий университетнинг талаба-ёшларига муҳим стратегик ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти тушунтирилди

28.09.2023, 12:01

Хусусий университетнинг талаба-ёшларига муҳим стратегик ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти тушунтирилди

2021-2022 ўқув йилидан бошлаб фаолияти йўлга қўйилган Бухоро психология ва хорижий тилларга ихтисослашган хусусий университетда O’zLiDePнинг “Янги авлод кадрлари” лойиҳаси доирасида давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирда сўз олган партия вилоят Кенгаши бўлим мудири Робия Салихова мазкур лойиҳадан кўзланган мақсад – партия иш фаолиятида кадрлар захирасини шакллантириш ва уларнинг малакасини ошириш, партиявий фаолиятда изчил иш юрита оладиган муносиб кадрларни танлаш, ёшлар онгида ватанпарварлик ғояларини шакллантириш, сиёсий фаоллигини оширишдан иборат эканлигини таъкидлаб ўтди.

Давра суҳбати иштирокчилари диққат-эътиборига давлатимиз раҳбарининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 78-сессиясидаги нутқи, унда илгари сурилган долзарб вазифалар, айниқса ёшлар сиёсатига оид энг муҳим йўналишлар ҳавола этилди.

Чиндан ҳам, аҳолисининг деярли ярми ёш авлод вакилларидан иборат бўлган Марказий Осиё учун ёшлар ва уларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш масаласи айниқса долзарб аҳамиятга эга. Шу боис Ўзбекистон БМТ ва унинг ихтисослашган тузилмалари билан самарали ҳамкорликни ўрнатиш, бошқа минтақаларнинг илғор тажриба ва ютуқларини ўрганишдан манфаатдордир.

Шу боис, Президентимиз тавсиясига биноан БМТ ҳузурида Марказий Осиё ёшларини ривожлантиришга кўмаклашиш бўйича ишчи гуруҳнинг  ташкил этиладиган ва унинг доирасида “Марказий Осиё ёшларининг кун тартиби – 2030” дастури ишлаб чиқиладиган бўлди.

Тадбир иштирокчилари, шунингдек, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг мазмун-моҳияти билан ҳам яқиндан таништирилдилар. Бу ҳақда сўз юритган партия Когон туман Кенгаши аппарати раҳбари, маҳаллий Кенгаш депутати Ш.Бўронов ушбу муҳим ҳужжат бешта устувор йўналиш бўйича 100 та муҳим мақсадни ўз ичига қамраб олганлигини, Янги Ўзбекистон кенг иқтисодий имкониятлар мамлакати эканлигини, уни шакллантириш жараёнида мамлакатимиз ёшларини етук, дунёқараши кенг, билимдон қилиб тарбиялаш муҳим вазифа сифатида белгилаб олинганлигини, талаба-ёшларнинг пухта билим олиши, ўз танлаган соҳасининг малакали мутахассиси бўлиб етишишини таъминлаш мақсадида юртимизда кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлигини қайд этди.

Тадбир иштирокчиларини қизиқтирган саволларга ташкилотчилар томонидан батафсил жавоблар қайтарилди. Тадбир доирасида O’zLiDeP нинг дастурий ғоя ва мақсадлари билан танишган бир гуруҳ ёшлар партия сафига қабул қилиндилар.

  • Кўрилди
    292
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+