Томорқа хазина, ундан самарали фойдаланиш керак!

18.09.2017, 18:42

Томорқа хазина, ундан самарали фойдаланиш керак!

Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг “O‘zLiDeP бошланғич партия ташкилотлари ўз томорқасида тадбиркорлигини бошлаганларга кўмакдош” лойиҳаси республикамизнинг барча ҳудудлардаги маҳаллаларда самарали ташкил қилиняпти ва ижобий натижаларга эришилмоқда.

O‘zLiDeP Қашқадарё вилоят кенгаши томонидан ташкил қилинган учрашувларда маҳаллий кенгаш депутатлари, бошланғич партия ташкилотлари хонадонма-хонадон юришиб, аҳоли томорқасидан самарали фойдаланиш, ўзаро тажриба алмашишда  яқиндан кўмаклашмоқда.

Айни чоғда вилоят кенгаши қошида 982 та бошланғич партия ташкилоти бўлиб, 23 минг нафар партия аъзоларини ўз сафларида бирлаштирган. Ҳозирга қадар депутатлар, БПТ етакчилари ва партия фаоллари 10 мингдан ортиқ хонадонларга киришиб, одамларнинг турмуш шароити, ижтимоий-маънавий муҳит, оила бюджети ва томорқадан фойдаланиш ҳолатларини синчиклаб ўргандилар.

Томорқасини гуллатган инсон турмушини ҳам гуллатиб, ҳаётини баҳордек яшнатиб, шоду хуррам билан умргузаронлик қилаяпти. Бундай хонадонларда муаммолар эмас, янги-янги ғоялар дунёга келаяпти. Миришкор туманида Тўра бобо Нусратов деган меҳнат фахрийси истиқомат қилади. Кексаликни бўйнига олмаган, туну кун янгиликлар яратишдан чарчамайдиган, ташаббускор бу инсон кекса бўлишига қарамай, айрим дангаса ёшларга ибрат бўлмоқда. Партия фаоллари бу хонадонга ташриф буюриб, ажойиб манзаранинг гувоҳи бўлдилар.

Отахоннинг 16 сотих томорқаси бор. Эрта баҳордан қора қишгача  бир қарич бўш ерни кўрмайсиз. Нафақат отахон, балки оила аъзолари ҳам туну-кун томорқада. Хонадонда чорва ҳам, парранда ҳам бор. Зироатчиликнинг барча сирларидан бохабар оила аъзолари билан суҳбат қилсангиз, деҳқончилик қилиш истаги пайдо бўлади сизда. Булар топаётган маблағ кичикроқ фермер хўжалигининг даромадидан ортиқ бўлса бор, кам эмас. Яқин атрофдаги қишлоқлар аҳолиси тез-тез келиб, отахон ва оила аъзоларидан деҳқончиликнинг сир-асрорларини ўрганиб кетишаяпти.

–Ҳар йили 8 сотих майдонда энг сара саримсоқ пиёз экилиб, 1-1,5 тонна ҳосил кўтарамиз, – дейди отахон. – Саримсоқпиёзнинг нафақат юртимизда, балки хорижда ҳам севиб истеъмол қилишади. Бугун юртдошларимиз учун дунё бозорлари эшиклари очилди. Шу боис бобо маҳсулотини эндиликда хорижга, валютага сотмоқчи бўлаяпти. Бугун саримсоқпиёз экадиган палла. Ерни сифатли тайёрлаб, яхши уруғ танлаб, сентябрь тугамасдан  экиб бўлсангиз, мўмай даромад сизники. Совуқ кунлар бошлангунга қадар бир-икки суғориб, бегона ўтлардан тозалаб қўйсангиз бўлди. Қор тагида ҳам у куч олиб, ривожланаверади. Баҳорда ҳам уч марта суғорилади ва енгил ишлов берилади. Май ойида ҳосил тайёр бўлади. Саримсоқпиёзни йиғиштириб олгач, яна икки маротаба экин экишингиз мумкин.

Ғузор туманидаги Совбоғ МФЙ БПТ ташаббуси билан “Хосиятли” фермер хўжалиги раиси Хайрулла Шерқулов ҳомийлигида тўртта хонадонга лимон кўчати олиб берилди. Шунингдек, фермер ҳудуддаги бешта қишлоқда яшовчи 21 нафар кам таъминланган оилаларнинг фарзандларини суннат тўйларини ўтказиб берди.  

– Отам Худойберди бобо бутун умр мактабларга директор бўлиб ишлаб, умрларини туманимизда арча, ёнғоқ, ток ва тут кўчатларини етиштириш ва боғ-роғлар яратиш ишига бахшида этдилар, – дейди Яккабоғ туманидаги Чуброн қишлоғида яшовчи ўқитувчи Шокир Ярашев. – Отамнинг ташаббуси билан  қишлоғимизда илк бор ўз томорқамизда 5 сотих майдонда тўт кўчати экиб, сувни сотиб олиб, челаклаб суғориб кўкартирганмиз. Шу маҳалгача одамларнинг хонадонларида бирорта ҳам дарахт йўқ эди. Кўкармайди деб экишмасди.  Дарахтларни ҳар йили икки марта сел сувлари билан суғориб олардик. Ҳозир ҳар бир хонадонда дарахт бор. Ҳамқишлоқларимиз партия ташаббусига лаббай деб жавоб берганча, хонадонларида ёнғоқ кўчати экишни бошлаб юборишди. Ҳозир айни пайти. Бир-икки сувласангиз тутиб кетади. Ҳар бир хонадон соҳиби 10 тадан ёнғоқ кўчати экаяпти. Бир-икки йилдан сўнг бу дарахтлардан яхшигина даромад топишади. Томорқадан унумли фойдаланишнинг яна бир фойдали томони, оилангизнинг ҳар бир аъзоси фойдали меҳнат билан банд бўлади. Улар ўз меҳнатлари билан мўъжиза яратишиб, инсон бахти, фаровон турмуши меҳнатда эканлигини теранроқ англайди.

Косон туманидаги бошланғич партия ташкилотлари фаоллари мингдан ортиқ хонадонда бўлишиб, томорқа хўжалигини ривожлантириш борасида амалий маслаҳат ва тавсиялар бердилар. Қуйибоғ МФЙ, Пўлати ҚФЙ, “Капитал инвест” БПТлар фаоллари Наргиза Сайимова, Обид Муҳаммадиев, Хўжамберди Маҳманазаров, Севара Ҳусанова ва Жаҳонгир Бобошариповлар оилаларидаги ижтимоий-иқтисодий аҳволни ўрганишиб, уларга экиш учун дарахт кўчатлари, ўз кучи билан иссиқхона ташкил этганларга эса лимон ва бошқа цитрус мевалар кўчатларини олиб беришди.

–Оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиш истагида бўлган хонадонларнинг имкониятлари ҳам тўлиқ ўрганилиб, томорқа хўжалигидан самарали фойдаланишда аҳолига молиявий ва бошқа амалий ёрдам кўрсатилаётганлиги хотин-қизлар ва ёшларнинг бандлигини таъминлашда яқиндан ёрдам бераяпти, –дейди  O‘zLiDeP Қашқадарё вилоят кенгаши ташкилий-партиявий ишлар бўлими мудири Муҳиддин Ҳамроев. –Томорқаси борнинг-баракаси бор, – дейди донишмандларимиз, ундан самарали фойдаланиш ҳар биримиз фаровонлигимиз манбаидир. Аммо буни айрим воҳадошларимиз ҳалигача англаб етганлари йўқ. Шундай ҳолат бўлаяптики, биз айрим оилаларга фаолларимиз билан бориб, уруғ олиб, томорқаларига экиб бераяпмиз. Негаки, энг асосий мақсадимиз ҳам халқни тадбиркор қилиш, одамларни турмуш фаровонлигини таъминлашдан иборат. Уларнинг эзгу ташаббусларини тарғиб қилиш ҳам мазкур лойиҳанинг мақсад вазифаларидан бири саналади. 

 Дарҳақиқат, томорқани ривожлантириш одамларнинг турмуш даражасини оширибгина қолмасдан, ўсиб келаётган ёш авлодни меҳнатга ўргатади. Хотин-қизлар ва ёшларнинг бандлигини таъминлашга муносиб ҳисса бўлиб қўшилади. Энг муҳими, бозор иқтисоди шаротида озиқ-овқат мўл-кўллигига эришилиб, дастурхонлар тўкинлигига хизмат қилади.

  O‘zLiDeP Қашқадарё вилоят кенгаши

Матбуот хизмати

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг! 

Теглар
БПТ
  • Кўрилди
    1586
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

O‘zLiDeP Бухоро туман Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари-аппарат раҳбари Саттор Бафоев2019-04-03 16:45:00

Жорий йилнинг 29-30 март кунлари Президентимизнинг Бухорога ташрифида белгилаб берган топшириқларни бажаришга ситқи дилдан ҳаракат қиламиз.


Ташанов Яздон Самарқанд вилояти Каттақўрғон туман Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари аппарат раҳбари2019-04-03 14:12:00

Президентимизнинг Бухорога ташрифи чоғида белгилаб берган вазифалари биргина Бухоро вилояти учун эмас балки барча вилоятлар учун берилган топшириқлар деб қабул қилишимиз керак.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+