Истиқболли лойиҳалар ижроси амалда

27.08.2019, 11:53

Истиқболли лойиҳалар ижроси амалда

O‘zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши “Аёллар қаноти” ҳамда Сайхунобод туман Кенгаши  ходимлари билан ҳамкорликда “Тадбиркор аёл” лойиҳаси доирасида “Тадбиркорлик – фаровон ҳаётнинг муҳим асоси” мавзусига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

“Дилрўз – Дилсўз-ҳамкор” ҳамда унинг тасарруфидаги “Жийдануртекс” МЧЖда ташкил этилган тадбирда партия фаоллари, сайхунободлик тадбиркорлар, “Гулистон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги аҳоли ҳамда ёшлар вакиллари иштирок этди. Қатнашчилар тадбиркор Дилфуза Артикованинг фаолияти билан танишдилар.

Мулкни давлат тасарруфидан чиқариш бўйича яратилган янги тизим, яъни бўш турган биноларни инвестиция киритиш шарти билан “ноль” қийматида сотиш амалиёти Сирдарё вилоятининг чекка ҳудудларида ҳам ўз самарасини бераётир.  Мазкур тизим хусусийлаштириш жараёнини жадаллаштириш билан бир қаторда ишлаб чиқаришга илғор технологияларни жорий қилиш ҳисобига экспортбоп маҳсулотлар тайёрлаш ва янги иш ўринлари яратиш имконини беряпти.

Асли касби ўқитувчи бўлган Дилфуза Артикова ҳам берилаётган имкониятлардан тўғри ва ўз ўрнида фойдалана билди. Ўзи яшаётган “Гулистон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги бир пайтлар санаторий-профилакторий бўлган, кейинги ўн йиллардан зиёд вақтдан буён ташландиқ ҳолатга келиб қолган бинони “ноль” қийматида 780 миллион сўм миқдорида  ва 54 та иш ўрни яратиш шарти билан унга берилиши тадбиркор учун янги имкониятлар эшигини очди.

Ўтган даврдаги тажрибаси унинг тадбиркорлигини кенгайтиришга йўл очди. Интилиш, изланиш янгиликка етаклайверади. Қисқа вақт ичида бинода таъмирлаш ишлари бошлаб юборилди.  Тадбиркор томонидан дастлаб тикув цехи ташкил қилинди. Унинг бичиш, тикиш, дазмоллаш, тайёр маҳсулотларни бозорга чиқариш ишлари билан 15 нафардан зиёд хотин- қизлар шуғулланишмоқда. Икки нафар уй бекаси эса касаначилик асосида фаолият юритмоқда. Чеварлар тиккан маҳсулотларнинг маҳаллий бозорларда чаққон сотилаётганлиги ҳам ишнинг тўғри ташкил қилинганлигидан далолат беради.

“Асакабанк” Сирдарё вилоят филиадан 3 миллиард 700 мин сўм миқдорида кредит олган Дилфуза Артикова “Жажжи болажон” номли хусусий боғчасига ҳам асос солди.

- Кейинги йилларда мактабгача таълим муасасаси мудираси бўлиб фаолият юритаётган бўлсамда, уйда оилавий тадбиркорлик билан шуғулланганмиз,- дейди Дилфуза Артикова. - Бўш вақтларимизда буюртма асосида чойшаблар, давлат идоралари учун махсус кийим-бош тикиш билан шуғулланардик.

Бугунги кунга қадар ҳудудда замонавий шароитларга эга, чет тилини пухта ўргатадиган хусусий боғча йўқ эди.  Олинган кредит эвазига тадбиркор ташаббуси билан қуриб битказилган 150 ўринли тарбия масканида болаларнинг ҳар томонлама баркамол улғайиши учун барча шароитлар яратилган. Кичкинтойларга рус, инглиз  тили пухта ўргатилаётган боғчада 28 нафарга яқин педагог ва тарбиячи меҳнат қилмоқда.

Тадбиркор Дилфуза Артикова изланишда давом этмоқда. У бинонинг иккинчи корпусини ҳам таъмирлаш ва пардозлаш ишларини якунлаш арафасида. Дилфуза бу ерда чет эллик ҳамкорлар билан суяк ва бўғим хасталиги билан оғриган беморларни даволаш мақсадида соғломлаштириш марказини ташкил қилиш ҳаракатида юрибди.

- Яқинда Ҳиндистонда бўлиб қайтдим,- дейди Дилфуза Артикова. - Клиникани ташкил қилиш ва фолиятини йўлга қўйиш учун 100 минг долларлик инвестиция шартномасини имзоладик. Яқин кунларда мутахассислар ташрифини кутаяпмиз.

Атрофини қалин мевали ва манзарали дарахтлар ўраб турган, соя-салқин  гўшада биноларни таъмирлаш, пардозлашнинг ишлари ниҳоясига етаяпти. Тадбиркор аёл болалар боғчасини ва келгусида шифо масканини мева-чева ва полиз маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида 5,5 гектар ерни ўзлаштириб у ерда боғ ташкил қилди. 4000 тупдан зиёд мевали дарахтлар экилди.

Тадбиркор фаолияти билан атрофлича танишилгач иштирокчилар “Жажжи болажон” мактабгача таълим муассасасида жамулжам бўлишди. Бу ерда тадбиркорликка оид савол-жавоблар, баҳс-мунозаралар бўлиб ўтди. Тадбир сўнгида 20 нафар ёшлар партия сафига қабул қилинди.

Дилором ЭСОНОВА,

O‘zLiDeP Cирдарё

вилоят Кенгаши

 Матбуот котиби

  • Кўрилди
    262
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+