Талабалар турар жойи яқинида арзонлаштирилган савдо шоҳобчаси ташкил қилиш таклифи билдирилди

23.11.2023, 18:51

Талабалар турар жойи яқинида арзонлаштирилган савдо шоҳобчаси ташкил қилиш таклифи билдирилди

Сўнгги йилларда қабул квоталарининг оширилгани натижасида олий таълим муассасаларидаги талабалар сони деярли икки баробарга кўпайди. Қабул квоталарининг оширилишига мос равишда олий таълим муассасаларининг моддий-техник базасини яхшилаш, кенгайтириш, юқори малакали профессор-ўқитувчилар билан таъминлаш, талабалар турар жойлари қурилиш ишларини йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ бўлади.

Хусусан, “Ўзбекистон-2030” стратегиясининг 8-мақсадида Олий таълим муассасалари ташкилий бошқарув фаолиятини такомиллаштириш, уларнинг моддий-техник таъминотини мустаҳкамлаш, қўшимча 120 минг ўринли ўқув бинолари ҳамда 150 минг ўринли талабалар турар жойлари келгуси 7 йилликда қуриш белгиланган.

O'zLiDeP Хоразм вилоят Кенгаши бир гуруҳ депутатлари, “Ёшлар парламенти” аъзолари, маҳалла фуқаролар йиғини раисларидан иборат бир гуруҳ вакиллар Урганч давлат университетига қарашли талабалар турар жойларидаги мавжуд ҳолатни яқиндан ўрганишди.

Университет тасарруфида ҳозирги кунда 7 та талабалар турар жойи фаолият кўрсатиб, умумий 3 минг 400 дан ортиқ ўринни ташкил қилади.  Талабалар турар жойи фаолиятига оид меъёрий ҳужжатлар асосида унивеситетнинг ички меъёрий–ҳуқуқий ҳужжатлари ишлаб чиқиб тасдиқланган.  Жумладан, талабалар турар жойи низоми, эълонлар бурчаги, талабалар рўйҳати, ёнғин хавфсизлиги бурчаги мавжуд.

Талабаларнинг яшаши, ўз устида мустақил ишлаши, дам олиши учун шароитлар яратилган. Талабалар учун Президентимиз илгари сурган бешта муҳим ташаббус бўйича бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун  санъат, спорт, компютер технологиялари, китобхонлик ва тикувчилик хоналар мавжуд.  Ёшлар учун  инглиз тилини ўрганиш, “Мусаввирлик”, “Тикувчилик ва тўқувчилик”  тўгараклари ташкил қилинган. “Маънавият ва маърифат” хоналари, ўқув заллари ташкил қилиниб, улар зарурий жиҳозлар билан таъминланган.

Ўрганишлар давомида депутатлар томонидан талабалар турар жойида имконияти чекланган, ногирон талабаларга яратилган шароитлар билан ҳам танишишди. Имконияти чекланган талабаларга кундалик ишларда ёрдам берадиган фаоллар бириктириб қўйилган.

Депутатлар мавжуд шарт-шароитларга қўшимча равишда талабалар турар жойидаги моддий-техник базани янада бойитиш, ёшларнинг талабалар  турар-жойига бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида қўшимча бинолар қуриш билан боғлиқ масалалар бўйича ўз таклифларини билдиришди.  

Шунингдек, Депутатлар талабаларга тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини ошириш ва олий таълим муассасаси олдидаги автотранспортлар харакатланадиган катта йўлдан пиёдалар кесиб ўтиш учун туннель ёки пиёдалар ўтиш кўприги қуриш таклифини билдирди.

Бир гуруҳ талабалар эса талабалар турар жойи яқинида арзонлаштирилган озиқ-овқат маҳсулотлари савдо шоҳобчаси ташкил қилиб бериш таклифини билдирди.

Cевара Рўзметова

O’zLiDeP Хоразм вилояти Кенгаши

Ёшлар ва бизнес тузилмалар билан ишлаш бўлими мудири

  • Кўрилди
    381
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+