O’zLiDeP Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросида фаоллик кўрсатади

24.02.2024, 11:53

O’zLiDeP Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросида фаоллик кўрсатади

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Актам Хаитов Сирдарё вилояти Сайҳунобод туманидаги “Polytex Sirdaryo” МЧЖда меҳнат қилаётган ишчи ходимлар, партия фаоллари, депутатлар иштирокида мулоқот ўтказди.

Мулолоқотда Президентимиз томонидан имзоланган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Фармонининг мазмун-моҳиятига тўхталиб ўтилди.

Фармон билан, кенг жамоатчилик билан муҳокамаларда билдирилган таклифлар асосида ишлаб чиқилган Давлат дастури 5 та йўналиш ва жами 100 та мақсадни қамраб олган. Унда ижтимоий, барқарор иқтисодий, сув ресурсларини тежаш ва экология, суд-ҳуқуқ ва ташқи сиёсат йўналишида амалга ошириладиган қатор вазифалар белгиланди.

Хусусан, маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилиб, уларнинг муаммоларини ҳал қилиш ва салоҳиятини юзага чиқариш, касб-ҳунарга ўқитиш орқали бандлигини таъминлаш, ҳаётда ўз ўрнини топиши, шунингдек, ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтиришга ҳар томонлама кўмаклашиб борилади.

Унга кўра, оилавий тадбиркорлик дастури доирасида ажратилаётган кредитларнинг камида 40 фоизи ёшлар тадбиркорлигини ривожлантиришга йўналтирилади. “Ёш тадбиркор” танловлари ўтказилиб, ҳар бир лойиҳа ғолибларига базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 000 бараваригача миқдордаги имтиёзли кредитлар ажратилади, хорижий давлатларга малака оширишга юборилади.

Барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш йўналиши доирасида ҳам қатор вазифалар белгиланган. Унга кўра ялпи ички маҳсулот ўсиш суръати 6 фоиздан кам бўлмаган даражада бўлиши, инвестициялар эса ялпи ички маҳсулот ҳажмига нисбатан камида 30 фоиз бўлиши таъминланади. Иқтисодиёт тармоқларида қиймати 18 миллиард доллар бўлган 309 та йирик лойиҳалар ишга туширилади. Йиллик инфляция даражаси 9 фоизгача ва фискал тақчиллик 4 фоизгача бўлиши таъминланиб, кейинчалик инфляция ва Давлат бюджети тақчиллиги кўрсаткичларини пасайтириш чоралари кўрилади.

Мулоқотда партия ва унинг барча ҳудудий кенгалари, маҳаллий кенгашлар депутатлари Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда фаол иштирок этиши, жойларда ҳар бир масалада жамоатчилик назорати тадбирларини олиб бориш муҳимлиги кўрсатиб ўтилди.

  • Кўрилди
    205
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+