Хитой Халқ Республикаси Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири

25.01.2024, 12:41

Хитой Халқ Республикаси Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири

Хитой сўнгги ўн йилда кенг кўламли ислоҳотлари билан ажралиб туради, бу умумэътироф этилган ютуқларга сабаб бўлмоқда. Бу ютуқлар замирида модернизация йўлида дадил қадам қўяётган Хитой халқининг бунёдкорлик кучи, меҳнатсеварлиги ва истеъдоди ётади. Ҳозирги кунда мамлакат мутлақо янги қиёфа касб этган ва халқ фаровонлиги муттасил юксалиб бормоқда. Охирги ўн йилда Хитой Халқ Республикаси жаҳоннинг қудратли давлатига айланди, улкан илмий-технологик ва инновацион тараққиётга эришди, иқтисодиёт ва бизнесни ривожлантиришнинг ноёб экотизимини яратди. Бугун Хитой муҳим халқаро жараёнларнинг масъулиятли иштирокчиси сифатида жаҳон иқтисодиёти ва бошқарувида етакчи ўринларни эгалламоқда. Бунда Раис Си Цзиньпиннинг тараққиёт, хавфсизлик ва цивилизациялараро мулоқот борасидаги глобал ташаббуслари умумбашарий муаммоларни ҳал этиш ҳамда янада барқарор ва инклюзив келажакка ўтишни жадаллаштиришга салмоқли ҳисса қўшмоқда.

Шу кунларда Шавкат Мирзиёевнинг Хитойга давлат ташрифи амалга оширилди. У ўзаро ҳамкорлик тарихида барқарор ривожланиш динамикасини намоён этган энг яхши давр шароитида ўтди. Хусусан, Ўзбекистон ва Хитойни  минтақавий ва халқаро ҳамкорликни таъминлашга муштарак интилиш, глобал хавф-хатарларни енгиб ўтишда, Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда БМТнинг марказий ролига ва кўп томонлама ҳамкорликка садоқат бирлаштириб туради. Ўзбекистоннинг “Ягона Хитой” сиёсати ҳамда “уч ёвуз куч”га қарши курашиш борасидаги позицияси ўзгармасдир.

Ўзбекистон Хитойнинг глобал миқёсда жипслаштирувчи кучга айланиб бўлган “Бир макон, бир йўл” ташаббусини рўёбга чиқариш доирасидаги турли дастурларда фаол иштирок этмоқда. Ўзбекистон учун “Макон ва йўл” шунчаки инфратузилмавий лойиҳа эмас, балки минтақаларнинг транспорт жиҳатдан йироқлигини енгиб ўтувчи глобал ўзаро боғлиқликнинг муҳим бўғинидир.

Бу “Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасида Трансминтақавий транспорт ва транзит кўпригининг муҳим таркибий қисми бўладиган “Хитой – Қирғизистон - Ўзбекистон” темир йўлини қуриш бўйича амалий ишларни тез фурсатда бошлаш муҳимлигига ҳам тегишли.

Ўзбекистон ва Хитой муносабатларининг мазмун-моҳиятига тўхталар эканмиз, жорий йилнинг 24 январь куни Пекин шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг расмий делегациялар аъзолари иштирокида бўлиб ўтган музокаралари якунларига алоҳида тўхталиб ўтамиз.

Хусусан, давлат раҳбарлари кейинги йилларда икки томонлама муносабатлар ривожида кучли суръатга эришилганини таъкидладилар. Барча даражаларда алоқалар фаоллашиб, сиёсий мулоқот мустаҳкамланиб бораётгани, мамлакатларимиз муҳим масалалар юзасидан бир-бирини қўллаб-қувватлаётгани алоҳида мамнуният билан қайд этилди.

Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик жадал ривожланмоқда. Кейинги йилларда Хитойдан Ўзбекистон иқтисодиётига инвестициялар ҳажми беш баробар, қўшма корхоналар сони эса уч баробар ошди. Ўтган йил якунлари бўйича товар айирбошлаш 14 миллиард долларга етди. Яқин истиқболда буни 20 миллиард долларга етказиш учун барча имкониятлар борлиги тўғрисида якдил фикр билдирилди.

Инфратузилма, саноат кооперацияси, қишлоқ хўжалиги ва “яшил” энергетикада технологиялар трансфери соҳаларида ҳамкорлик дастурларини тайёрлаш ва қабул қилишга келишиб олинди.

Хитойнинг етакчи банклари, “Ипак йўли” фонди ва Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки билан самарали молиявий-техник ҳамкорликнинг бугунги юқори даражасини алоҳида таъкидлаб ўтамиз.

Шу нуқтаи назардан, инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлашнинг молиявий воситаларини кенгайтириш, жумладан, қўшма платформа яратиш борасида келишувларга эришилганини, шунингдек, Хитой Эксимбанкининг Тошкент шаҳрида Марказий Осиё учун минтақавий офис очиш қарори катта аҳамиятга эга.

Етакчилар ҳудудлараро алмашинувлар фаоллашганига мамнуният билдирдилар. Бу борадаги ҳамкорликни мувофиқлаштириш учун Ўзбекистон ва Хитой ҳудудлари кенгашини тузишга келишиб олдилар.

Ўзбекистон шунингдек, техник йўналишлар бўйича мутахассислар тайёрлаш марказларини ташкил этиш, Хитойнинг ижтимоий ҳимоя ва суғурта, аҳолига манзилли ёрдам кўрсатиш борасидаги тажрибасини ўрганишдан манфаатдор.

Олий даражадаги музокаралардан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин Қўшма баёнот имзоладилар. Ҳужжат томонларнинг ўзаро манфаатли ҳамкорликни турли соҳаларда ҳар томонлама мустаҳкамлаш ҳамда Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги барча шароитларда ҳар томонлама стратегик шерикликни мазмун жиҳатидан бойитишга интилишини тасдиқлайди. Шунингдек, икки давлат раҳбарлари ҳузурида 15 дан ортиқ ҳужжатлар имзоланди.

Ўз навбатида, парламентлар ўртасидаги мулоқотни биринчи навбатда, “Ўзбекистон-Хитой” дўстлик гуруҳларини фаоллаштириш орқали янада кенгайтириш ва самарадорлигини ошириш муҳим эканини алоҳида таъкидлаймиз. Олий даражадаги келишувларнинг амалга оширилиши устидан таъсирчан парламент назоратини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилиши лозим.

Шавкат Мирзиёевнинг ХХР га расмий ташрифларини сарҳисоб қилар эканмиз, музокаралар чоғида томонлар кўп қиррали амалий ҳамкорликни, жумладан, савдо-иқтисодий соҳада янада кенгайтириш масалаларини кўриб чиқишга муваффақ бўлганини қайд этиш мумкин.

Буларнинг барчаси икки мамлакат етакчиларининг сиёсий иродаси ва биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли Ўзбекистон-Хитой муносабатлари барча соҳа ва йўналишларда мисли кўрилмаган даражага кўтарилганини яққол кўрсатади.

Актам ХАИТОВ,

O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси

  • Кўрилди
    149
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+