Бир йилда 200 та иш ўрни яратган тадбиркор “Ишбилармон аёл” кўрик-танловининг Сирдарё вилоят босқичи ғолиби бўлди

11.07.2019, 17:42

Бир йилда 200 та иш ўрни яратган тадбиркор “Ишбилармон аёл” кўрик-танловининг Сирдарё вилоят босқичи ғолиби бўлди

Сирдарёда “Ишбилармон аёл” кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Дастлаб, иштирокчилар томонидан ишлаб чиқарилган қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат, қандолат маҳсулотлари, аёллар, келинлар ва болалар либослари, зардўзлик, ҳунармандлик ва заргарлик буюмлари кўргазмаси намойиш этилди. Сирдарёлик тадбиркорлар ишлаб чиқарган маҳсулотлар иштирокчиларда катта ҳавас уйғотди.

Танловда вилоятда энг кўп иш ўринлари яратган сайхунободлик Гулчеҳра Файзуллаева “Ишбилармон аёл” кўрик-танловининг вилоят босқичи ғолиби бўлди.

“Ўтган йили “Гули модалар дунёси” номли тикувчилик корхонасини ташкил этган эдик. Қисқа вақт ичида 200 нафарга яқин қишлоқ қизлари учун янги иш ўринлари яратдик. Айни пайтда маҳсулотларимизни ички ва ташқи бозорларга сотяпмиз. Яқинда туманнинг чекка ҳудуди “Иттифоқ” МФЙда икки қаватли 100 ўринга мўлжалланган боғча қуриб, фойдаланишга топширдик”, – дейди Г.Файзуллаева.

 “Оилавий тадбиркорликни 2012 йилда бошлаганмиз, – дейди гулистонлик Шаҳноза Ибрагимова. –Унгача дадам Содиқжон Ибрагимов 1986 йилдан буён асаларичилик билан шуғулланиб келардилар. Оиламизда товуқ, ўрдак, ғоз билан бир қаторда бройлер товуқларини боқиб парҳез гўшт етиштириш ҳамда қуёнчиликни ҳам йўлга қўйдик. Парҳез гўшт ва тухум маҳсулотлари тумандаги чойхона, тамаддихона ва аҳолига етказиб бериляпти”.

 Ибрагимовлар оиласи бу йил 2,5 сотих майдонда иссиқхона ташкил қилди. Февраль ойида иссиқхонага помидор кўчатларини эккан тадбиркор уни эрта баҳорда истеъмолчиларга етказиб бериб, биргина помидорнинг ўзидан 10 миллион сўмдан зиёд даромад олишди. Ҳозир иссиқхонада иккинчи экин – кўкат, помидор, бодринг, бақлажон ва сабзавотлар етиштирилмоқда. 60 та асалари уясидан олинаётган 1 тонна 700 килограммгача бўлган асал маҳсулотининг ҳам ўз харидори бор.

Санобар Жўрабоева айни пайтда пенсияда. Кўп йиллар медицина соҳасида ишлаб халқ хизматида юрган аёл бекорчиликни ўзига эп кўрмади. Турмуш ўртоғи Х.Жўрабоев билан бамаслаҳат уй шароитида дуккакли маҳсулотлар ва зираворларни қадоқлаб бозорга олиб чиқишди. Маҳсулотлар тез орада ўз харидорини топиб буюрмачилар сони ортгач, оилавий тадбиркорлар турли хил ширинликлар ва қуруқ меваларни ҳам қадоқлашни йўлга қўйишди. Натижа улар кутганидан ҳам аъло бўлди. Оилавий тадбиркорлар томонидан  “EXCLUSIVE  MARKETIHG  ART” МЧЖга асос солиниб, мазкур МЧЖ томонидан “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” ёрлиғи остида қадоқланаётган, сертификатланган юзлаб маҳсулотлар хорижга экспорт қилинмоқда.

“Яқинда вилоятда туризмни ривожлантириш бўйича лойиҳа ишлаб чиқдик,– дейди С.Жўрабоева. – Бу соҳани ривожлантириш орқали 17 нафар (шулардан 10 нафари хотин-қизлар, 7 нафари йигитлардир) ёшларни иш билан таъминлаймиз”.

Янгиер шаҳридаги Махсуда Жабборова “MAKS TEKSTIL SERVIS” корхонаси фаолиятини 10 нафар ишчи билан бошлаган эди. “Обод юрт” МФЙ ҳудудида фаолиятини давом эттираётган тадбиркор аёл “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида “Агробанк” вилоят филиалидан 200 миллион сўм миқдорида кредит олиб фаолиятини кенгайтирди. Корхонада ишлаб чиқарилаётган 35 хил турдан зиёд болалар ва катталар кийим-кечаклари, чойшаблар ички ва ташқи бозорлардан ўз харидорини топди. Ишчи-хизматчилар сони ҳам 40 нафарга етди.

“Корхонамиз цехларига энг сўнгги русумдаги, замонавий тикув дастгоҳларини ўрнатганмиз, – дейди М.Жабборова. – Ишчи-ходимларимиз моддий манфаатдорлиги йилдан йилга ошиб боряпти. Чеварларимиз меҳнатига қараб 600 минг сўмдан 1,5 миллион сўмгача ойлик маош оляпти”.

Сардобалик ёш ҳунарманд Н.Аҳмедова, боёвутлик, “Болғали қилич ака”  кўп тармоқли фермер хўжалиги раҳбари Г.Қаршибоева, тадбиркор Г.Каримбоева, сирдарёлик Ш.Холиқуловаларнинг ҳам фаолиятлари ўрганса, ибрат олса арзигулик.

 Танловда Г.Файзуллаевадан ташқари, С.Жўрабоева ва Ш.Ибрагимовалар ҳам ғолибликни қўлга киритишди.

Ғолиблар ташкилотчиларнинг қимматбаҳо ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Дилором ЭСОНОВА,

O‘zLiDeP Сирдарё

вилоят Кенгаши

 матбуот котиби

  • Кўрилди
    278
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+