Маҳмуд Тоир: O‘zLiDeP танлови кўпгина истеъдодли ижодкорларни кашф қилади

02.08.2018, 17:41

Маҳмуд Тоир: O‘zLiDeP танлови кўпгина истеъдодли ижодкорларни кашф қилади

Шу кунларда O‘zLiDeP ташаббуси билан барча вилоятларда мамлакатимиз мустақиллигининг йигирма етти йиллигига бағишлаб “Ватаним – обод қўрғоним” номли тарғибот тадбири доирасида “Фаол тадбиркор – ижодкор нигоҳида” Республика ижодий танлови тақдимотига бағишланган очиқ мулоқотлар ташкил этилмоқда.

Паркентнинг сўлим гўшаси – Сўқоқда бўлиб ўтган очиқ мулоқотда партия фаоллари, таниқли ёзувчи ва шоирлар, журналист ҳамда тадбиркорлар қатнашди.

– O‘zLiDePнинг бу хайрли ташаббуси биз ижодкорлар учун муносиб чорлов бўлди, – деди Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Тошкент вилоят бўлими масъул котиби Маҳмуд Тоир. – Етакчи партия шу орқали Президентимиз раҳнамолигида ижодкорларга кўрсатилаётган ғам­хўр­ликнинг яна бир кўринишини намоён қилаётгани эътирофга лойиқ иш. Ишонаманки, мазкур танлов баҳона кўпгина истеъдодли ижодкорлар кашф қилинади. Асосийси, бугунги кун тадбиркорининг асл қиёфаси чизилишига эришилади.

– Одатда паркентлик ишбилармон дейилса, кўз олдимизга машҳур боғбонлар, тажрибали зироатчилар келади, – дейди  “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси бош муҳаррири Ўктам Мирзаёров. – Аммо бугунги кузатувлар мобайнида шунга амин бўлдимки, бу ерлик заҳматкашлар янги босқичга қадам қўйибди: маҳсулотни қайта ишлаш, доривор ўсимлик етиштиришдаги ютуқларини кўриб, зўр-зўр бадиий асарлар, публицистик очерклар ёзиш керак экан, деб ўйладим. Келгусида вилоятлик ижодкорлардан бу борада катта чиқишларни кутиб қоламиз.

Очиқ мулоқотда, шунингдек, O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши аъзоси, “XXI asr” газетаси бош муҳаррири, Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Норқобил Жалилов, O‘zLiDeP Сиёсий таълим маркази раҳбари Насимжон Алимов, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги Тошкент вилояти бўлими директори Зарифа Эралиева, “Оҳангарон ҳаёти” газетаси бош муҳаррири Беҳзод Қобуловлар ҳам танлов тўғрисидаги мулоҳазаларини билдиришди.

O‘zLiDeP Тошкент вилоят Кенгаши

матбуот хизмати

O‘zLiDePнинг Facebook ва Instagramдаги расмий саҳифаси ҳамда Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    1395
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+