Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини аниқлаш тартиби ва улар билан ишлаш тизими ўзгаради

22.02.2024, 08:57

Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини аниқлаш тартиби ва улар билан ишлаш тизими ўзгаради

Мамлакатимиз Конституциясининг 1-моддасида Ўзбекистон ижтимоий давлат экани белгиланган. Шунга мувофиқ, 2023 йил 1 июнда аҳолига сифатли ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш бўйича фармон қабул қилиниб, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилди.

Ўтган вақт мобайнида ўндан ортиқ давлатнинг тажрибаси чуқур ўрганилди, малакали экспертлар жалб қилинди. Шу асосда олиб борилган таҳлилларга кўра, бу соҳа 30 йил олдинги тизимда қолиб кетган, фақат давлат ажратган пулни тарқатиш билан шуғулланган. Бу айрим одамларни ўзини ўнглаб олишга эмас, ёрдам кутиб яшашга ўргатиб қўйган.

Мисол учун, меҳнатга лаёқатли кишиларга ҳам нафақа тўлаб келинган. Ногиронлиги борларни тиббий ва ижтимоий реабилитация қилиш, касбга ўргатиш орқали ҳаётга қайтаришга етарлича эътибор берилмаган.

Давлатимиз раҳбари раислигида 20 февраль куни ижтимоий ҳимоя соҳасидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида бу тизимни тубдан ислоҳ қилиш, ижтимоий ёрдамнинг манзиллилиги ва натижадорлигини таъминлаш зарурлигини таъкидлади.

Йиғилишда ушбу соҳа таҳлил қилинар экан аввало, ижтимоий хизмат ва ёрдамни маҳалла даражасида ташкил этиш масалаларига тўхталиб ўтилди.

Таъкидланганидек, сўнгги ойларда кам таъминланган оилалар манзилли ўрганилгани ҳамда тизим шаффоф қилингани натижасида доимий даромадга эга оилалар бундай тоифадан чиқарилган. Аксинча, ўзгалар парваришига муҳтож, ёлғиз яшаётган 2 минг кишига ёрдам кўрсатиш йўлга қўйилган.

Эндиликда ушбу соҳага янги тизим жорий қилиниб, 1 июндан ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини аниқлаш тартиби ва улар билан ишлаш тизими ўзгаради. Бунда эҳтиёжманд тоифани аниқлаш бўйича мезонлар ишлаб чиқилади ва уларнинг айнан қандай ёрдамга муҳтожлиги аниқ белгилаб берилади. Муҳтожларнинг ҳар бири бўйича индивидуал ижтимоий хизматлар дастури бўлади.

Бу борада ягона саволнома жорий қилинади. Хонадонга “маҳалла еттилиги”нинг қайси вакили киришидан қатъий назар, оиладаги муаммо ва имкониятлар аниқланиб, “ижтимоий портрети” чизилади. Ёрдамдан сўнг хонадонда нима ўзгаргани мониторинг қилиб борилади.

Яна бир муҳим жиҳати, маҳалладаги барча ижтимоий хизматларни босқичма-босқич ижтимоий хизмат кўрсатиш шартномаси орқали тақдим этиш йўлга қўйилади. Бунда хизмат кўрсатувчи ҳам, ёрдам олувчи ҳам ўзига мажбурият олади.

Энди нафақа олувчилар рўйхатига, биринчи навбатда, ногиронлиги бор, ота-онаси йўқ, боқувчисини йўқотган, касаллиги ва бошқа сабабга кўра узоқ муддат ишлай олмайдиганларнинг оилалари киритилади. Бошқа фуқароларни “ижтимоий реестр”га киритишда уларнинг фақат даромади эмас, балки харажатлари ҳам баҳоланади. 

Шу йил 1 октябрдан аҳолига кўрсатиладиган барча ижтимоий ёрдамлар “ижтимоий карта” орқали молиялаштирилади. Келгуси йилдан 40 та туманда реабилитация, соғломлаштириш ва ногиронлиги борларга қаровчиларни ўқитиш бўйича кўп тармоқли ижтимоий хизматлар марказлари ишга туширилади.

Йиғилишда ногиронлиги бўлган инсонлар, ота-она меҳрига муҳтож болаларни тарбиялаш бўйича ҳам вазифалар белгиланди.

Барно МИРЗАМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси.

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    220
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+