Косонлик тадбиркор ўз хонадонидан 100 миллион сўмга яқин даромад топмоқда

01.02.2024, 12:15

Косонлик тадбиркор ўз хонадонидан 100 миллион сўмга яқин даромад топмоқда

O‘zLiDeP Қашқадарё вилоят кенгаши Ёшлар ва бизнес тузилмалар билан ишлаш бўлими ҳамда Косон туман кенгашлари ҳамкорлигида   “Менинг сердаромад боғим” лойиҳаси доирасида тумандаги “Ширинобод” маҳалласидаги оилавий тадбиркорлар фаолиятини ўргандилар.

Дастлабки манзил Ғайрат Ҳусенов хонадони бўлди. У гулчилик билан шуғуллана бошлаганига 10 йилдан ошди. Айни пайтда 6 сотих майдондаги иссиқхонада ўттиздан ортиқ ер ва тувак гулларни етиштириб, ҳар йили 100 миллион сўм соф даромад топмоқда.

- Гулчилик анчагина машаққатли касб саналади, - дейди косонлик оилавий тадбиркор Ғайрат Ҳусенов. – Туну кун иссиқхонада  ҳароратни бир хилда сақлаб туриш учун бедор бўлиш керак. Гул уруғларини экканимиздан сўнг, кўкариб чиққач, қайтадан саралаб идишчаларга битталаб қадаб  чиқамиз.  Харидорлар жуда кўп. Уйдан келиб олиб кетишади. Гулларни воҳадаги Китоб, Шаҳрисабз ва Касби туман бозорларида сотамиз. Ўтган йилги даромаддан янги Кобальт машинаси олдик. 15 нафар маҳалладошимизни мавсумий иш билан таъминлаганман.

         Унинг маҳалладоши Хушвақт Ҳусейнов эса 3 сотих иссиқхонада кўкат етиштириб, йилига  5-6 миллион сўм даромад топмоқда. Йил давомида унинг иссиқхонасида салат барги, кашнич, кўк  пиёз, шивит, чеснок ва петрушка узилмайди. Кўкатлар қирқиб олишгач, ер майдони озиқлантирилиб, суғорилади. Ўн кунга қолмай маҳсулот териб олишингиз мумкин.

-Кенгашимиз депутатлари томонидан тумандаги тадбиркорлар фаолияти мунтазам ўрганилиб, уларни  қийнаб келаётган муаммоларни бартараф этишга ҳаракат қилаяпмиз,- дейди вилоят кенгаши Ёшлар ва бизнес тузилмалар билан ишлаш бўлими мудири Улуғбек Жавлиев. - Бугунги кунда мазкур маҳаллада юздан ортиқ оила тадбиркорлик билан шуғулланади. Ғайрат Ҳусенов янги иссиқхона қуриш учун молиявий кўмак олишда амалий ёрдам беришимизни сўради. Хушвақтга эса иссиқхона майдонини  кенгайтириш учун жой керак экан. Депутатларимиз томонидан улар кўтарган масалалар назоратга олиниб, тез кунларда ижобий натижага эришиладиган бўлди.  

  • Кўрилди
    223
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+