Ислоҳотлар бардавомлиги учун масъулмиз

11.12.2017, 16:55

Ислоҳотлар бардавомлиги  учун масъулмиз

Яқинда бўлиб ўтган катта анжуманда  Муҳтарам Президентимизнинг “Ризқ-рўзимиз бунёдкори бўлган қишлоқ хўжалиги ходимлари меҳнатини улуғлаш, соҳа ривожини янги босқичга кўтариш асосий вазифамиздир” деб номланган маърузасида биз фермерларнинг келгусида амалга оширадиган энг муҳим вазифаларимиз белгилаб берилди, десам айни ҳақиқатни айтган бўламан. Юртбошимиз мамлакатимизда етиштирилаётган мева-сабзавотнинг 15 фоизи қайта ишланаётганлиги, бор-йўғи 8 фоизи экспорт қилинаётганлигини ниҳоятда ачинарли ҳолат эканлигини таъкидлаб ўтдилар. Очиғи, бизнинг туманимизда ҳам етиштирилаётган меваларнинг катта қисми қайта ишланмаганлиги сабабли нобуд бўлмоқда. Биз меваларни сақлаш учун фермер хўжалигимизда 300 тонналик совутгични ишга туширдик. Бу ўн нафар ёшлар учун янги иш ўринлари демакдир. Бугунги кунда яна 200 тонналик сиғимдаги совуткич қурилишини бошлаб юбордик. Ҳадемай ишга тушади. Келгусида мевани қуритиб қадоқлайдиган замонавий технология келтириб, 30 нафар ёшларни иш билан таъминлашни режалаштираяпмиз.

Озод юртимизда фермерлик ҳаракати ривожлантирилиб, ер майдонлари тажрибали ва ишбилармон деҳқонларга ишониб топширилгани маҳсулот етиштириш ҳажмини йил сайин ўсишига хизмат қилаяпти. Истиқлолнинг мусаффо ҳавосидан нафас олиб ризқ-рўз ундираётган дала меҳнаткашлари эришаётган ютуқлар таҳсинга сазовор. Берилган имкониятлардан оқилона фойдаланиб, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйган, меҳнати, изланиши, интилиши туфайли мамлакат тараққиёти, эл-юрт ривожига муносиб ҳисса қўшаётган ишбилармонлар давлатимиз томонидан қўллаб-қувватланаётганлиги ислоҳотларни жадаллаштиришда муҳим омил бўлмоқда. Бундай тўкислик, аввало, заминимиз саховати, мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш борасида изчил амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасидир. Мамлакатимизда фермерликнинг ривожланиши, миллий қадрият ва анъаналаримизнинг давомийлигини таъминлашга, мамлакат иқтисодиётининг янада барқарор ривожланишига, энг муҳими аҳоли турмуш тарзини яхшиланишига хизмат қилмоқда.

Аммо кўрсатилаётган ғамхўрлик ва эътиборга яраша меҳнат қилаяпмиз дея олмайман. Айрим жойларда ердан самарали фойдаланилмаяпти. Серҳосил боғлар яратиш борасидаги ишлар талабга жавоб бермайди. Айрим юртдошларимиз томорқасидан самарали фойдаланаётгани йўқ. Эл дастурхонининг тўкинлиги, юртнинг ободлиги, бозорларимизнинг меваю чева, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан тўлиб-тошиб туриши деҳқон ҳосилининг мўл-кўллигига боғлиқ экан, юртбошимиз таъкидлаганларидек, бугунги фермердан ишни тўғри ва оқилона ташкил қилиши, агротехник тадбирларни пухта ўтказиши, қишлоқ хўжалик зараркунандалари ва турли касалликларнинг салбий таъсирини бартараф этиш борасида катта матонат ва маҳорат билан фаолият олиб бориши зарур. Бугун деҳқоннинг онгу тафаккури ўзгариб, ўз ери ва мулкига эгалик ҳисси кучайиб, ўз меҳнатидан тобора баҳраманд бўлаётгани қувонарли. Кишида ҳавас уйғотувчи бундай ўзгаришлар, қишлоқ хўжалигининг жадал ривожланиши, аҳоли турмуш тарзи фаровонлашиб бораётганини кўрсатмоқда.

          Насиба НУРОВА,

Китоб  туманидаги “Элдорбек-Аброржон

Луқмонович” фермер хўжалиги раҳбари

  • Кўрилди
    2812
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+