O‘zLiDeP сайёр қабули: Косонсой туманидаги “Шерозий” маҳалласининг 72 хонадонига ичимлик суви тармоғи тортиб берилди

15.05.2019, 15:54

O‘zLiDeP сайёр қабули: Косонсой туманидаги “Шерозий” маҳалласининг 72 хонадонига ичимлик суви тармоғи тортиб берилди

O‘zLiDeP  Наманган вилояти Кенгаши Косонсой туманидаги “Шерозий” МФЙ аҳолиси билан сайёр учрашув ўтказди.

Партия депутатлик гуруҳи аъзолари, тегишли масъул мутасадди ташкилотлар раҳбарлари иштирокида ўтказилган учрашувда аҳоли томонидан маҳаллаларнинг айрим кўчаларидаги ички йўлларни таъмирлаш, тоза ичимлик суви сифатини яхшилаш, уй-жой билан таъминлаш, тадбиркорликни йўлга қўйишга кўмаклашиш борасида мурожаатлар қилинди.

Ушбу маҳаллада истиқомат қилаётган С.Алимова “Олтин кўл” МФЙ ҳудудидаги бўш турган ва фойдаланилмаётган бинони ажратиб беришни, у ерда тикувчилик цехи ташкил этиш истаги борлигини билдирди.

Мазкур мурожаат шу жойнинг ўзида ўрганилиб, туман ҳокимлиги билан келишилган ҳолда қаровсиз ётган бинони С.Алимовга тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиши учун ажратиб берилди. Тадбиркор ушбу ҳудуд аҳолисининг 8 нафар ёшларини иш билан таъминлашни мақсад қилган.

Бундан ташқари, фуқаро Мухторжон Назаров маҳаллани канализация тизимини мукаммал таъмирлаш ҳамда ички кўчаларни шағаллаштириш масаласида амалий ёрдам сўради.

Шу маҳаллада яшовчи Икромжон Хасанов маҳалла ҳудудида ичимлик суви тармоғи тортиш бошланган бўлсада бироқ охирига етказилмай қолиб кетганлиги бўйича шикоят қилди.

- Сайёр қабулда тегишли мутасадди ташкилотлар раҳбарлари иштирок этганлиги сабабли кўтарилган масалаларнинг аксарияти мулоқот жараёнида ижобий ечим топилди, - дейди O‘zLiDeP Наманган вилоят Кенгаши фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўлими мудири Музаффар Тўхтасинов. Учрашувдан сўнг, партия аралашуви билан  депутат Зохиджон Нуриддинов назорати остида Ал-Фарғоний кўчасида 24 та, Олтин Диёр кўчасида эса 48 та хонадонларга ичимлик суви тармоғи тортилиб, аҳоли   мурожаатлари қаноатлантирилди. Шунингдек, Муруват кўчасидаги 2,5 км. ички йўллари шағаллаштирилди.

Вилоят марказидан олис ҳудудларда аҳоли билан сайёр учрашувлар ўтказиш давом этяпти, аниқланган муаммоларнинг баъзилари жойида ҳал этилиб, ўрганиш вақт талаб этиладиган масалалар юзасидан тегишли ташкилотларга депутатлик сўрови киритилмоқда.

Юлдуз ЮЛДАШЕВА,

O‘zLiDeP Наманган вилоят

Кенгаши матбуот котиби

  • Кўрилди
    176
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+