Билимдон ва иқтидорли ёшлар Ватан эгаларидир

04.01.2024, 12:26

Билимдон ва  иқтидорли ёшлар Ватан эгаларидир

Президентимиз томонидан 2024 йил мамлакатимизда “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилиниши янги ҳаётни, Янги Ўзбекистонни барпо этиш учун бор куч ва имкониятлар тўлиқ сафарбар этилаётганининг яна бир тасдиғидир. Жорий йилда инсон қадрини улуғлаш, аҳоли манфаатларини таъминлаш, кучли иқтисодиётни шакллантириш  асосий вазифа сифатида эътироф этилмоқда.  

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, ёшларнинг сифатли таълим ва тарбия олиб, баркамол инсонлар бўлиб улғайишлари, уларнинг ташаббус ва ғоя ларини  қўллаб-қувватлаш, халқаро майдонларда истеъдод ва маҳоратини намоён этиб, Ватанимизни дунёга танитишига кўмаклашишга алоҳида аҳамият қаратилади.

Партия дастурий мақсадларини тенгқурларим ўртасида тарғиб қилиш асносида англаб етдимки, уйда ўтирган, ишсиз ёшлар, афсуски, орамизда кам эмас. Уларнинг бандлигини таъминлаш борасида тинимсиз изландим. Партиявий лойиҳаларда қатнашиб, соҳадаги янгиликлардан бохабар бўлгач, тадбиркор бўлишга аҳд қилдим.  Фаолиятимни йўлга қўйишда менга партия лойиҳалари яқиндан ёрдам берганини эътироф этишим лозим. Чунки кўрик-танловларда кузатувчи сифатида қатнашиб, воҳанинг таниқли ишбилармонлари билан танишиб, билим ва тажрибамни оширдим. Ниҳоят, 2010 йилга келиб қалбдаги орзуларим ижобат бўлди. Яккабоғ туманидаги “SITORA IMKON PLYUS” нодавлат таълим муассасасига асос солдим. Дастлабки йилларда чеккан азобларимни айтсам, ҳеч ким ишонмайди. У пайтлар тадбиркор учун бугунги кундагидек имтиёз ва эркинликлар йўқ эди-да. Қийналган кезларимда партиямиз доимо кўмак берди, ҳимоя қилди.

Ўтган ўн тўрт йил мобайнида нодавлат таълим муассасамизда 21 мингдан ортиқ ёшлар 18 дан ортиқ йўналишлар бўйича тадбиркорликка оид касбий малакаларини ошириб, туманимиз, вилоят ва республикамизнинг турли ҳудудларида хизмат кўрсатиш соҳасида ўз фаолиятини йўлга қўйишди. Воҳада кадрлар малакасини ошириш, қайта тайёрлаш орқали ёш қизларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида энг чекка қишлоқларда яшовчиларга тикувчилик, каштачилик, зардўзлик, тўқувчилик, пазандачилик, уй ҳамшираси, компьютер саводхонлиги, замонавий пардалар тикиш, гиламчилик, сартарошлик ва шунга ўхшаш бир қанча касб-ҳунарларни ўргатиб келмоқдаман. Кам даромадли оила аъзолари, имконияти чекланган, боқувчисини йўқотган ёшларга бепул касб-ҳунар ўргатишни йўлга қўйганмиз. Кейинчалик  “Аслзода” гўзаллик салони ва тикув цехи ташкил этиб, 36 нафар ёшни доимий иш билан таъминладим. Уларнинг ҳаётига мазмун киритганим, эртанги кунига иштиёқ уйғота олганимдан беҳад бахтиёрман. 

Яккабоғ туманида яшовчи “Аёллар дафтари”га киритилган 100 нафар,   “Ёшлар дафтари”га киритилган 200 нафар ишсиз фуқарога касб-ҳунар ўргатдик. Муассасамизда “Аёллар дафтари”даги 15 нафар, “Ёшлар дафтари”даги 5 нафар ёш доимий иш билан таъминланган.

Халқ депутатлари Яккабоғ тумани кенгаши депутати сифатида  сайлов округидаги фуқароларнинг мурожаатлари асосида ҳудуддаги  муаммоларни ижобий ҳал этиш борасида амалий ишлар қилмоқдаман.

“Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” янада самарали ва манфаатли,  Ўзбекистонимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги обрў-эътиборини янада юксалтириш, тинчлик ва барқарорлик, миллатлар ва динлараро тотувликни таъминлаш, ҳар бир инсон жамиятимиз ва давлатимизнинг меҳри ва ардоғида бўладиган йил бўлади. Ишонаманки, унга ҳамоҳанг тарзда партиямизнинг ҳаётбахш дастурлари юрт равнақи, эл фаровонлигига хизмат қилаверади.

Наргиза САЛОМОВА,

Яккабоғ туманидаги “SITORA IMKON PLYUS”

нодавлат таълим муассасаси раҳбари, туман кенгаши депутати

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    232
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+