У кунларни унутиб бўладими?

26.10.2023, 16:53

У кунларни унутиб бўладими?

Ҳар гал оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқларда ҳаётнинг аччиқ-чучугини тотиган кекса, дуогўй инсонларнинг ибратли умр йўллари, ҳавас қилса арзигулик ҳалол меҳнати фаолияти ҳақидаги чиқишлар билан танишганимда қалбимда беихтиёр шукроналик туйғулари жўш уради. Нега десангиз, фахрийлар, бой тажрибага эга юртдошларимиз орасида мустақилликнинг иккинчи ўн йиллигида мамлакатимиз сиёсий майдонига дадил қадам, халқчил ташаббус ва ғоялар билан кириб келган Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясини тузиш, ташкил этишда фидойилик кўрсатган инсонлар бизнинг вилоятимизда ҳам жуда кўп.

Ҳозир ҳам кўз олдимда турибди: O‘zLiDePнинг 2003 йилда ўтказилган таъсис съездида бухоролик фаоллардан Мансур Зокиров, Фармон Аминов, Раъно Раҳимова, Бахшулло Жумаев, Ориф Қодиров, Замира Жўраева билан бирга қатнашганмиз. Тарихий анжуманда юртимизнинг турли бурчакларидан келган неча юзлаб маслакдошларимиз билан бамаслаҳат ҳолда фикрлашганмиз, ҳаётий таклифларимизни юксак минбарда туриб дадил айтганмиз. Аввало, юртимизнинг иқтисодий тараққий этиши, халқимиз фаровонлиги йўлида хайрли ишларни амалга ошираётган тадбиркорларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишдек масъулиятли вазифаларни зиммасига олишга чоғланган қалдирғоч сиёсий кучнинг илк аъзолари эканлигимиздан фахрланганмиз.

Қарангки, орадан йигирма ёшли оловқалб, навқирон йигитнинг умричалик йиллар ўтяпти. Демак, бизлар мансуб бўлган бу партия ҳам айни куч-қувват, қудратга тўлган паллага етди. Шу давр оралиғида O‘zLiDePдан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий кенгашларга сайланган халқ вакиллари – депутатларимиз ташаббуси билан халқимиз ва мамлакатимиз тақдири, истиқболига оид қанчалаб қонун лойиҳалари ишлаб чиқилди, давлатимиз раҳбари ва ҳукуматимиз томонидан қабул қилинган фармон ва қарорлар ижросини таъминлаш борасидаги ибратли саъй-ҳаракатлар ва самарадор ютуқларни қувонч билан санаб ўтиш лозим.

Табиийки, биринчи сафдагиларга ҳар доим осон бўлмаган. Демоқчиманки, дастлаб биз ҳам энди атак-чечак бўлаётган сиёсий ҳаракатнинг шаклланиши, аъзоларни жалб этиш, ташкилий ишларни уюштириш орқали жамоатчилик ўртасида кенг тарғибот олиб борганмиз. Лекин бирор киши қийналяпмиз деб нолимаган. Шукрки, ҳаммаси ортда қолди. Ва бугун фахр билан айта оламизки, электоратимиз вакиллари биздан ҳамиша рози.

Бугунги кунда партиянинг Бухоро вилояти кенгаши ҳузуридаги 14 нафар нуронийлардан иборат фахрийлар кенгаши аъзолари барча ишларда бошқаларга ибрат намунасини кўрсатишяпти. Масалан, мамлакатимизда “Бир нуроний – 10 ёшга масъул” тамойилини кенг татбиқ ва ташвиқ этиш, шунингдек, юртимизда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бошланган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги ишларни ташкиллаштиришда фаол бўлишга интилишяпти. Ва вилоятимизнинг барча ҳудудларида партиявий лойиҳаларни амалга оширишда ҳам фаол ва қолаверса, яқин маслаҳатгўй сифатида фаолият олиб боришга ҳаракат қиляпмиз.

Мен ҳам севимли газетамиз томонидан қадрдон партиямизнинг йигирма йиллик айёмига бағишлаб тайёрланаётган ўқишли мақолалар, унутилмас хотиралардан руҳланган ҳолда, барча юртдошларимизни ушбу байрамни муносиб нишонлашга даъват этаман!

Беҳбуд ЖУМАЕВ,

O‘zLiDeP Бухоро вилоят кенгаши ҳузуридаги Фахрийлар кенгаши раиси,

“Эл-юрт ҳурмати” ҳамда “Дўстлик” орденлари соҳиби

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    252
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+