Сирдарёлик тадбиркорнинг дардини ким эшитади?

17.02.2019, 08:48

Сирдарёлик тадбиркорнинг дардини ким эшитади?

Мен Сирдарё вилоятида олти йил аввал тадбиркорлик фаолиятимни бошлаган бўлсам-да, лекин ҳалиям етарли даражада иш юрита олмаяпман. Нега, нима учун, деган ҳақли саволлар туғилиши табиий. Мамлакатимизда Президентимиз ташаббуси билан барча соҳаларда, айниқса, юрт тараққиёти, халқ фаровонлигини таъминлашда катта улуш қўшаётган фидойи, ишчан тадбиркор ва ишбилармонларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашдек эзгу мақсадлар амалга оширилаётган бир пайтда бизнинг вилоятда, афсуски, ислоҳотларга тўсиқ бўлувчи салбий ҳолатлар рўй бермоқда.

Шахсан ўзим  2013 йили “Жасур, Вазира, Мухлиса” хусусий корхонасини ташкил этдим. 2013 йил 31  июнь куни Сирдарё вилояти Гулистон тумани “Боёвут” СИУга қарашли Соҳил маҳалласи ҳудудидан Сирдарё дарёсининг оқиб ўтувчи қисмида қум-шағал норуда материаллари тўплаш ва қирғоқ бўйини мустаҳкамлаш, қолган бир қисмини сотиш учун 16 гектар ер майдони ажратиб бериш учун ариза билан мурожаат қилдим.

2013 йил 11 ноябрда Гулистон туман ҳокимининг хусусий корхонамиз номига ер ажратиш тўғрисидаги қарори чиқди. Ҳокимликнинг ер ажратиш комиссияси далолатномаси талабларига асосан ишни тегишли корхона ва ташкилотлардан техник шарт ва хулосалар йиғишдан бошладим. Аввалига иш унчалик ҳам қийин кечмади. Барча техник шарт ва хулосалар вилоятнинг ўзида ҳал бўлди. Фақат экология бўйича хулоса давлат экология қўмитасидан олиниши зарур экан. Лекин ана шу ҳужжатни қўлга киритиш чўзилгандан-чўзилаверди.

Ниҳоят, орадан уч йил ўтиб, яъни 2016 йилнинг 21 ноябрида Респуб­лика экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси экологик экспертизасининг 18/1910 “З”-сонли “ЗВОС” лойиҳасига ижобий хулосани қўлга киритганимда ўзимда йўқ қувондим. Лекин эрта суюнган эканман...

Агар ишни ўша кезлардаёқ бош­лаганимда, ўтган вақт давомида солиқларни тўлаб, давлат хазинасига анчагина маблағ туширган, дарё ўзанини мустаҳкамлаш, дарё бўйида яшаётган аҳоли хавфсизлигини таъминлашга ҳиссамни қўшган,  бундан ташқари, бир қанча ёшларни иш билан таъминлаган бўлардим.

Айни пайтда, хусусий корхонам ҳисобида 5 дона ҳар хил махсус техника мавжуд. Яна, Хоразм вилоятидан дарёдан қум тортиб олувчи мослама олиб келиб ўрнатиш учун келишувга ҳам эришганман. Бироқ бу орада тегишли идора томонидан экологик экспертизанинг 2-босқич, яъни ЗЭП лойиҳасига ҳам хулоса зарурлиги айтилгач, бу ҳужжатни олишга зудлик билан киришдим. Тегишли шартномани тузиб, белгиланган тўловларини тўлиқ амалга оширдим.

Шу орада дарё ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мус­таҳкамлаш, норуда фойдали қазилмаларни қазиб олиш юзасидан Президентимизнинг 2017 йил 25 сентябрдаги “Сув объектларини муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эълон қилинди. Тўғриси, бу қарорни матбуотда ўқиб, кўзимдан ёш чиқиб кетди. Ахир тўрт йилдан буён мени қийнаб келаётган муаммоларга ана шу муҳим ҳужжатда жавоб топилгандек эди-да. Ўшанда ўзимни гўё елкамдан тоғ ағдарилгандек ҳис қилдим. 

Аммо вақт ўтиши билан елкамдаги юк вазни икки ҳисса ортаверди гўё. Чунки ҳамон хулоса қўлимга тегмаётганди. Республикадаги мутасадди раҳбарлар ишим  ижобий ҳал бўлиши учун Сирдарё вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи Ў. Сайдаев билан учрашишим зарурлигини айтишди. “Ўзимизнинг вилоятда экан-ку, энди ҳаммаси рисоладагидек ечилса керак”, деган умидда бошқармага бордим. Лекин бошқармадаги мутахассислар томонидан ҳужжатлаштириш ишларини орқага чўзиш яна бошланди. Раҳбарнинг топшириғига биноан, мен ўз ҳисобимдан 150 миллион сўм миқдорида ушбу идорага ҳомийлик ёрдами сифатида маблағ ўтказиб берсам, шундан сўнггина масала ҳал этилиши мумкинлиги очиқ айтилди. Нима қилайин, бундай катта маблағни топишга менинг қурбим етмади. Аввало, иш бошлолмай олти йилдан бери овораю сарсон бўлиб юрган бўлсам, шунча пулни қаердан олишим мумкин? Қолаверса, ҳали айтганимдек, сотиб олган техникаларим, керакли ҳужжатлар учун сарфланган харажатларни ўз ёнимдан, бирор жойдан қарз кўтармай амалга оширгандим.

Давлатимиз раҳбари имзолаган ўша қарорда: “Фақат 2017 йилда дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш, норуда фойдали қазилмаларни қазиб олиш ишларини ноқонуний амалга ошириш бўйича 228 та ҳолат, шу жумладан, давлат экологик экспертизаси хулосаси ёки норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини берадиган лицензияси мавжуд бўлмаган 176 та субъект томонидан ноқонуний амалга оширганлик ҳолатлари аниқланган”, дея таъкидланган. Узоққа бориб юрмайлик, айнан худди ўшандай ҳолатлар мен тадбиркорлик фаолиятимни юритмоқчи бўлиб турган ҳудудда ҳам куппа-кундузи кузатилмоқда. Менга ажратиб берилган ҳудудда дарё ўзанидан бир “тадбиркор” дарё бўйига дарахт экиш лойиҳаси бўйича Гулистон туман ҳокимининг қарори билан қум-шағал, норуда материалларини қазиб олаётганини қандай изоҳлаш мумкин?

“Бунга сизнинг ҳаққингиз йўқ. Дарахт экиш учун дарёдан, айниқса, менга тегишли ҳудуддан қум-шағал қазиб олишингиз ноқонуний-ку?” десам, у: “Хоҳласам, сени бу йўлдан умуман юргизмай қўяман. Бу ер менга тегишли. Вилоят фавқулодда вазиятлар идораси рухсат бердими, демак, ҳаққим бор”, дея жавоб қилди. Демак, бундан чиқди, вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимлари дарёдан қум-шағал, норуда материаллари қазиб олишга қонуний ҳуқуқи борми-йўқми, ҳомийлик кўрсатганга рухсат бериб юбораверар экан-да?

Президентимизнинг “Сув объектларини муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ва Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 декабрдаги “Дарё ўзанини мустаҳкамлаш тўғрисида”ги қарорлари ижросини Сирдарё вилоятида назорат қиладиган комиссия амалда ҳам борми ёки ўша рўйхат номигагина фақат қоғозда тузилганича қолиб кетаверадими? Ушбу ҳужжатлар асосида ишлаб чиқилган талабларга мувофиқ тадбиркорлик фаолиятимни бошлашим учун амалий ёрдам кўрсатадиган идора Сирдарёда бормикан?

Файзулла ПЎЛАТОВ,

“Жасур, Вазира, Мухлиса”

Хусусий корхонаси раҳбари

  • Кўрилди
    1367
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+