Тер тўкиб сочсанг уруғ, ер сени қўймас қуруқ

03.11.2023, 16:25

Тер тўкиб сочсанг уруғ, ер сени қўймас қуруқ

Шу кунларда барча ҳудудларда боғ ва токзорлар ораларига тўқсонбости экинларни экиш ишлар жадаллик билан давом этяпти. Тажрибали деҳқонлар фаолияти оммалаштирилиб, улар иштирокида турли семинарлар ташкил қилинмоқда.

O'zLiDeP раҳбари Актам Хаитов Наманган вилоятида мавсумий экинларни экиш ишлари билан танишяпти. Хусусан, Наманган туманидаги  “Ўзбекистон ММТП ҳудудида қирқ гектар майдонда “Ғалаба” боғи барпо этиб, айни кунларда кўчатлар орасига қулупнай, саримсоқпиёз каби сабзавот экинларини экиш, уларни парвариш қилиш ишлари билан танишилди.

Партия етакчиси миришкорлар билан суҳбатлашиш жараёнида уларга боғлар орасига экилган экинларни парваришлаш юзасидан ўз тавсияларини берди.

Тўрақўрғонликлар азалдан таъми тилни ёрадиган узумлари, гилослари билан ном қозонган. “Соҳилобод” МФЙ ҳудудидаги токзорларда етиштирилаётган сархил узумлар ҳам бозорларимизни, халқимиз дастурхонини тўкин-сочин қилмоқда. Бу ерда тўпланган илғор тажрибаларни оммалаштириш мақсадида тумандаги боғдорчиликка ихтисослашган фермер, деҳқон хўжаликлари, томорқачилар вакиллари учун кўргазмали семинар ташкил этилди. Унда Ахтам Хаитов иштирок этиб, токзорлар орасига экиладиган исмалоқ, қулпнай ва яна бошқа ўттиз турдаги сабзавот маҳсулотлари кўчатларини экиш юзасидан тавсия ва маслаҳатларини берди. Шунингдек, семинарда деҳқон ва фермер хўжаликлари учун яратилган имкониятлар, имтиёзлар, кредитлар ажратилиши ҳақида маълумотлар берилди.

Чустликлар нафақат дўпписи, пичоғи, балки мева-сабзавотлари билан ҳам обрў қозонишган. Партия раҳбари тумандаги олма етиштиришга ихтисослашган фермер хўжалигида бўлиб ўтган мулоқотида ана шу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратди. Олма кўчатлари орасига экилган  редиска, лавлаги, саримсоқ пиёз каби сабзавотлар парвариши билан қизиқди. Боғбон ва деҳқонларга бу борада ўзининг қимматли маслаҳат ва тавсияларини берди.

Қишлоқ хўжалигига хизмат кўрсатувчи ташкилотлар вакиллари, фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирокида ўтказилган йиғилиш ҳам амалий тусда кечди.

Унда вилоятда боғ-токзор қатор ораларига тўқсонбости  ва озиқ-овқат маҳсулотларини экиш ишларининг бориши муҳокама қилинди. Қиш ва баҳор мавсумида бозорларда озиқ-овқат маҳсулотлари савдосини узлуксиз давом этттириш, нарх-наво барқарорлигини сақлаш, экспортбоп маҳсулотлар етиштириш мақсадида боғ-ток қатор ораларига пиёз ва саримсоқпиёз ҳамда “тўқсонбости” усулида сабзавот экинларини экиш, агротехника тадбирларини ўз муддатларида ўтказиш ҳамда уларга талаб этиладиган моддий-техника ресурсларини етказиб  бериш бўйича вазифалар белгиланди.

  • Кўрилди
    297
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+