O‘zLiDeP бошланғич ташкилотлари ўз томорқасида фаолият бошлаганларга кўмакдош

24.08.2017, 20:07

O‘zLiDeP бошланғич ташкилотлари ўз томорқасида фаолият бошлаганларга кўмакдош

Бугун мамлакатимизда барча соҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар шиддат билан олиб борилмоқда.  Бундан кўзланган пировард мақсад битта – халқимизни ҳаётдан рози қилиш, бой қилиш. Бунга одамларни тадбиркорликка, ишбилармонликка ўргатиш, кичик бизнес ва тадбиркорлик соҳасини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш орқали эришиш мумкин, албатта. Зеро, Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, “Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади”.

Ҳақиқатан ҳам шундай. Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги ҳаётий, исбот талаб қилмайдиган сўзларидан токи шу кунга қадар аҳолини тадбиркорликка жалб этиш, уларда ишбилармонлик кўникмаларини шакллантириш бўйича ҳукумат даражасида кўплаб амалий саъй-ҳаракатлар, қатор фармон ва қарорлар қабул қилинди. Хусусан, аҳолига банкдан кредит олиб, ўз томорқалари асосида шахсий бизнесини бошлаш учун барча шарт-шароитлар муҳайё қилиниб, ушбу ишларнинг ҳуқуқий механизмлари яратилди. Бунинг натижасида аҳоли ернинг ҳар қаричидан унумли фойдаланишга ҳаракат қилаётир. Бу эса давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “...Аҳолининг ўз томорқасидан фойдаланиб, даромад топишга иштиёқи кучайса, уларнинг фаровонлиги ортади. ... Уйида даромад топган, фарзандларини ҳам шу руҳда ўстирган оила фаровонлигига замин яратади.” Ҳақиқатан ҳам омилкор, ишбилармон киши учун ердан қадрлироқ ва бебаҳо неъмат бўлмаса керак. Томорқадан унумли фойдаланиш нафақат ўша хонадонга, балки маҳалла-кўй ва бутун жамиятга наф келтиради.

Ҳозирда халқимиз тижорат банкларидан кредитни ҳеч қандай тўсиқларсиз, оворагарчиликларсиз қисқа фурсатларда олаяпти. Бир сўз билан айтганда, ҳар бир фуқаро ўзининг куч ва имконияти, қобилияти ва салоҳиятини рўёбга чиқариши учун кенг шароит ва имконият яратиб берилди. Танганинг ҳам икки томони бўлганидек, тадбиркорликка қўл уриш истагидаги аҳоли банкдан қийинчиликсиз кредитни олаяпти-ю, лекин уларнинг аксарияти у ёғига нима қилишни, ишни нимадан бошлашни билмасдан чорасиз қолаётганини инкор этиб бўлмайди.

Ваҳоланки, томорқа асосида ўз муваффақиятли бизнесини йўлга қўйиш учун фақатгина кредит олишнинг ўзи кифоя қилмайди. Бу борада Президентимиз томонидан қўйилаётган талаб бошқа. Яъни банклар аҳолига фақатгина кредит бериш билан чекланиб қолмасдан, бир вақтнинг ўзида халқимизни тадбиркорликка, ишбилармонликка ўргатиши ва шунга етаклаши лозим. Мақсадки, аҳолида кредитни олгандан кейин иккиланиш, саросима бўлмаслиги керак. Улар ўз ишини бошлар экан, зарур бўлганда ёнида маслаҳатчиси, суянчиғи борлигини билиб, сезиб туриши керак. Шу орқали кичик бўлса-да, ўзининг корхонасини ташкил этиб, қонуний асосда даромад топиши ва шу орқали мамлакат ривожига муносиб ҳисса қўшсинлар.

O‘zLiDeP томонидан амалга оширишга киришилган “O‘zLiDeP бошланғич ташкилотлари ўз томорқасида фаолият бошлаганларга кўмакдош” лойиҳасидан кўзланган мақсад ҳам айнан мана шу вазифаларни ҳал қилишга қаратилган. Токи, ҳар бир оила ўз томорқасида бирор бир тадбиркорликка қўл урар экан, ёнида маслаҳатгўйи, ишончли елкадоши борлигини ҳис қилиб турсин. Керак пайтда кимга мурожаат қилишини, кимдан ёрдам кутишини билсин. БПТлар эса ўз навбатида улардан доимо хабар олиб, керак бўлса, зарур ёрдамни олишларига кўмак берсин.

Тўғри, бир қарашда бундай ишлар партия бошланғич ташкилоти ваколатига кирмайдигандек. Лекин, бугун жойларда шундай амалий ишларга қўл урилаётган бир даврда, тадбиркорлар қатлами номидан иш кўраётган сиёсий партиянинг аҳоли билан бевосита мулоқотда бўлган бошланғич тузилмалари бу ишлардан четда туриши мумкин эмас. Қолаверса, бундай амалий ишлар уларга аҳолининг ичига кириб, дарду-ташвишларига янада яқинроқ бўлиш имконини беради. 

Лойиҳа самарасини қуйидаги таҳлилий ҳисоб-китоблардан ҳам билиб олиш қийин эмас. Хусусан, айни пайтда партия ҳузурида 11 мингга яқин БПТ фаолият юритмоқда. Энди уларнинг ҳар бири ўртача 5 та оила билан бевосита ишласа, натижада 55 мингдан ортиқ оила қамраб олинади. Бу – агар иш тизимли йўлга қўйилиб, сидқидилдан амалга оширилса, йилига шунча оила тадбиркор бўлади, деганидир. Масаланинг энг муҳим жиҳатларидан яна бири, партия шу амалий ташаббуси билан Сайловолди дастурида қайд этилган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш, шахсий ташаббусларни амалга ошириш учун энг қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш каби вазифаларни озми-кўпми бажаришга эришади.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, партия томонидан мазкур ишлар тўхтаб қолмайди, албатта. Ҳозирча, биринчи босқичда ҳар бир бошланғич ташкилот 5 та оилани қамраб олаётган бўлса, кейинчалик бу рақамни 10-15 тага чиқариш кўзда тутилаяпти.

– Қуйи бўғинлар аъзолари маҳаллий кенгашлар депутатлари билан ҳамкорликда хонадонларга бориб, суҳбат ўтказишяпти, муаммолар ўрганиляпти, – дейди партия ҳудудий ташкилотининг бошланғич ташкилотлар билан ишлаш гуруҳи раҳбари Алибек Раҳматов. – Айниқса,  уюшмаган ёшлар билан ишлашга алоҳида эътибор қаратилаётир. Қайд этиш жоизки, сафдошларимиз кўмагида август ойи давомида йигирмага яқин йигит-қизнинг бандлиги таъминланди.

Қарши шаҳридаги “Санам” масъулияти чекланган жамиятида ташкил этилган БПТ  томонидан Наргиз Қодировага тадбиркорликни бошлаш учун зарур бўлган бизнес лойиҳа тайёрлашда ёрдам берилди. Мазкур қуйи тузилма раиси Ҳалима Ёқубованинг маълум қилишича, йигирма кун мобайнида шаҳардаги бир қанча хонадонларга кириб чиқилди ва муҳтож оилаларнинг 2 нафар аъзоси корхонага ишга жойлаштирилди.

Шаҳрисабз туманидаги “Паҳлавон” тиббий ташхис марказидаги таянч бўғин фаоллари бир неча хонадонга бориб,  ота-оналар ва болалар саломатлигини текширувдан ўтказиб, баъзиларга даволаниш учун  шифохоналарга йўлланма бердилар.

Касби туманидаги “Юрт ризқи” МЧЖда иш юритаётган бошланғич ташкилот томонидан Хўжаҳайрон қишлоғида яшовчи муҳтож оилаларга моддий ёрдам берилди, шунингдек, тадбиркорликни йўлга қўйишлари учун кўмак кўрсатилди. Сафдошларимиз саъй-ҳаракати билан икки  ёш оила тадбиркорлик мақсадлари учун банкдан сармоя олишга муваффақ бўлдилар. 

Ҳозирда БПТ фаоллари депутатлар билан биргаликда уюшмаган ёшларни фермер хўжаликлари ва саноат корхоналарига ишга жойлаштириш,  маҳалла кўчаларини ҳашар йўли билан ободонлаштириш  ишлари билан машғул.

З. РАҲМОНОВА, С. ИКРОМОВ,

“XXI asr” мухбирлари

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг! 

Теглар
БПТ
  • Кўрилди
    1520
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+