O‘zLiDeP фракцияси аъзолари Сайхунободда аҳоли даромадларини ошириш бўйича қилинаётган ишларни ўрганяпти

17.04.2024, 13:20

O‘zLiDeP фракцияси аъзолари Сайхунободда аҳоли даромадларини ошириш бўйича қилинаётган ишларни ўрганяпти

Президентимизнинг Сирдарё вилоятига ташрифи давомида Сайхунобод туманида бўлиб ўтган томорқа ва уй хўжаликларидаги имкониятларни тўлиқ ишга солиш орқали аҳоли даромадларини ошириш чора-тадбирлари бўйича видеоселектор йиғилишида муҳим устувор вазифалар белгилаб берилган эди.

Шу кунларда мазкур вазифалар ижросини таъминлаш, уларни амалга ошириш ва ҳаётга татбиқ этишда амалий кўмак бериш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Барно Мирзамова ва Одинахон Отахоновалар Сирдарё вилояти Сайхунобод туманида ўрганишлар олиб борди.

Депутатлар туманда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, томорқа эгалари, деҳқон хўжаликлари, тадбиркорлар, фермерлар, ҳудудий тижорат банклари вакиллари билан ўзларига бириктирилган маҳаллалар ҳамда аҳоли хонадонларида бўлиб, фуқаролар билан мулоқотлар олиб борди.

Ўрганишлар давомида давлатимиз раҳбари томонидан видеоселектор йиғилишида илгари сурилган ташаббуслар аҳоли томонидан якдиллик билан қўллаб-қувватланиб, белгилаб берилган чора-тадбирлар изчиллик билан амалиётга татбиқ этилаётгани маълум бўлди.

Айниқса, ҳудудий тижорат банклари томонидан аҳолининг томорқа ва уй хўжаликлардаги имкониятларини тўлиқ ишга солиш, хонадонларда кичик ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, янги захираларни ишга солишга қаратилган ташаббуслари фаол қўллаб-қувватланмоқда.

Бундан ташқари, “маҳалладаги еттилик” фаолияти йўлга қўйилгани жойларда аҳоли муаммоларини самарали ҳал этиш имконини бераётгани, аҳоли билан ишлашнинг бундай тартиби давлат органлари ва аҳоли ўртасида ўзаро яқинликни ҳамда ишончли ҳамкорликни янги поғонага олиб чиқаётгани алоҳида қайд этилди.

Шунингдек, мулоқотлар давомида хонадонларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда агроном хизматлари кўрсатишни йўлга қўйиш, банклар томонидан ажратилаётган кредитлар учун маҳалла кафиллигини жорий қилишни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш бўйича бир қатор таклифлар билдирилди.

Халқ вакиллари тумандаги “Синтоб” ва “Мустақиллик” МФЙларда бўлиб, аҳоли хонадонларига ташриф буюрдилар ҳамда қийнаб келаётган муаммоларини ўргандилар.

Ушбу маҳаллада истиқомат қилаётган Рахим Бобоёров ўз хонадонида боғдорчилик ва асаларичилик билан шуғулланиб келмоқда. 25 қути асаларичиликдан йилига 2 марта асал олиб, йилига 120 миллион сўм даромад топяпти. Бундан ташқари хонадон эгаси ўз томорқасини турли-хил мевали дарахтлар ва гуллар билан бойитган.

Яна бир хонадон вакиллари Усмон Муллаев ҳам ўз томорқасида иссиқхона ташкил қилган ва қуёнчилик билан шуғулланиб келяпти.

Ўрганишлар давомида маҳалла еттилиги вакиллари томонидан аҳоли даромадларини ошириш бўйича яқиндан кўмаклашиб келаётганлиги аниқ бўлди. Хусусан, четга ишлаш учун қайтиб келган фуқароларни агроном сифатида ишга қабул қилиниб, 1 тадан мини трактор олиб беришда кўмаклашилган. Маҳаллада аҳолини томорқадан унумли фойдаланиш мақсадида “1 сотих томорқадан камида 1-2 миллион сўм даромад” деган мезон асосида аҳоли учун бизнес режа ишлаб чиқилди.

Маҳаллалардаги 5 та хонадон танлаб олиниб йилига уч марта ҳосил олиш бўйича намунавий хонадон қилинди. 10 та хонадон вакиллари фермерлар мактабида ўқитилмоқда. 5 та хонадонда 2-3 сотихлик кичик иссиқхона, 10 та хонадонга намунавий интенсив боғ ташкил қилинди, 2 та фуқарога чорва олиш учун 15 миллион сўм имтиёзли кредитлар гаровсиз, нақд пулда берилди.

Қонунчилик палатаси депутатлари маҳаллаларда аҳоли томорқаларини кўздан кечирар экан, томорқаси қаровсиз ҳолга келиб қолган ва ердан бесамар фойдаланиб келаётган хонадонларга ҳам дуч келдилар. Депутатлар кўмагида ушбу хонадон томорқаларига мевали дарахт кўчатлари ўтқазилди ҳамда бўш турган ерларга ишлов берилиб картошка, пиёз, помидор, бодринг булғор қалампири ниҳоллари экилди.

Депутатларнинг ўрганишлари давом этмоқда.

  • Кўрилди
    108
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+