Аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтиришга қаратилган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти тушунтирилди

02.02.2024, 17:02

Аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтиришга қаратилган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти тушунтирилди

Наманганда саноатни ривожлантириш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда. Вилоятга хорижий инвестициялар кириб келиши учун қулай имкониятлар яратиш, қўшма корхоналар очиш, энг замонавий технологияларни ўрнатиш, шу асосда жаҳон бозори талабларига жавоб бера оладиган рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ривожлантириш, экспорт ҳажмини кўпайтириш бўйича қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, O'zLiDeP фракцияси раҳбари Актам Хаитов Наманган вилоятида учрашувлари давомида йирик саноат корхоналари, тадбиркорлик субъектлари, кластерлар, фермерлар фаолияти билан яқиндан танишди.

Партия етакчиси Наманган шаҳридаги «Fazman tekstil» корхонаси жамоаси билан мулоқот  ўтказди. Ҳозирда бу ерда 40 млн доллар қийматга эга бўлган лойиҳа устида иш олиб борилмоқда. Жумладан, Германия ва Туркия давлатларидан замонавий асбоб-ускуналар олиб келиб ўрнатилган. Корхонада йилига 1 млн дона тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш, 3 минг кишилик янги иш ўринлари яратиш, йиллик экспорт ҳажмини эса 15 млн долларга етказиш кўзда тутилган.

Айни кунларда ушбу корхонада машҳур бренд остида костюм-шим, шунингдек, эркаклар, аёллар ва болалар кийимлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.

А.Хаитов мулоқот иштирокчиларига мамлакатимизда инсон манфаатларини таъминлаш, одамларни ҳаётдан рози қилиш, уларнинг турмуш фаровонлигини юксалтириш мақсадида амалга оширилаётган ислоҳотлар, тадбиркорликни ривожлантириш, хотин-қизларни иш билан таъминлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар хусусида сўзлаб берди.

Шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида кўрилаётган янги қонунлар, Давлатимиз раҳбарининг Хитой Халқ республикасига қилган ташрифларида имзоланган ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти ҳақида ҳам фикр билдирилди.

Учрашув давомида “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури лойиҳаси ҳам муҳокама қилиниб, корхона ишчи-ходимлари ўз таклифларини билдириб ўтдилар.

  • Кўрилди
    212
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+