Халқ розилиги ­– энг муҳим мезон (+фото)

26.04.2018, 17:47

Халқ розилиги ­– энг муҳим мезон (+фото)

Шу кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, жумладан, парламентдаги O‘zLiDeP фракцияси аъзолари мамлакатимизнинг турли бурчакларида бўлиб, аҳоли билан очиқ мулоқотлар ўтказишмоқда. Президентимизнинг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида қабул қилинган муҳим ҳужжатлари ижроси ўрганилмоқда. Депутатлар аниқланган муаммоларни жойида бартараф қилиш, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ниятидагиларга йўл-йўриқ кўрсатиш ва амалий ёрдам бериш, халқ манфаатини ҳимоя қилишда таъсирчан механизмларни ҳаётга татбиқ этиш, одамларнинг турмуш тарзи билан танишиб, оғирини енгил қилиш йўлида чекка қишлоқларга боришмоқда.

* * *

Гулшана ХУДОЁРОВА, Қаҳрамон ЭРГАШЕВ, парламент депутатлари, фракция аъзолари:

– Касби туманида деҳқончилик бобида ўзига хос тажриба мактаби яратилган. Шу боис пахтачилик, ғаллачилик, сабзавотчилик, боғдорчилик борасида юқори натижаларга эришилаяпти. Қишлоқ хўжалигида олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда. Кейинги йилларда туманда деҳқон ва фермер хўжаликлари, томорқадан самарали фойдаланишга эътибор кучайди. Шунинг ортидан маҳсулот етиштириш кўпайиб, озиқ-овқат маҳсулотлари мўл-кўллиги таъминланаяпти.

Қишлоқ аҳолисининг ижтимоий аҳволини ўрганиш мақсадида биз Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларидан иборат гуруҳ аъзолари Денов, Боғариқ, Оқтепа, Мустақилобод, Дўстлик, Ғалаба, Обод юрт, Хўжақарлиқ, Хўжакасби, Шакаржўй каби қишлоқларда бўлдик. Томорқадан фойдаланиш намунали ташкил этилган маҳаллаларда аҳолининг яшаш тарзи анча яхшиланганини кузатдик. Помидор, бодринг, карам, булғор қалампири, саримсоқпиёздан ташқари, субтропик мевалар – лимон, апельсин, киви, банан етиштирилмоқда.

Мактаб, мактабгача таълим муассасалари, ижтимоий соҳа объектларида ҳам ҳар қарич ердан унумли фойдаланишга ҳаракат қилинмоқда. Айниқса, 60 та мактабнинг аксариятида тажриба ер участкасидан даромад кўрилаётгани бизни хурсанд қилди.

Ўрни келганда айтиш керакки, ютуқлар қатори аҳолини қийнаб келаётган айрим муаммолар ҳам мавжуд. Аввало, қишлоқ аҳолисини тоза ичимлик суви, электр-энергия таъминотидаги узилишлар қийнаётгани бор гап. Аҳоли электр ҳисоблагичларни сертификатлаштириш учун 50-60 километр йўл босиб Қарши шаҳрига боришга мажбур бўлмоқда. Ички йўлларни тартибга келтириш, асфальт ётқизиш билан мутасадди раҳбарлар жиддий бош қотиришмаяпти. Бу эса аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.

***

Адҳам ШОДМОНОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, фракция аъзоси:

– Самарқанд вилояти Пахтачи тумани аҳолиси билан очиқ мулоқотлар давомида одамларни ташвишга солаётган кўплаб масалалар жойида ҳал этилиши чораларини кўрмоқдамиз. Айниқса, Президентимизнинг “2018 йилда аҳоли бандлигига кўмаклашиш давлат дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг Самарқанд вилоятидаги ижросини чуқурроқ ўрганиш долзарб бўлиб турибди.

– Аҳоли бандлигини таъминлаш учун ҳамжиҳатликда иш олиб бориш зарур. Туман марказида ташландиқ, анча йиллардан буён эътиборсиз қолдирилган эски истироҳат боғини қайта тиклашни ният қилдик. Бу янги боғ ичида кутубхона, ёшлар учун “WiFi” ҳудуд, бадиий мутолаа имкониятини берувчи кафе, музқаймоқ павильони, янги 3 000 кишилик амфитеатр барпо этилади, – дейди Пахтачи тумани биринчи секторига масъул, туман ҳокими Воҳид Раҳимов. – Шубҳасиз, бу ишлар ортида ҳам одамларнинг розилигига эришиш муддаоси ётибди.

Зиёвуддин шаҳарчасидаги китоб дўконида энг арзон китоб 2000 сўм эканини эшитдик. Албатта, ҳар ким китоб­га ўзига яраша нарх белгилайди. Аммо баъзан маблағ топилади, баъзан йўқ. Шу боис йиғилишлар чоғи ихтиёрий тўпланган турли китоблар туман Ёшлар иттифоқига “текин мутолаа” учун ҳадя этилди. Бугун ушбу китоблардан туманнинг барча ўқувчилари ўзлари учун қулай жойларда фойдаланиши, китоб ўрнига ўзида борини қолдириши мумкин. Шу орқали оммавий китобхонлик муҳити яратилмоқда. Масалан, Зиёвуддин шаҳарчаси Пахтачи педагогика коллежида шундай жавон иш бошлади, ёшлар хурсанд­чилигининг чеки йўқ. Севимли ёзувчимиз Асқад Мухтор айтганидек, “Китоб – бойлик, сотиб олингани эмас, ўқилгани”.

* * *

Тўлқинжон КАРИМОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, фракция аъзоси:

– Андижон тумани аҳолисидан ички йўлларнинг узоқ йиллардан бери қаровсиз ётгани, ёғингарчилик пайтлари болалар ва кексалар кўча-кўйга чиқишга қийналаётгани ҳақида эшитдик. Аҳоли бандлигини таъминлаш борасида ҳам қатор муаммолар борлиги аниқланди.  

Фуқаролар мурожаатларининг бирортаси эътибордан четда қолгани йўқ. Имкон қадар шу жойнинг ўзида, ҳамкорликда ҳал этиш чораларини кўрмоқдамиз. Жумладан, “Ойжамол” МФЙ Навбаҳор кўчасидаги ўйдим-чуқур йўллар текисланиб, мутасадди раҳбарлар кўмагида асфальт ётқизиш ишлари бошлаб юборилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўзларининг ҳар бир чиқишларида одамларга қулай шарт-шароит яратиб бериш, уларнинг унумли меҳнат қилишини таъминлаш, бахтли ҳаёт кечириши учун имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш зарурлигини бот-бот такрорламоқда. Бунга бир кишининг зиммасидаги вазифа деб қараш ярамайди. Шундай экан, шиддатли замонда катта куч-ғайрат билан ҳамжиҳатликда ишлашимиз керак.

O‘zLiDeP фракцияси аъзоларининг учрашувлари давом этмоқда.

Олимжон ЖУМАБОЕВ

тайёрлади

O‘zLiDePнинг Facebook ва Instagramдаги расмий саҳифаси ҳамда Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    1638
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

"Дўстлик" МФЙ БПТ2018-04-27 12:11:20

Президентимиз тамонидан оиб борилаётган сиёсатдан барчамиз миннатдормиз. депутатларимизга Халқни дардини тинглаш, уларнинг муаммоларига ечим топишдек ишларида куч қувват тилаймиз


Аброр Отабоев2018-04-26 17:54:44

Депутатларнинг бундай ташаббуслари ва фаолликлари натижасида фуқароларнинг турмуш фаровонлиги ошиб боради


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+