Депутатлар долзарб муаммоларга эътибор қаратдилар

30.05.2018, 15:38

Депутатлар долзарб муаммоларга эътибор қаратдилар

Бугун парламент фаолияти тубдан ўзгариб, депутат ва сенаторлар иши тобора изчиллик касб этиб бораётганини ҳаётий мисоллар орқали кўриб, амин бўлмоқдамиз. Айниқса, депутатларнинг ижтимоий тармоқларда, оммавий ахборот воситаларида муайян муаммони дадил кўтараётгани, унинг келиб чиқиш сабабларини чуқур ўрганаётгани ҳамда таҳлил қилаётгани мавжуд камчиликларни узил-кесил бартараф этиш, энг муҳими, жамиятда адолат тамойилларини кенг қарор топтиришда муҳим ўрин тутаяпти.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг Тошкент шаҳри, Юнусобод тумани аҳолиси билан бевосита мулоқотларида, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида қабул қилинган ҳужжатлар ижросини ўрганишда уларга ҳамроҳлик қилар эканмиз, бу галги учрашувларда кўпчиликни ўйлантираётган масалалар ўртага ташлангани диққатимизни тортди.

Туманнинг “Боғубўстон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган 1-оилавий ётоқхона, бир қарашдаёқ, таъмирталаб эканини кўриш мумкин. Кираверишдаги чиқинди уюми эса анчадан буён тўпланиб қолган. Туман ҳокимияти балансидаги тўрт қаватли бинода истиқомат қилаётганларнинг яшаш шарт-шароити билан танишарканмиз, аҳвол ўта оғир даражада эканига амин бўлдик. Умумий ошхона, ювиниш хоналари ачинарли ҳолатда. Янада ичкарироққа кириб борамиз. Қоп-қоронғи йўлак, чириб кетган поллар, сал нарироқда эса бекинмачоқ ўйнаётган болалар... Атроф пашшаларга тўла. Ушбу ҳолат яқин вақт мобайнида бу ерга масъул идоралар вакиллари, шифокорлар, санитария-эпидемиология станцияси ходимлари ташриф буюрмаганини тасдиқлайди.

Мазкур маҳалла раиси И. Жуманиёзов бу ҳақда изоҳ берар экан, айни пайтда ётоқхонада 80 га яқин оилалар, яъни 200 нафарга яқин аҳоли яшашини, уларнинг аксарияти ижтимоий муҳофазага муҳтож эканини қайд этди. Тасаввур қилинг, 200 га яқин тақдирлар ночорликда умр кечирмоқда, келажагимиз эгалари тарбияланаяпти. Депутатлар ушбу масалани халқ депутатлари туман Кенгашининг навбатдаги сессиясида тегишли тартибда кўриб чиқиш юзасидан келишиб олдилар.

Айтиш мумкинки, бугун туманда барча соҳа қатори тадбиркорлик ҳам изчил тараққий топмоқда. Бироқ якка тартибдаги тадбиркорлар фаолияти тугатилиши ҳолати ортаётгани бу ҳақда жиддий ўйлашни тақозо қилади.

— Ҳудудда 2017 йилда 367 та якка тартибдаги тадбиркор фаолиятини тугатган, 2018 йилнинг ўтган тўрт ойи мобайнида эса бу кўрсаткич 119 тани ташкил этди, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев. — Қизиғи шундаки, ўтган йилда 1008 та тадбиркор фаолиятини вақтинча тўхтатган бўлса, жорий йилнинг ҳозирги вақтида бу 516 тага етди.
Рақамлар кескин ортиб бораётир. Туман солиқ инспекцияси билан мазкур масалани ўрганганимизда, бунга тегишли комиссиянинг яхши ишламаётгани ҳамда амалдаги мавжуд тартиб-қоидаларнинг мураккаблиги сабаб бўлаётгани аёнлашди.

Депутат эътиборимизни тумандаги яна бир ҳолатга қаратди. Унинг айтишича, ҳудудда жами 63 та маҳалла фуқаролар йиғини мавжуд бўлиб, шулардан 39 тасида якка тартибдаги уй-жойлар жойлашган. Ҳозирги кунда аҳолининг ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳолатлари учраб турибди. Бундай эгаллаб олинган тураржойлар сони 2253 тани, ўзбошимчалик билан курилган қурилмалар сони эса 333 тани ташкил қилаяпти. Энг қизиғи, бундан маҳалла фаоллари, кадастр хизмати инспекторлари хабардор, аммо ижобий натижа йўқ. Ушбу масала ҳам туман Кенгаши сессиясига кўриб чиқиш учун киритилади.

Таълим — ҳар бир инсонни комилликка етакловчи муҳим омил. Депутатлар тумандаги мактабгача таълим муассасалари, мактаблар, касб-ҳунар коллежлари фаолиятини ўрганиб, бу борада ҳам ечимини кутаётган муаммоларни бирин-кетин қоғозга туширишди.
— Бу галги ўрганишларимизнинг ўзига хос жиҳати шундаки, унда асосий эътибор таълим муассасаларидаги бўш иш ўринларига қаратилди, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Абдурашид Абдуқодиров. — Масалан, ҳудуддаги мавжуд 55 га яқин мактабгача таълим муассасаларида жами 3 мингга яқин иш бирликлари бор. Уларда ишлаётганлар сони 2500 дан ортиқ, қолган 400 га яқин штат бирликлари эса ишлаётганларга юклама сифатида берилган. 150 дан ортиқ тарбиячилар иш ўринларига, 100 га яқин ёрдамчи тарбиячиларга эҳтиёж бор. Худди шунингдек, умумтаълим мактабларида 500 дан ортиқ ўқитувчилар таълим беради. Мактаблардаги рус гуруҳлари учун фан ўқитувчилари етишмаслиги муаммолигича қолаяпти.
Бундан ташқари, мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчиларининг озиқ-овқат билан таъминланиши бўйича назорат олиб борганимизда, айрим камчиликлар кўзга ташланди. Президентимиз ўтган йилдаги видеоселектор йиғилишида тарбияланувчиларга сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари етказилишини таъминлаш, маҳсулотларнинг амалдаги режаларга мослиги, сифатини текширишда жамоатчилик назоратини ўрнатиш, бунда ҳар бир туман, шаҳар ҳокимлари раҳбарлигида ишчи гуруҳ тузилиб, улар боғчаларни тўсатдан текшириб, ўрганиш натижаларини муҳокама қилишларини қатъий белгилаган эди. Лекин ўрганишларда ҳозиргача бу бўйича тўлиқ маълумот ололмадик.

Муаммолар талайгина, аммо уларни ҳал этишда, энг аввало, нималарга аҳамият қаратиш керак, деган табиий савол туғилади. Айниқса, ички йўлларни, уйларни таъмирлаш, электр таъминотидаги узилишларга барҳам бериш, тиббий хизмат сифатини яхшилаш, таълим муассасаларини капитал реконструкция қилиш каби аҳоли мурожаатлари хусусида гап кетганда, маблағни тақсимлаш масаласи долзарблигини кўрсатади.

Манба: Халқ сўзи 

O‘zLiDePнинг Facebook ва Instagramдаги расмий саҳифаси ҳамда Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    1786
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Сурхондарё вилоят Кенгаши Тадбиркорлар ва фермерлар билан ишлаш бўлими мудири Абдулллаев Турсунали2018-06-01 16:54:35

Олий Мажлис Қ онунчилик палатаси депутатларининг жойларда бўлиб, аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни ўрганиб, мақбул ечимларини топаётганликлари яхши. Ўтган даврда вилоятимизда юзга яқин шундай муаммолар бартараф этилди. Биз шундай фаоллик ва амалий ишларни маҳаллий кенгашлар депутатларидан ҳам кутиб қоламиз.


Жиззах филоят Мустақиллик МФЙ БПТ раиси Қ.Абдурахимов2018-05-31 19:03:22

Депутатларимиз халқнинг муаммолари билан ишлаш ва қийнаётган муаммога жавоб топи натижасида Партияларга бўлган ишоч ва этибор кучаяди.


Музработ туман Кенгаши O`zLiDeP аьзоси Аллаяров Фазлиддин2018-05-31 16:48:06

Депутатларнинг ижтимоий тармоқларда, оммавий ахборот воситаларида муайян муаммони дадил кўтараётгани, унинг келиб чиқиш сабабларини чуқур ўрганаётгани қувонарли хол.


Д.Рахманова-УзЛиДеП Сурхондарё вилояти Кенгаши 2018-05-31 15:04:37

барча поғонадаги депутатларимиз фаоллик билан ҳудудидаги муаммоларини, ҳолатини ўрганилсагига халк депутат кимлигини, кандай ваколатларга эга эканлигини билиб олади ва албатта мурожаатини факат халк ноибига қаратади. Шундагина тизим ишлайди


O‘zlidep Surxondaryo viloyat Qumqo‘rg‘on tuman Kengashiga qarashli " Maishiy hizmat" x/k BPT raisi Xudoyorova Uldona2018-05-30 20:39:40

Xalq bekorga saylamagan deputatlarimizni xalq ishonib muammolarimizni yechim topishiga umid qilib saylashgan shunday ekan hurmatli deputatlar yelkasida ana shunday og‘ir hamda masulyatli vazifa turibdi muammolarni hal qilinishida yelib yugurgan mana bunaqangi deputatlarga mingdan ming tashakkurlar aytamiz.


Жиззах вилоят Зафаробод туман Агробанк БПТ аъзоси Орзукулов Даврон2018-05-30 17:00:52

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг жойларда бўлиб, аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни ўрганиб, мақбул ечимларини топаётганликлари яхши. Ўтган даврда вилоятимизда юзга яқин шундай муаммолар бартараф этилди. Шу каби фаоллик ва амалий ишларни маҳаллий кенгаш депутатлари ҳам амалга оширса яхши иш буларди.


Yangibozor tuman Kelajak deputatlari guruhi a'zosi M.Bozorboev 2018-05-30 16:39:15

Deputatlarimizning faollidi kundan kunga oshib bormoqda. Xalq deputat kimligini anglab yetmoqda.


Полванов Мўминбек Хоразм вилояти Урганч тумани Бахшилар МФЙ БПТ аъзоси2018-05-30 16:38:17

Халқ депутатлари Урганч туман Кенгаши депутатлари, ҳам фикр - ҳам жихат бўлиб биргаликда иш қилсалар, халқимизни яқиндан қалбига қулоқ тутсалар халқимизни қийнаётган масалалар ўз-ўзидан ечилиб мақсадларига эриша оладилар декан фикрдаман.


Матлуба Жўраева Сурхондарё вилоят Кенгаши "Аёллар қаноти" бўлим мудири 2018-05-30 16:37:13

Депутатларимиз томонидан ахолини қийнаб келаётган муаммоларни ўрганиб, уларнинг ечими бўйича иш олиб бораётганлиги депутатнинг ўз вазифасини маъсулият билан бажараётганлигидандир. Бундай жонкуяр депутатларимиз бошқаларга ўрнак бўлса арзийди.


Акбар Якубов, Жиззах вилояти2018-05-30 16:14:11

Депутатларимиз шу каби муаммоларни ҳал этиб фуқароларимиз ишончларини оқлашса мақсадга мувофиқ бўлади ва халқимиз биздан рози бўлади


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+