Сув иқлим ва иқтисодиётимиз барқарорлиги асоси

19.01.2024, 16:13

Сув иқлим ва иқтисодиётимиз барқарорлиги асоси

Сув - бизга ҳаёт улашадиган, сайёрамиз иқлими ва мамлакатимиз иқтисодиёти барқарорлигини таъминлайдиган олтинга тенг маъдандир.  Мамлакатимизда аҳоли сонининг ўсиши, фермер, деҳқон хўжаликларининг кўпайиши, иқтисодиёт тармоқларининг кенгайиши туфайли сув исрофгарчилигини олдини олиш, ундан тежамли фойдаланиш долзарб вазифага айланди. Табиат томонидан тириклик оламига туҳфа этилган бебаҳо неъмат ҳисобланган сув заҳиралари йилдан-йилга камайиб бормоқда. Бир неча йилдан буён саҳроланиш давом этаётганлиги боис мамлакатимизда мавжуд сув ресурсларидан максимал даража фойдаланишга мажбур бўлаяпмиз.

Президентимизнинг жорий йил 5 январдаги “Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора – тадбирлари тўғрисида”ги қарорида аҳолининг сувдан фойдаланиш маданиятини юксалтириш, сув текин деган тушунчадан воз кечиш, сувни тежайдиган технологияларини ўрнатган ҳолда сувдан тежамли ва оқилона фойдаланиш борасида устувор вазифалар белгилаб берилди. 

Сув хўжалиги ташкилотлари томонидан қишлоқ хўжалик маҳсулотлари  ишлаб чиқарувчиларига сув етказиб бериш хизматлари учун тўловлар бекор қилиниб, махсус хизматлар ва туман ирригация бўлимлари негизида “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасалари ташкил этилади. Барча харажатлари сув солиғининг 40 фоизи ҳисобига молиялаштириладиган мазкур хизматлар белгиланган лимитлар асосида истеъмолчиларга сув етказиб бериш, ўз ҳудудида сувнинг ҳисоби ва ҳисоботини юритишни рақамлаштириш, суғориш тармоқлари ва улардан гидротехника иншоатларини соз ҳолатда сақлаш, таъмирлаш-тиклаш тадбирларини амалга ошириш, сув олиш жойларини сувни бошқариш ва ҳисобга олиш воситалари билан жиҳозлаш, сув мониторинги,  истеъмол қилинган сув ҳажми тўғрисидаги маълумотларни солиқ органларига тақдим этиб бориш ишлари билан шуғулланади.

Ўзбекистон Республикасининг “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2024 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунининг 4-моддаси 38-бандига асосан қишлоқ хўжалик ерларини суғориш ва балиқларни етиштириш учун фойдаланадиган сув ҳажми, шу жумладан деҳқон хўжаликлари ва қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларга эга бўлган жисмоний шахслар учун сув ресурсларидан фойдаланганлик учун сув солиғи ставкаси 1 куб метр учун 100 сўм этиб белгиланди. Бундан буён ҳар йили 1 апрелга қадар вегетация даври учун ҳамда 1 октябрга қадар куз-қиш даври учун якуний истеъмолчилар кесимида экинларни суғориш учун сув олиш лимитлари халқ депутатлари туман кенгашлари томонидан тақдиқланади. Истеъмол қилинган сув миқдори ҳисобини юритмаган ва юритишни истамаган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари учун сув солиғи базаси кенгашлар томонидан тасдиқланган лимитга нисбатан икки баравар оширилган ҳолда ҳисобланади.

Эндиликда сувни тежайдиган суғориш технологиялари жорий қилинганда ҳамда суғориш ҳамда балиқчилик учун олинган сув ҳажми сув ўлчаш ускуналари асосида аниқланганда, сув ўлчагичлардан самарали фойдаланган ёки ўз экин майдонларида сув тежовчи технологияларни жорий қилганлар учун сув солиғи ставкасига 0,7 ( 70 сўм) ва 0,5 (50 сўм) камайтирувчи коэффициент қўлланилади. Агарда истеъмолчи сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий қилмаса, сув ўлчаш ускуналари ўрнатмаса унга нисбатан солиқ ставкаси 1,5 (150 сўм) ва 2 (200 сўм) баробар кўпайтирилиб ҳисобланади.

 “Агробанк” АТБ томонидан сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий қилиш бўйича шаффоф онлайн кредит ажратиш  “Suvkredit.uz”  электрон тизими ишлаб чиқилиб, жорий йил 1 февралга қадар тўлиқ ишга туширилади. Мазкур тизим орқали сув тежовчи технологиялар пудратчиларини шаффоф (босимсиз) танлаш имкони яратилади. Бунда барча кредит расмийлаштириш жараёнлари онлайн (смартфон ёки компьютер орқали) амалга оширилади. Суғориладиган ерларда янги боғлар, узумзорлар ва бошқа кўп йиллик дарахтзорлар ҳамда енгил типдаги иссиқхоналар ташкил этишга сувни тежайдиган технологиялар жорий этилгандагина рухсат берилади. 

 Ўтган йили пахта ва ғалласи суғоргани учун кетган электр харажатларидан субсидия ололмаган фермерларга бу йил тўлаб бериладиган бўлди. Сув тежовчи технологиялар ўрнатиш учун кредитлар 5 йил муддатга 14 фоизда, Қорақалпоғистон ва Хоразм вилоятлари учун эса 10 фоизда ажратилади. 

Яна бир янгилик. Онлайн дўконларга ўхшаш рейтинг тизими жорий этилади. Фермер сув тежовчи тизим ўрнатилгандан кейин пудратчига баҳо қўяди ва барча дала меҳнаткашлари учун ибрат вазифасини ўтайди.  Сув тежовчи технологиялар учун субсидиялар амалда 2 йилда 50 фоиздан ажратилар эди. Эндиликда  100 фоиз шу йилнинг ўзида ажратилади  ва фоиз харажатлари камроқ чиқиши учун асосан кредитни сўндиришга қаратилади. Барча майдонларда сув тежовчи технологиялар жорий қилиш учун ишчи лойиҳалар талаб қилинади ҳамда пудратчиларга 2 йил кафолат ва 5 йил сервис хизмат кўрсатиш талаби қўйилади.

Сайёрамизда глобал исиш, чўлланиш давом этаётган бугунги кунларда мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси сувни тежаш ва исроф қилмаслик тамойилини кундалик мезонимизга айлантириши шарт. Сув ҳавзаларига етказилган салбий таъсир натижасида бутун экологик тизим издан чиқишига Орол денгизи фожиаси яққол далилдир. Сувни ҳар биримиз кўз қорачиғидек асрашимиз, ундан оқилона фойдаланишимиз, юртдошларимизда экологик маданиятни юксалтириш борасида кенг кўламда тушунтириш-тарғибот ишларини олиб боришимиз керак. Чунки сув сайёрамиздаги иқлим барқарорлигини белгилаб берадиган бебаҳо неъматдир.

Актам ХАИТОВ,

 O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши  Ижроия қўмитаси раиси,

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари

 ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси

  • Кўрилди
    190
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+