Депутатларнинг Олмалиқдаги учрашувларида хусусий корхоналар муаммолари ўрганилди

19.04.2024, 14:29

Депутатларнинг Олмалиқдаги учрашувларида хусусий корхоналар  муаммолари  ўрганилди

Бугун халқ билан очиқ ва самимий мулоқотлар олиб бориш, жойларда аҳолини қийнаётган муаммоларни батафсил ўрганиш ва уни ҳал қилиш чораларини кўриш Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O’zLiDeP фракцияси аъзолари фаолиятининг асосий мезонига айланган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Атхам Назирқулов ҳамда Нодир Абдувалиевларнинг айни мақсаддаги учрашувларининг навбатдагиси Олмалиқ шаҳрида ташкил этилди.

 Депутатлар бу гал аҳолининг салмоқли қисмига айланиб улгурган тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келаётган хусусий бизнес вакиллари билан мулоқотлар ўтказиб, уларни қийнаб турган муаммоларга қонуний ва сифатли ижобий ечимлар топишга устувор аҳамият қаратишди.

Хусусан, депутат Нодир Абдувалиев томонидан мебель маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхона фаолияти ўрганиларкан, тадбиркорнинг Президентимизнинг "Кичик бизнесни ривожлантиришни молиявий ва институционал қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори доирасидаги ҳуқуқларини амалга оширишда бир қатор тўсиқларга дуч келаётгани, корхона кенгайтирилиши мақсадида канализация тармоғи яхши бўлган ҳудуддан ер олишда амалий ёрдам зарурлиги борасидаги мурожаати тингланди. Масала атрофлича ўрганилиб, қонун доирасида тегишли мутасадди ташкилот ва идоралар билан бирга ижобий ечим топишнинг амалий механизмлари борасида аниқ тўхтамларга келинди.

Депутат Атхам Назирқулов ташриф буюрган яна бир манзил – “UNIVERSAL FIRMA AZAT” хусусий корхонасига тегишли бўлган стоматологик клиникалар тармоғининг шаҳобчасида хусусий тиббиётни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзаро самимий суҳбат мобайнида юртимиз соғлиқни сақлаш тизимида хусусий секторни ривожлантириш, хусусий тиббиёт муассасаларининг аҳолига юқори сифатли тиббий хизматлар кўрсатиш, хусусий тиббиёт соҳасига хориждан инвестициялар ва юқори малакали мутахассислар жалб этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани ҳақида сўз борди.

Стоматологик жарроҳлик амалиётлари муваффақиятли амалга ошириб келинаётган шаҳобчада аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати ва нархларининг мақбуллиги ҳам депутат назаридан четда қолмади.

Депутат бу ерда тиббиётни хусусийлаштиришда эришилаётган ютуқлар қаторида хусусий корхона маъмуриятининг тиббиётда хусусий сектор улушини ошириш борасидаги фикрлари билан ҳам қизиқди.

Хусусан, хусусий тиббиёт муассасаларининг ўз эҳтиёжлари учун республика ҳудудига олиб кириладиган янги тиббий асбоб-ускуналар, бутловчи буюмлар ва уларнинг эҳтиёт қисмлари ҳамда сарфлаш материаллари учун кўрсатилаётган божхона хизматларини янада қулайлаштириш борасидаги асосли таклифларини тинглади.

Зухро Мирзоҳамдамова,

O’zLiDeP Тошкент вилоят Кенгаши бўлим мудири

  • Кўрилди
    76
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+