Ёшларга бўлган эътибор янги даражага кўтарилади

04.01.2024, 11:38

Ёшларга бўлган эътибор янги даражага кўтарилади

Мустақиллик йилларида ҳаётимизда кўплаб хайрли анъаналар ўрин олди. Улардан бири – бошланаётган йилга олдимизда турган устивор вазифалардан келиб чиққан ҳолда ном берилмоқда. Энг муҳими, ушбу мақомга ҳам оҳанг равишда пухта ўйланган, ҳуқуқий ва молиявий асосланган ҳолда давлат дастури қабул қилиниб, ижроси таъминланмоқда. Айнан шунинг учун ҳам кўпчилик йил охиридаги сарҳисоб онларида келгуси йилнинг қандай аталашини интиқиб кутадиган бўлди.

“Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб номланган 2023 йил мамлакатимиз солномасига зарҳал ҳарфлар билан ёзиладиган воқеа, ҳодисаларга бой бўлди. Тарихимизда биринчи марта умумхалқ референдуми асосида янгиланган Конституциямиз қабул қилинди. Келгуси тараққиётимизни белгилаб берадиган дастуриламал ҳужжат – “Ўзбекистон – 2030” стратегияси қабул қилиниб,  ижросини таъминлашга киришилди.

Давлатимиз раҳбари халқимизга йўллаган Янги йил табригида 2024 йилни мамлакатимизда “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”, деб эълон қилди ва  хайрли ишларимиз бу йилда ҳам изчиллик билан давом эттирилиши, инсон қадрини улуғлаш, аҳоли манфаатларини таъминлаш, бунинг учун кучли иқтисодиёт барпо этиш асосий вазифа бўлиб қолишини таъкидлади.  Бундай номланиш халқимизни, айниқса, аҳолининг кўпчилик қисмини ташкил қилувчи ёшларимизни беҳад қувонтириб юборди. Аслида-ку, мамлакатимизда ёшларга эътибор, аллақачон  давлат сиёсати даражасига кўтарилган.

Бугун озод ва обод Ватанимизнинг муносиб ворислари бўлмиш йигит-қизларимизга билим олиш, меҳнат қилиш, ўзлари танлаган соҳа сир-асрорларини мукаммал эгаллаш, иқтидорларини намоён қилишлари учун барча шароит яратилган. Демак, бу борадаги ишлар келгуси йилда сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилади.

Айни пайтда Жиззах вилоятида 1,5 миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат қилмоқда. Бутун республикамизда бўлгани каби, уларнинг 60 фоиздан кўпроғини айнан 30 ёшгача бўлган йигит-қизлар ташкил қилади. Қувонарлиси, “Ватан менга нима берди, деб эмас, балки мен Ватанга нима бердим?!”, деб яшайдиган издошларимиз сафи кўпайиб бормоқда. Буни уларнинг фан, спорт, санъат, адабиёт соҳаларидагина эмас, балки инновация, ахборот технологиялари каби йўналишларда ҳам юксак натижалар қайд этаётганида  кўрсак бўлади.

Эътиборли томони, бу жараёнда O‘zLiDeP Жиззах вилоят кенгаши “Ёшлар қаноти” гуруҳи аъзоларининг ҳам муносиб ўрни бор. Вилоятда маслакдош ёшлар 54 270 нафарни ташкил қилади, хусусий тадбиркорлар ҳам талайгина. Улар  партиянинг сайловолди дастури, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида илгари сурилган мақсад ва вазифаларнинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш, ижросини  таъминлаш чораларини кўрибгина қолмай, шахсий фаолият ва хулқи билан ҳам ўзгаларга ибрат бўлмоқда, янги иш ўринлари яратмоқда.

Юртбошимизнинг эътибор, ғамхўрлигига жавобан ёшларимиз ҳам бутун куч ва имкониятларини жонажон Ватанимизнинг гуллаб яшнашига сарф қилишларига ишонамиз. Янги йилда фаол йигит-қизлар сафи янада кенгаяверсин.

Самандар ИСЛОМОВ,

“Самандар ширинликлари”

оилавий корхонаси раҳбари,

“Келажак бунёдкори” медали соҳиби

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    192
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+