Сув ресурсларидан оқилона фойдаланишда қандай чоралар кўриляпти?

06.01.2024, 09:37

Сув ресурсларидан оқилона фойдаланишда  қандай чоралар кўриляпти?

Сув — оби ҳаёт, тириклик манбаи, поклик, мусаффолик рамзи. Унинг қиймати дунё глобаллашуви жараёнида янада яққол намоён бўлмоқда. Демак, уни асраб-авайлаш, ҳар томчисидан унумли ва тежаб фойдаланиш барчамизнинг бурчимиздир.

Айни чоғда сувга бўлган талаб ва эҳтиёж ҳар қачонгидан тобора ортиб бормоқда. Натижада бутун дунёда сув танқислиги кузатиляпти. Ушбу долзарб масала Марказий Осиё минтақасини ҳам четлаб ўтгани йўқ. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, 2050 йилгача сув ресурслари Сирдарё ҳавзасида 5 фоизгача, Aмударё ҳавзасида 15 фоизгача камайиши кутилмоқда.

Мамлакатимизда сув хўжалигини ривожлантириш, сувдан оқилона фойдаланиш, бебаҳо бойлигимизни қадрлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани сабаби ҳам шунда. Хусусан, сўнгги йилларда 472 минг гектар ер томчилатиб ва 48 минг гектари ёмғирлатиб суғоришга ўтказилди. 97 минг гектарда бошқа сув тежовчи технологиялар жорий қилинган бўлса, 649 минг гектар ер лазерли текисланди.

Амалга оширилган ишлар натижасида биргина 2023 йилда 2 миллиард куб метр сув тежалган. Мисол учун, бу Бухоро вилоятининг бир йиллик сув сарфига тенгдир. Демак, бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтириш, сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича зарур чоралар кўриш лозим. Фақат шундагина ўз олдимизга қўйган аниқ мақсадларга эриша оламиз.

Лекин бу кўламни янада кенгайтириш ҳаракатларига тизимдаги айрим муаммолар халал бермоқда. Масалан, туман ирригация бўлимларининг ваколатлари хўжаликлараро каналлар билан чекланган. Сув етказиш хизматлари самарали молиялаштирилмаган. Тежамкор ускуналар ўрнатиш учун тижорат банклари томонидан ажратилаётган кредитлар фермерларга жозибали эмас.

Шу жиҳатдан, давлатимиз раҳбарининг топшириғига асосан, қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди. Бу борада туман ирригация бўлимлари ва махсус хизматлар негизида “Сув етказиб бериш хизматлари” давлат муассасалари ташкил қилиниши айни муддао бўлади.

Уларни экскаватор ва бошқа техникалар билан таъминланиши эса шубҳасиз, суғориш тармоқларига хизмат кўрсатиш ишларини 2 баробарга арзонлаштиришга, келгусида сув тежовчи технологияларни жорий қилган майдонлар кўламини сезиларли даражада ошишига имкон беради.

Куни кеча Президентимиз қишлоқ хўжалигида сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга қаратилган таклифлар тақдимоти билан танишиш чоғида ушбу масалаларга алоҳида эътибор қаратиб, бу борада мутасаддилар олдига аниқ вазифалар қўйди.

Тан олиш керак, бугунги кунда кўпчиликнинг онгида “сув – текин” деган тушунча ўрнашиб қолган. Энди сув текин эмас, деган ғояни аҳолига чуқур сингдириш вақти келди, деб ўйлайман. Жорий йилдан далагача етказилган 1 куб метр сув учун солиқ 100 сўм этиб белгилангани эса аҳолини сувдан самарали фойдаланиши ва бебаҳо бойлигимизни асраб-авайлашимизга туртки бўлади.

Мураккаб иқлим шароитида Ўзбекистон учун сувни тежаб ишлатиш масаласи доимо долзарб аҳамиятга эга бўлиб келган. Лекин айрим ҳудудларда сувдан мақсадсиз фойдаланиш ҳолатлари учраб тураётган эди. Масалан, сайловчилар билан мулоқотларимиз чоғида фермер хўжаликлари фаолиятларини ўрганганимизда сувдан самарасиз фойдаланиш ҳолатларига гувоҳ бўлар эдик. Шу маънода, 2025 йилдан бошлаб, далада сув ҳисоблагич ўрнатган ва тежамкор технологияларни қўллайдиган фермерлар учун солиқ коэффициенти камайтирилиши, аксинча ҳолатларда эса оширилиши жуда тўғри бўлди.

Йиғилишда сув тежовчи технологияларни жорий қилиш жозибадорлигини ошириш чоралари ҳам кўриб чиқилди. Бунинг учун имтиёзли кредит линияси ташкил қилинмоқда. Хусусан, кредитлар 2 йиллик имтиёзли давр билан 5 йил муддатга 14 фоизлик ставкада ажратилади.

Ушбу жараёнда кредитлар “онлайн” ажратилиши йўлга қўйилиши ҳам энг тўғри йўлдир. Бу борада Агробанк томонидан “Suvkredit.uz” тизими ишлаб чиқилган. Яна бир муҳим томони, энди пудратчиларга сув тежовчи технологияларни фақат ишчи лойиҳа асосида қуриш, ўрнатилган тизимларга камида 2 йиллик кафолат бериш ва камида 5 йиллик сервис хизмати кўрсатиш каби қўшимча мажбуриятлар юклатилмоқда. Бу талабларни бажармайдиган пудратчилар тизимга киритилмайди.

Бугунги кунда сув тежовчи тизим жорий қилинган ҳар бир гектар учун 8 миллион сўм миқдорида субсидия берилиши ҳаммамизга яхши маълум. Ҳозирги кунга қадар бу маблағнинг 50 фоизи технология ўрнатилган йилда, қолгани келгуси йили унинг ишлатилишига қараб тўланар эди. Энди бу борада ҳам қулайлик яратилиб, барча субсидия маблағларини ўша йилнинг ўзида тўлаб бериш белгиланмоқда.

Ўзбекистон сув тежовчи технологияларни жорий қилиш бўйича Марказий Осиёда биринчи, МДҲ давлатлари орасида иккинчи, Осиёда тўртинчи ва дунёда 13-ўринда экани эътиборга моликдир. Зеро, сувни тежовчи технологияларни кенг жорий этиш нафақат сув сарфини камайтириш имконини беради, балки яшил иқтисодиётга ўтишнинг муҳим элементига айланади.

Умуман олганда, сувни тежаш мамлакатга иқлим ўзгаришига мослашиш ва ичимлик сувининг камайиши, ёнғин ва қурғоқчилик хавфининг ошиши каби салбий таъсирни юмшатишда муҳим омил бўлади. Шундай экан, аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини сифатли сув билан тўлиқ таъминлашни истар эканмиз, аҳолининг ҳам, тадбиркорлик субъектларининг ҳам сувдан фойдаланиш маданиятини юксалтиришга эришишимиз керак.

 Одинахон ОТАХОНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг

Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси аъзоси

  • Кўрилди
    352
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+