Инсон қадри ва ижтимоий ҳимоя

13.03.2024, 22:39

Инсон қадри ва ижтимоий ҳимоя

O‘zLiDeP ўз сайловолди дастуридаги тегишли вазифаларни бажариш орқали мазкур тушунчалар чамбарчас боғлиқлигини амалда исботламоқда.

ИҚТИСОДИЙ ЭРКИНЛИК – ИЖТИМОИЙ АДОЛАТ МЕЗОНИ

Бундан қарийб беш йил муқаддам – Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашларга сайлов арафасида партиямиз бошқа қадриятлар қаторида адолатлилик, бағрикенглик ва имкониятлар тенглигини ҳам ўз дастуриламали сифатида эълон қилган эди. Яъни, ҳар бир инсон учун ижтимоий тенглик ва адолат принциплари асосида муносиб яшаш шароитларини яратиб бериш стратегик мақсадларимиздан биридир. Сайловолди дастуримизнинг тўртдан бир қисмини айнан ижтимоий соҳа – бандлик, тиббиёт, таълим, ҳудудларни ривожлантириш масалалари, аёллар, кексалар, ёшларни қўллаб-қувватлаш, ногиронларга ғамхўрлик кўрсатишга доир вазифалар ташкил қилиши ҳам мазкур йўналишга қанчалик катта эътибор қаратаётганимиздан далолат беради.

Қайд этиш керакки, ҳеч бир давлат ижтимоий ҳимоя тизимини самарали йўлга қўйишга тез ва осон эришмаган. Чунки бу йўналиш, аввало, жамиятдаги муҳит, мураккаб муносабатлар такомиллаштирилиши, тегишли ташкилотлар фаолияти мувофиқлаштирилиши ва бошқа талай саъй-ҳаракатларни тақозо этади.

2023 йилнинг 30 апрелида халқимизнинг хоҳиш-иродасини ифода этган, илк маротаба умумхалқ референдуми орқали қабул қилинган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида давлатнинг ижтимоий мажбуриятларига доир нормалар 3 баробарга ошганлигини кўришимиз мумкин. Ушбу муҳим ҳужжатни ишлаб чиқишда фракция аъзоларининг ҳам алоҳида фаоллик кўрсатганликларини эътироф этиш жоиз.

Конституциямизда меҳнатга лаёқатсиз ва ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд бошқа тоифаларининг ҳуқуқлари давлат ҳимоясида бўлишининг белгиланганлиги мазкур соҳани ягона ёндашув асосида ислоҳ қилиш зарурлигини кўрсатди.

Шундан келиб чиқиб, партиямиз ижтимоий кафолатлар ва шахсий жавобгарлик ғоялари бирикувига асосланган, принципиал жиҳатдан янги ижтимоий сиёсатнинг либерал моделини изчиллик билан ҳаётга жорий этиш ғоясини илгари сурди. Бундай модель, жумладан, аҳолининг муҳтож қатламларига манзилли ижтимоий ёрдам жорий қилиниши, ижтимоий дастурлар амалга оширилиши, аҳолининг бандлиги, ижтимоий соҳа тармоқларининг қўллаб-қувватланиши, жамиятда ижтимоий низоларнинг олди олинишини таъминловчи самарали ва таъсирчан тизимнинг шаклланишини кўзда тутади.

Фуқаролар таълим, тиббиёт, маданият, иқтисодий имкониятлар каби базавий ижтимоий кафолатлардан фойдаланиш имкониятига эга бўлиши зарур. Айни пайтда иқтисодий эркинлик ва эркин рақобат жамиятда ижтимоий адолат ва фуқаролик ҳамжиҳатлиги принципларининг амалга оширилишига кўмаклашади.

Юқорида тилга олинганидек, O‘zLiDeP мазкур йўналиш бўйича ўз олдига кўплаб, катта-кичик вазифаларни қўйган. Ўтган даврда уларнинг аксарияти амалга ошди. Барча вазифалар ижроси хусусида батафсил сўз юритишнинг имкони йўқ. Шу боис бир неча мақсад ва уларнинг бажарилишига тўхталамиз.

МУНОСИБ ИШ ЎРИНЛАРИ ҲАМДА АҲОЛИНИ ТАДБИРКОРЛИККА ЖАЛБ ҚИЛИШ

Партиямиз ўз сайловолди дастурида иш ўринлари захирасини яратиш, фуқаролар, жумладан, хотин-қизлар, ногирон шахслар ҳамда аҳолининг ижтимоий ёрдамга муҳтож бошқа тоифалари, энг аввало, ёшларни ишга жойлаштиришда янги усуллардан фойдаланиш, уларни тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш вазифалари ҳам белгиланган. Реал иш ҳақининг барқарор ўсишига кўмаклашувчи солиқ сиёсати олиб борилишига эришишни ҳам партия зиммасига олганди. Аввало шуни айтиш зарурки, ўтган йилларда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциямиз ҳам мазкур йўналишда самарали иш юритди. Парламентдаги вакилларимиз қонун лойиҳаларини улар қабул қилинишининг барча босқичларида партиямиз сайловолди дастуридаги вазифалар мазмун-моҳияти ва электорат манфаатларига мувофиқлиги, жамият ва давлат манфаатлари мутаносиблиги етарли даражада ифода этилганлиги нуқтаи назаридан атрофлича кўриб чиқди. 2020 йил 20 октябрда “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги қонун эълон қилинди. Ушбу ҳужжат ортидан аҳолини иш билан таъминлашга оид кўплаб вазифалар қонун даражасида белгиланди. Хусусан, аҳоли бандлигини рағбатлантириш ва тадбиркорликка жалб этиш учун субсидия, грант ва кредитлар ажратиш, ҳар йили иш ўринларини ташкил этишга доир давлат буюртмасини шакллантириш, иш қидираётган шахсларни маҳаллий меҳнат органлари томонидан рўйхатга олиш ва ҳисобдан чиқариш тартибини йўлга қўйиш шулар жумласидандир. Президентимизнинг 2021 йил 28 апрелдаги “2021 йилда янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш бўйича давлат дастури тўғрисида”ги қарори ижтимоий соҳага доир аниқ режалар ҳаётга татбиқ қилинишига ҳуқуқий асос яратди. Жумладан, ҳужжатга кўра Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари ҳузурида фаолият юритаётган вақтинча бир марталик иш билан таъминлаш бюролари кунлик меҳнат марказлари сифатида қайта ташкил этилди.

Шунингдек, аҳолига ижтимоий хизматлар кўрсатишни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамиятга ижтимоий мослашуви учун кенг имкониятлар яратиш ҳамда етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни жойлаштиришнинг оилавий ва бошқа муқобил шаклларини давлат томонидан янада қўллаб-қувватлаш мақсадида 2022 йил 29 апрелда давлатимиз раҳбарининг “Ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унга мувофиқ 2022 йил 1 июндан “Ишга марҳамат” мономарказларида инклюзив таълим асосида касб-ҳунарга ўқитилаётган ногиронлиги бўлган шахсларга ногиронлик нафақаси билан бир вақтда БҲМнинг 2 баравари миқдорида ҳар ойлик стипендия ҳам тўланади.

2022 йил 28 октябрда имзоланган янги таҳрирдаги Меҳнат кодексида иш берувчилар ва ходимлар ўртасидаги муносабатларни халқаро стандартлар, халқаро ҳуқуқ нормаларига, жумладан, Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган халқаро шартномаларга мослаштирилди.

Шунингдек, кодексда бозор иқтисодиёти талабларини ҳисобга олган ҳолда ходимлар ва иш берувчилар манфаатларининг мувозанатини таъминлаш, уларнинг ижтимоий ҳамкорликка жалб қилиниши ва томонларнинг меҳнатнинг натижадорлигига қизиқишларини рағбатлантиришга эътибор қаратилган.

O‘zLiDeP фракция аъзолари мазкур кодексни маромига етказишда электорат манфаатларини кўзлаган ҳолда бир қатор таклифлар илгари сурган ҳолда ташаббус кўрсатдилар.

2022 йили фракциямиз ташаббуси билан Солиқ кодексига солиқ юкини қисқартириш ва солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш борасидаги бир қанча янги нормалар киритилганини ҳам таъкидлаш ўринли.

ЎТГАН ЙИЛНИНГ ЭНГ ЙИРИК НАТИЖАЛАРИНИ БИЛАМИЗМИ?

Кейинги йилларда ижтимоий ҳимоя масаласига янгича ёндашувлар туфайли иш ўринлари узлуксиз кўпайиб борди. Хусусан, 2023 йилда мамлакатимизда жами 5 млн дан зиёд иш ўрни яратилди. Муфассалроқ, рақамлар воситасида баён этсак, хизматлар ва тадбиркорликни ривожлантириш орқали 2 млн 421,5 минг, шундан, савдо ва сервисда 1 млн 289 минг, микролойиҳалар ва микромарказлар ташкил этиш ҳисобига 151,2 минг, касаначилик ва вақтинчалик ишларда банд қилиш ҳисобига 106,2 минг, ҳунармандчиликда 58,5 минг, легаллаштириш ва бўш иш ўринларини тўлдириш ҳисобига 703,4 минг, туризм соҳасида хизматларни ривожлантириш ҳисобига 113,2 минг нафар юртдошимиз банд қилинди.

Хусусий сектор вакиллари билан ҳамкорлик кучайтирилиб, 180,4 минг фуқаро тадбиркорлик субъектлари ва бошқа нодавлат ташкилотларига, 110,2 минг нафари давлат секторидаги ташкилотларга ишга жойлаштирилган.

Шунингдек, ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун банд қилиб қўйилган иш ўринларига 2023 йилда 47,8 минг нафар эҳтиёжманд фуқароларни ишга жойлашишига кўмаклашилган.

Ўтган йили 15 минг нафар ногирон шахслар бандлигига кўмаклашиш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқилиб, январь-октябрь ойларида 14,7 минг фуқаро бандлигига кўмаклашилган.

Тадбиркорликни бошлаш истагида бўлган фуқароларга тез ва юқори даромад топиш имконини берадиган бизнес лойиҳаларни тақдим этиб борилиши кредит ажратишда ижобий сифат ўзгаришларига олиб келди. Хусусан, 2022 йили ажратилган кредитларнинг қарийб 50 фоизи қишлоқ хўжалиги соҳасига, 32 фоизи хизмат кўрсатиш ва кичик ишлаб чиқариш йўналишида ажратилган бўлса, 2023 йилда бу кўрсаткич тегишлича 22 фоиз ва 62 фоизни ташкил этди.

Ўтган йил мобайнида Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 2023 йилда асбоб-ускуна, меҳнат қуролларини харид қилиш учун (7 млн сўмгача, хотин-қизларга 10 млн сўмгача) 192,9 млрд сўм берилди. Шунинг баробарида Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси ҳисобидан хотин-қизларни касбга ўргатиш ва бандлигини таъминлашга кўмаклашадиган нодавлат нотижорат ташкилотларга грант маблағлари ажратилиши учун 9,7 млрд сўм йўналтирилган. Бундан ташқари, Президентимизнинг 2023 йил 12 июндаги “Камбағалликни қисқартиришда тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик ўрнатишга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 7 июлдаги “20 минг тадбиркор – 500 минг малакали мутахассис” дастурини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан мазкур дастурни амалга ошириш тизими яратилди.

Берилаётган солиқ имтиёзлари (мол-мулк ва ер солиғи тўлашдан озод этиш, ишчи-хизматчилардан олинадиган даромад солиғи қайтариб берилиши, ижтимоий солиқ икки баробар камайтирилиши, ҚҚС бир кунда қайтариб берилиши ҳамда солиқларни бир йилгача бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти) дастурда қатнашаётган тадбиркорлар фойдасига 1 трлн сўм тежалиб қолишига имкон берди.

Дастурда иштирок этиш истагини билдирган 5 минг 637 нафар салоҳиятли тадбиркор билан шартнома тузилди. Бу эса 353,9 минг фуқаро бандлигини таъминлашга замин ҳозирлайди.

ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ ЎЗИГА ХОС КЎЗГУДИР

Эътиборлиси, ўтган даврда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари фаолияти устидан самарали парламент ҳамда депутатлик назорати олиб борилди. Вазирликлар ва давлат қўмиталарининг ижтимоий соҳага бевосита ёки билвосита алоқадор бўлган масалалар юзасидан ахборотлари фракция мажлисларида мунтазам эшитилди.

Фракция ташаббуси билан қонунларнинг, турли соҳаларга оид давлат дастурларининг ижроси, шунингдек, ҳудудлардаги ўрганишлар давомида аниқланган тизимли камчилик ва муаммоларни ҳал этишга қаратилган ўнлаб парламент эшитувлари, “ҳукумат соат”лари ўтказилди, шунингдек, мансабдор шахсларга парламент сўровлари юборилди. Хусусан, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг республика бандлик дастури ижроси ва ҳудудларда аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ахборотлари доимий равишда тингланмоқда.

Фракциямиз аъзоларининг 2020-2024 йилларда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига турли ижтимоий-иқтисодий масалалар ҳал қилиниши ёки асослантирилган тушунтириш берилиши сўралган жами 695 та депутат сўрови юборганликларини ҳам алоҳида қайд этиш жоиз.

Қарийб беш йил мобайнида фракция ҳамда партиямизга фуқаролардан телефон, ижтимоий тармоқ орқали ҳамда учрашувларда оғзаки тарзда 100 мингдан зиёд мурожаат бўлган. Албатта, улар орасида ижтимоий соҳага оидлари ҳам бор. Ариза ва шикоятларнинг деярли 70 фоизи мутасадди ташкилотларга юбориш, депутатлик сўрови йўллаш орқали ижобий ҳал қилинган.

Биргина мисол: 2021 йили “Қишлоққурилишбанк”нинг Андижон шаҳридаги бўлими ғазначиси З. Отажонова партиямиз вакиллари аралашувидан кейин ишга қайта тикланди.

ПАРТИЯВИЙ ЛОЙИҲАЛАР ЭЗГУ МАҚСАДЛАРГА ЕТАКЛАЙДИ

Ўтган даврда фракциянинг партия билан ўзаро алоқалари янада мустаҳкамланди. Ижтимоий йўналишдаги муаммо ва камчиликларни ҳамкорликда ҳал этиш борасидаги ишлар изчил давом эттириляпти. Жумладан, фракция ва партия ҳамкорлигида ишсизликка барҳам бериш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган талай лойиҳа амалга оширилди.

O‘zLiDeP аёлларнинг иқтисодиётга қанчалик жалб этилганлигига ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда. Чунки бу уларнинг иш билан таъминланганлик даражасига таъсир қилади. Хотин-қизларнинг тадбиркорлик билан шуғулланиши ёки бирор идорада ишлаши пировардида гендер тенглик масаласига бориб тақалади. Шу боис партия гендер тенглик борасидаги саъй-ҳаракатлари аҳоли бандлигини оширишга ҳам хизмат қилади, деган қатъий фикрда.

Партия аёллар тадбиркорлигини, фермер ва деҳқон хўжаликларини ривожлантириш, фермер ва тадбиркор аёлларнинг ҳуқуқий, иқтисодий ва сиёсий саводхонлигини оширишга қаратилган “Бунёдкор аёллар” лойиҳасини бир неча йилдан буён амалга ошириб келяпти. 2023 йил мисолида оладиган бўлсак, лойиҳа доирасида хотин-қизларнинг таълим олиши ва касбий кўникмалар ўзлаштириши, муносиб иш топишларига ҳар томонлама кўмаклашиш, тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, иқтидорли ёш хотин-қизларни аниқлаш ва уларнинг қобилиятини тўғри йўналтиришга қаратилган 633 та тадбир ташкил этилиб, 4 минг 424 нафар хотин-қизга тижорат банкларидан 5 млрд 675 млн сўм миқдоридаги кредит олинишида кўмаклашилди ва натижада 2 мингга яқин янги иш ўринлари яратилди.

Аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш, маҳаллаларни аниқ маҳсулот турига ихтисослаштириш ва тажрибали томорқачи аёллар билан ҳамкорликда маҳорат дарсларини ташкиллаштириш борасидаги ишлар ҳам эътиборга молик. “Намунали томорқачи аёл – фаровонлик бунёдкори!” лойиҳаси доирасида туманларда 314 та маҳорат дарслари ташкил этилиб, уларда 5 минг 575 нафар опа-сингилларимиз иштирок этди.

Партиямиз “Аёллар қаноти” кўп йиллардан буён ўтказаётган “Ишбилармон аёл” кўрик-танлови ҳам кичик бизнес ва хусусий сектор ривожида тадбиркор ва фермер хотин-қизларнинг фаол иштирокини таъминлашга хизмат қилмоқда. Танловнинг ўтган йилги ҳудудий ва республика босқичларида 2 мингдан ортиқ аёл қатнашди.

O‘zLiDeP хусусий секторда ёш тадбиркорлар улушини оширишга алоҳида аҳамият қаратмоқда. Ўзбекистон тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш маркази билан ҳамкорликда “Хотин-қизлар ва ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш” лойиҳаси муваффақиятли олиб бориляпти. Лойиҳа доирасида ҳудудларда 730 дан зиёд қисқа ўқув семинарлар ва маҳорат машғулотлари ташкил этилиб, жами 250 мингдан ортиқ ёш ва хотин-қиз қамраб олинди.

Шунингдек, партиянинг “Ёшлар қаноти” келажагимиз эгаларининг тадбиркорликка қизиқишини оширишга қаратилган “Ёш тадбиркорлар лигаси”, “Диплом билан бизнесга”, “Менинг ғоям”, “Тадбиркорликка илк қадам”, маҳаллалардаги уюшмаган ёшлар учун эса “Ёш тадбиркор” каби лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этмоқда. Мазкур лойиҳаларда 390 мингдан зиёд йигит-қиз қатнашяпти.

Ёшларни замонавий касблар, ахборот технологиялари ва хорижий тилларга ўқитишга йўналтирилган “Келажак касблари” лойиҳаси ҳам яхши самара бермоқда. Ўтган йили лойиҳанинг иккинчи мавсумида иштирок этиш учун жами 16 минг 142 нафар ёшдан ариза келиб тушган. Бугунги кунда 5 минг 848 нафар йигит-қиз ўқув марказларида таҳсил олмоқда.

Партия келгусида бу йўналишдаги ишлар кўламини янада кенгайтиради. Хусусан, ҳамкор ташкилотлар билан ҳар бир вилоятда “Ёшлар ижтимоий-иқтисодий маркази”ни барпо қилиш бўйича қатор режалар белгиланган. Унга кўра ушбу марказда лойиҳа офислари жойлаштирилиб, ёшлар ғояларини тайёр бизнесга айлантиришларига кўмаклашилади.

Коллеж, техникумларда ёшларимизнинг IT, туризм-сервис, агротехнологиялар каби йўналишларда ўқиши бепул бўлиши, ўз бизнесини ижарага олинган бинода бошлаётган ёшларимизга бир йиллик ижара харажатининг ярми қоплаб берилиши кучли рағбат беради, деган фикрдамиз.

Хулоса сифатида шуни айтиш керакки, O‘zLiDeP ижтимоий ҳимоя борасидаги сиёсатни жамиятда барқарорлик ва адолатни таъминлашнинг муҳим шарти, деб ҳисоблайди. Ўз навбатида, ижтимоий тафовутларни камайтириш ва самарали ижтимоий сиёсатнинг мазмун-моҳиятини инсон қадри тушунчаси белгилайди. Мамлакатимизда инсон қадри ва ижтимоий муҳофаза тушунчалари чамбарчас боғлиқдир.

Мавлуда ХЎЖАЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси,

O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Беҳзод ИСРОИЛОВ,

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси мафкуравий ишлар бўлими ходими

  • Кўрилди
    169
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+