Наманганда хусусий клиникалар фаолиятида қандай муаммолар аниқланди?

28.02.2024, 11:03

Наманганда хусусий клиникалар фаолиятида қандай муаммолар аниқланди?

Аввал хабар қилганимиздек, O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси вакилларидан таркиб топган ишчи гуруҳ Наманган вилоятида хусусий клиникалар фаолиятини жамоатчилик назорати тартибида  ўрганиб, мавжуд муаммоларни аниқлаш ва уларга амалий ёрдам бериш чораларини кўрмоқда.

- Бундан кўзда тутилган мақсад текшириш ёки назоарт қилиш эмас, аксинча, тадбиркорларга ҳуқуқий маслаҳатлар бериш, уларнинг муаммоларига  ечим топишда кўмаклашишдан иборат, - дейди партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси аёллар билан ишлаш бўлими мудири Севара Муслимова.

Наманган вилоятида шу кунга қадар 500 дан ортиқ хусусий клиника, шифохона ва дорихоналар фаолияти йўлга қўйилган бўиб, уларда 2,5 мингдан ортиқ шифокор, ҳамшира ва техник ходимлар аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда.

Ишчи гуруҳи аъзолари хусусий муассасаларда яратилган шарт-шароитлар, замонавий тиббий асбоп-ускуналарнинг мавжудлиги, малакали ходимлар   билан таъминланиш даражаси, шунингдек, мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга оид қонун, фармон ва қарорларнинг амалдаги ижроси, берилган имконият ва имтиёзлардан қандай фодаланилаётганлиги билан яқиндан танишдилар.

Жумладан, Наманган шаҳар Давлатобод туманидаги “Ҳабиб” номли хусусий клиникасида қандай муаммолар борлиги сўралганда, унинг олди томонида яшил макон учун ер майдони ташкил этилган бўлиб, амалда ундан  фойдаланилмаётганлиги, шунинг учун ушбу ҳудуддан чиқиш йўлаги сифатида фойдаланишга зарурарт борлиги, бу ҳақда  тегишли идораларга бир неча марта ёзма мурожаат қилинганлиги, лекин натижа бўлмаганлиги айтилди. Ишчи гуруҳи ушбу муаммони ўз назоратига олди ва шу куннинг ўзидаёқ мутасадди ташкилотларга уни ижобий ҳал қилиш чорасини кўриш юзасидан ёзма мурожаат киритди.

Уйчи туманидаги "SD klinik" муассасаси раҳбари янги тиббий ускуналар сотиб олиш ва шу асосда хизмат кўрсатиш турларини янада такомиллаштириш, қўшимча иш ўринлари яратиш истаги борлигини билдирди. Фақат бунинг учун банкдан имтиёзли кредит олишда амалий ёрдам сўради. Хусусий тадбиркорнинг бу таклифи ҳам ишчи гуруҳи томонидан назоратга олинди ва Марказий банк вилоят бошқармасига амалий ёрдам кўрсатилишини сўраб хат киритилди. Ушбу тумандаги "Abdullo Ahror" медсервис хусусий корхонаси бошлиғи Аъзамжон Қозоқов инсульт бўлган беморларни реаблитация қилиш учун зарур бўлган тиббий аппаратлар етишмаслиги, бунинг учун банкдан имтиёзли кредит олишга зарурат борлиги, лекин банк таъминотчини ўзимиз белгилаймиз, деган сабаб билан кредит ажратмай келаётганини айтди. Ушбу муассасада шунингдек, малакали мутахассисларга ҳам эҳтиёж борлиги аниқланди.

Тўрақўрғон туманидаги "DIMED CLINIC" хусусий шифохона  фаолияти ўрганилганда айрим хусусий клиникалар давлатга қарашли бўлган бинолардан фойдаланиши ва бунинг эвазига юқори ставкада ижара ҳақи тўланишини айтиб, иложи бўлса, ижара ҳақининг минимал ставкасини 5 фоизга камайтириш юзасидан таклиф берди. Тадбиркорнинг бу таклифи ҳам ишчи гуруҳи аъзолари томонидан назоратга олинди ва маҳаллий ҳокимликларга буни ижобий ҳал қилиш чораларини кўриб чиқиш тавсия этилди.

Наманган шаҳридаги “Ekomedlayne” хусусий клиникасида неврология, терапия, урология, физиотерапия, лор йўналишлари бўйича тиббий хизмат кўрсатиш йўлга қўйилган бўлиб, инвестиция дастурига асосан клиникага ўтган йили МРТ тиббий ускунасини сотиб олиш режага киритилган ва шу мақсадда “Туронбанк” вилоят бўлимига 3 млрд сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратилишини сўраб мурожаат қилинган. Бироқ банк мутасаддилари томонидан ҳозирга қадар ресурс йўқлигини рўкач қилиб, кредит маблағи ажратилмаган. Ушбу масала ҳам ишчи гуруҳи томонидан назоратга олинган ва Марказий банк вилоят бошқармасига сўров хати юборилган.

-Ишчи гуруҳи аъзолари вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидаги хусусий клиника ва шифохоналарда бўлдилар, - дейди партия вилоят Кенгаши аппарат раҳбари Орифжон Маҳмудов.  – Жамоатчилик назорати тартибида ўтказилган бундай ўрганишлардан кўзланган мақсад биринчидан, тиббиёт тизимидаги хусусий тадбиркорлик субъектларининг мавжуд муаммоларини аниқлаш, уларни тизимли равишда ҳал қилиш чораларини кўриш, шунингдек, уларни умумлаштирган ҳолда тадбиркорликни ривожлантиришга оид амалдаги қонун ва қонуности ҳужжатларига қўшимча ва таклифларни киритиш, энг асосийси, тизимда хусусий секторни янада ривожлантириш орқали аҳолига кўрсатиладиган тиббий хизмат сифатини янада яхшилашдан иборатдир.

Комилжон ФАЙЗИЕВ,

O'zLiDeP Наманган вилоят кенгаши фаоли

 

  • Кўрилди
    239
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+