Қуйи бўғинларда ҳисобот сайлов йиғилишлари бошланди

15.02.2024, 15:43

Қуйи бўғинларда ҳисобот сайлов йиғилишлари бошланди

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасининг тегишли қарорига асосан шу йилнинг 15 февралидан эътиборан бошланғич партия ташкилотларида ҳисобот-сайлов йиғилишлари старт олди. Икки ой давом этадиган мазкур муҳим жараён давомида БПТлар фаолияти хусусида аниқ хулосалар чиқарилади. Зеро, ҳар қандай партиянинг асосий таянчи унинг бошланғич ташкилотидир. Сабаби, меҳнат жамоаларида, маҳаллаларда фаолият юритаётган, бевосита одамлар билан ишлайдиган, уларни партия ғояларини ҳаётга татбиқ этиш йўлида бирлаштирадиган тузилма айнан қуйи бўғиндир. Шунингдек, БПТларнинг ўтган йилдаги фаолияти танқидий-таҳлилий кўриб чиқилиб, жорий йилда қилиниши лозим бўлган устувор вазифалар юзасидан партия фаоллари, маҳаллий кенгаш депутатлари иштирокида давра суҳбатлари ташкил этиш режалаштирилган.

Қайд этиш керакки, мазкур муҳим тадбирларда таянч нуқталар ишини баҳолаш, раис ва уларнинг ўринбосарларини сайлаш энг асосий вазифа ҳисобланади. Зеро, бугунги кунда атрофига 1 миллион 300 мингдан ортиқ партия аъзони бирлаштирган 14555 та қуйи бўғинга муносиб етакчилар раҳбарлик қилиши истиқболдаги устувор вазифаларнинг муваффақиятли ҳал этилишига хизмат қилади.

Йиғилишларда, юқорида таъкидланганидек, таянч тузилмалар етакчиларининг 2023 йилдаги фаолият юзасидан ҳисоботлари эшитилмоқда. Шунингдек, кун тартибидан  “Ўзбекистон - 2030” стратегиясининг ижросидан келиб чиқиб қуйи ташкилотларнинг жорий йилга мўлжалланган аниқ ва мақсадли режалари белгилаб олинмоқда.

Сарҳисоб йиғилишларда БПТлар фаолиятини жонлантиришга давр олдимизга қўяётган талаблардан келиб чиқиб ёндашилмоқда. Бинобарин, бошланғич ташкилот фаолияти қанчалик самарали бўлса, партия кенгашларининг амалий ишлари салмоғи ҳам шунчалик ортади. Бу эса партиянинг жамиятда таъсир кучи, обрў-эътибори ошишига, дастурий мақсадлари рўёбга чиқишига хизмат қилади.

Умиджон Абдурахмонов,

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси

БПТлар билан ишлаш сектор мудири

  • Кўрилди
    221
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+