Илғор фермер хўжалигининг тажрибаси оммалаштирилмоқда

12.09.2019, 17:42

Илғор фермер хўжалигининг тажрибаси оммалаштирилмоқда

O‘zLiDeP Хоразм вилоят Кенгаши Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томарқа ер эгалари вилоят Кенгаши билан ҳамкорликда Янгиариқ туманидаги “Амру Даврон” кўп тармоқли фермер хўжалигида “Қишлоқ хўжалигида маҳсулот етиштириш, қайта ишлаш ва сотиш уйғунлиги” мавзусида амалий семинар ташкил этди.         

Семинардан кўзланган мақсад – Президентимизнинг ҳудудларга ташрифи чоғида берган топшириқларининг ижросини таъминлаш, жорий йил ғалладан бўшаган майдонларга такрорий экинларни экиш борасидаги ташкил этилган ишлар ҳамда фермер хўжаликлари фаолиятини ўрганиш, тажрибасини оммалаштириш ва амалий ёрдам кўрсатишдан иборат.

 “Фермер хўжалигимизнинг умумий ер майдони 113 гектар бўлиб, шундан 95 гектари экин майдонини ташкил этади. Асосан уруғлик учун пахта ва ғалла экинларини етиштириб берамиз. Жорий йил 30 гектар майдонга ғалла экиб, мўл ҳосил олдик. Айни пайтда 55 гектар майдонга экилган пахтани йиғиб олишга қизғин ҳозирлик кўряпмиз”, – дейди фермер хўжалиги раҳбари М.Қурёзов.

Қайд этилишича, фермер юртимизда қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантиришга қаратилаётган имкониятлардан самарали фойдаланиб, 5,7 гектар майдонда балиқ етиштиришни ҳам йўлга қўйган. Хўжалик таркибида нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган цех ва ун тегирмони ҳам мавжуд. Шунингдек, фермер хўжалигида 22 бош  қорамол, 40 бош қўй, 200 дан ортиқ паррандалар ҳамда 25 қути асалари боқилмоқда.

“Ҳозирда фермер хўжалигимизда 26 доимий, 100 нафардан ортиқ мавсумий ишчи-хизматчиларимиз меҳнат қилмоқда. Келгуси йили 20 гектар пахта майдонига томчилаб суғориш технологиясини жорий қилишни, давлат хусусий шерикчилигида 150 ўринга мўлжалланган болалар боғчаси очишни ҳамда чет элдан 15 бош зотдор наслли қорамол олиб келишни режалаштиряпмиз”, – дейди фермер.

Семинарда республика ишчи гуруҳи аъзолари томонидан илғор фермерлар тажрибаларини оммалаштириш, тумандаги бошқа кўп тармоқли фермерларни ҳам қаҳрамонимиз сингари фаолиятларини кенгайтириш, қолаверса илғорлар қаторига қўшиш бўйича тавсиялар берилди.

   Насиба ВАИСОВА,

O‘zLiDeP Хоразм вилоят

Кенгаши матбуот котиби

  • Кўрилди
    2060
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+