Битта мақсад бизни бирлаштиради – ватан тараққиёти ва халқ фаровонлиги

20.12.2017, 16:08

Битта мақсад бизни бирлаштиради – ватан тараққиёти ва халқ фаровонлиги

Мана ўлкамиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида жуда муҳим воқеа – Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман кенгашларига сайловлар жараёни ўзининг энг қизғин палласига кирди. Ҳозирда ҳар бир сиёсий партия сайловчилар орасида ўз сайловолди устуворликларини асослашга қаттиқ бел боғлаган пайт ҳисобланади.

Партиямиз томонидан ушбу муҳим паллада ишни янада самарали ташкил қилишга жуда катта аҳамият қаратилмоқда. Бу бежиз эмас албатта.

Шу ҳафта сўнггида барча сайловолди ҳаракатларимизнинг якуни бўлган сайловлар куни экан O‘zLiDeP учун ушбу сайловларда қатнашиш принципиал муҳим аҳамият касб этишини яна бир бор таъкидлаб ўтмоқчимиз.

Бу энг аввало O‘zLiDePнинг мамлакатимиз раҳбари ташаббуслари билан қабул қилинган ва мамлакатимизнинг тақдирига бевосита дахлдор бўлган 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг Ҳаракатлар стратегиясида илгари сурилган вазифаларни тўлақонли ва самарали амалга оширилиши энг аввало ҳудудларда, бевосита шаҳар ва туманларда ушбу вазифаларнинг қандай ҳаётга жорий этилиши билан боғлиқ эканлиги билан белгиланади. Қолаверса эндиликда Тошкент шаҳридаги ҳар бир туманнинг ўз бюджетига эга бўлиши ва уни қабул қилиш ҳамда ижросини назорат қилиш устидан ваколатларнинг янги ташкил этилаётган халқ депутатлари туман кенгашларига берилиши бу борада мутлақо янги имконият бўлди, дейишимиз мумкин. Шу туфайли O‘zLiDeP халқ депутатлари туман кенгашларидаги депутатлари сафини кенгайтириш орқали ушбу ислоҳотларда фаол иштирок этишни мақсад қилиб қўйган.

Биз буни пойтахтимиз ҳокимият вакиллик органлари ва жамоатчилигининг Тошкентдаги социал-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ислоҳотларни рўёбга чиқариш, туман кенгашлари томонидан маҳаллий бюджетни шакллантириш ва ижросини таъминлаш, туманларни ривожлантириш истиқболли дастурларини амалга ошириш, маҳаллий солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни белгилаш устидан назорат ўрнатиш борасидаги ролининг кучайиши учун улкан имконият деб биламиз. Сайловларда сайловчилар эркин овоз бериш йўли билан ўзларининг эртанги кунини ва пойтахтимизни истиқболда ривожлантириш йўлини белгилайдилар.

Айтиш мумкинки, сайловларда иштирок этиш билан боғлиқ аниқ мақсадларнинг қўйилганлиги партиямиз томонидан “Биргаликда пойтахтимизни янада обод шаҳарга айлантирамиз” деган асосий шиор остида сайловчилар эътиборига қаратилган “Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг Тошкент шаҳрида халқ депутатлари туман кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловлардаги иштирокига оид мақсад ва вазифалари”да ўз аксини топди.

Тошкент шаҳрининг социал-иқтисодий ва ижтимоий соҳадаги мавжуд муаммолари ва имкониятларини, қолаверса пойтахт аҳолисини ўйлантирган масалаларни атрофлича таҳлил қилиш асосида ишлаб чиқилган партиянинг сайловлардаги иштироки билан боғлиқ устуворликлар нафақат ушбу масалаларни ўртага қўйиш, балки бозор иқтисодиёти механизмлари, тадбиркорликка кенг йўл очиш орқали уларни ҳал қилишнинг аниқ йўллари билан ажралиб туради. Хусусан, партиянинг ушбу сайловолди устуворликлари доирасида илгари сурилган “Тошкент - яшаш ва ишлаш учун қулай шаҳар”, “Яқин истиқболдаги Тошкент – инвестицияларни жалб этиш ҳамда бизнесни ривожлантириш учун энг жозибадор шаҳар”, “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик – пойтахтнинг кучли ва янги иқтисодиёти асоси”, “Тошкент - инновацион иқтисодиёт тараққий этган шаҳар”, “Тошкент – йўл-транспорт инфратузилмаси ривожланган шаҳар”, “Тошкент - энергия  самарадорлигига асосланган иқтисодиётга эга шаҳар”, “Тошкент – саломатлик жамиятнинг муҳим бойлиги ва аҳолининг турмуш тарзи сифатида қадрланадиган шаҳар”, “Тошкент – бандлик тўла таъминланадиган ва барча ўзига муносиб иш топадиган шаҳар”, “Тошкент – ёшлар шаҳри” каби ғоялар ҳамда ушбу ғояларни ҳаётга тадбиқ қилиш борасида илгари сурилган аниқ механизмларнинг кўрсатиб берилганлиги сайловчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Айтиб ўтиш керакки, фуқароларимиз ушбу ғояларнинг ҳар бири бугун ўз вақтида илгари сурилган ғоялар сифатида, жонажон шаҳримиз, азиз пойтахтимизни Президентимиз айтганидек дунё мегаполисларига хос тамойиллар асосида ривожлантириш борасида илгари сурган топшириқлари руҳига мос ғоялар сифатида қабул қилдилар. Энг муҳими номзодларимиз томонидан ушбу ғоялар илгари сурилганда сайловчилар уларни фақат тинглабгина қолмасдан, тўлиқ қўллаб-қувватлаш баробарида янада такомиллаштириш борасида ҳам ўз фикрларини билдириб ўтишдики, бу ҳам яна бир бор O‘zLiDeP сайловолди устуворликларида илгари сурилган ғояларнинг аҳоли томонидан қанчалик қизғин кутиб олинганлигидан далолатдир.

Партиямиз ўз сайловолди дастурида шунингдек соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш, ёшлар ва аёлларнинг интеллектуал салоҳиятларини оширишга бўлган интилишларини қўллаб-қувватлаш, бу борада фуқаролик институтлари фаолиятини кучайтириш, хусусий капитални жалб этган ҳолда соғлиқни сақлаш соҳасига замонавий тиббиётнинг энг сўнги ютуқларини татбиқ этиш, аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатиш соҳасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида хотин-қизлар ролини ошириш, уларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш, масофавий таълимнинг замонавий шаклларини жадал суръатлар билан ривожлантириш чораларини кўриш каби таклифларни илгари суради.

Илм-фан, юксак технологиялар шиддат билан ўсиб бораётган ҳозирги замонда мамлакатимиз аҳолиси, айниқса, ёшларимизнинг интеллектуал салоҳияти ҳар томонлама юксалиши юртимиз тараққиётида муҳим ўрин тутади. Партиямиз ўз олдига қўйган мақсадларни амалга оширишда ҳамиша истеъдодли ва билимли ёшларга таяниб келган ва бундан кейин ҳам бу йўналишдаги ишларни изчиллик билан давом эттиради.

Аҳоли билан амалга оширилган кенг кўламли учрашувлар жараёнида партиядан кўрсатилган ҳар бир номзод фақатгина партиянинг ушбу сайловлардаги иштироки билан боғлиқ мақсад ва вазифалар билан чекланмасдан, ўз округи доирасидаги энг долзарб масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратишга, уларни ҳал қилиш масалаларини ўз сайловолди дастурларида акс эттиришга ҳаракат қилишди.

Айни пайтда жойларда барча сиёсий партияларнинг сайловолди ташвиқоти ўтказилмоқда. Бугунгача номзодлар томонидан 700 га яқин учрашувлар амалга оширилди. Олти минга яқин хонадонларга бевосита ташриф буюрилиб, отахон ва онахонларимиз, хонадон соҳиблари орасида кенг тушунтириш ишлари амалга оширилди. Бу ҳафтада ушбу ишлар янада кенгроқ кўламда давом эттирилади. Сайловчилар билан учрашувларда муштарак мақсадлар аён бўлмоқда. Номзодларимиз аҳоли билан учрашувларда уларни ўз сайловолди дастурлари билан таништирмоқда. Сайловчилар ҳам ўзлари истиқомат қилаётган ҳудуддаги муаммолар юзасидан мурожаат қилишяпти.

Масалан, қарийб барча туманларда ўз тадбиркорлигини ривожлантиришга қизиқиш билдираётган ёшлар мурожаат билан чиқишди. Хусусан, кредит олиш, жой билан имтиёзли таъминлаш масалаларида турли мурожаатлар бўлди. Тошкент шаҳрининг барча туманларида кичик саноат зоналари тизимини янада кенгайтиришга эҳтиёж борлиги билдирилди. Бектемир туманининг баъзи маҳаллаларида мактабгача таълим муассасаси ва ўрта мактабларнинг етишмаслиги масалалари кўтарилди, сайловчилар томонидан шундай таълим масканлари барпо этилса, мақсадга мувофиқ бўлиши айтиб ўтилди. Миробод туманида сайловчилар ёшларнинг, айниқса, уюшмаган ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича қилинадиган ишлар кўплигига тўхталиб ўтишди . Туманнинг айрим кўчаларидаги ер ости иссиқсув қувурлари яроқсиз ҳолатга келиб қолганлиги, уларни тезликда янгилашзарурлиги айтилди. Мирзо Улуғбек тумани сайловчилари эса келгусида тадбиркорлар томонидан қуриладиган кичик ва катта савдо шохобчалари, аҳолига хизмат кўрсатувчи сервислар ва бошқа иншоотларда ногиронлар учун махсус йўлакчалар ташкил этиш ҳисобга олинса, улар учун қулайликлар яратилса деган таклифларни билдиришди. Сергели тумани кундан кунга чирой очиб, кўркам ва обод ҳудудга айланиб бормоқда. Янги иншоотлар, уй-жойлар, савдо масканлари қурилиши натижасида аҳоли турмуши янада фаровонлашмоқда. Шу билан бирга баъзи муаммолар сақланиб қолаётгани, бўлғуси депутатлар албатта уларга алоҳида эътибор қаратиши лозимлиги айтиб ўтилди. Мисол учун, туманнинг бир қатор маҳалла ва катта кўчаларида йўллар талаб даражасида эмас. Бундай ҳолат шаҳарнинг Шайхонтоҳур, Учтепа ва бошқа туманларида ҳам учрашига алоҳида эътибор қаратилди. Учтепа туманида шунингдек йирик ва ўрта ишлаб чиқариш корхоналарини кўпайтириш, шу орқали бандлик масалалари ечимини топиш мумкинлиги таъкидланди. Баъзи маҳаллалардаги симёғочлар яроқсиз ҳолатга келиб қолгани учрашувларда сайловчилар томонидан алоҳида таъкидлаб ўтилди. Туман марказий поликлиникасининг 31-мавзеда қад кўтарган филиали қурилиши тугалланган, аммо ҳалигача фойдаланишга топширилмаганлигига номзодларнинг эътибори қаратилди. Чилонзор туманида давлат-хусусий сектор шериклиги тамойиллари асосида тиббиёт сифатини тубдан яхшилашга эътиборни кучайтириш лозим. Яъни, поликлиникалар фаолиятини янада жонлантириш кераклиги айтиб ўтилди. Олмазор туманида оилавий тадбиркорликни ва корхоналарни кўпайтириш ҳамда улар томонидан ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар учун махсус магазин ёки савдо шохобчаларини барпо этиш масалалари кўтарилди. Яшнобод туманида уй бекаларини оилавий тадбиркорликка жалб қилиш учун тегишли шароит яратиш мақсадга мувофиқлиги айтиб ўтилди. Юнусобод туманидаги баъзи мактабларда бошланғич синфларнинг йўқлиги, бу ҳал қилиниши зарур масалалардан эканлиги таъкидлаб ўтилди. Тошкент шаҳридаги айрим мактабларда битта синфдаги ўқувчилар сони 50 нафардан ошиб кетганлигига эътибор қаратилди. Яккасарой туманида ёшларни тадбиркорликка кенг жалб этиш, навқирон авлоднинг замонавий касб-ҳунарларни эгаллаши, ҳар бир туманнинг ўзига хос имкониятларидан келиб чиқиб касбга йўналтириш борасидаги масалаларни самарали ҳал қилиш лозим бўлади.

Албатта, хурматли сайловчиларимиз томонидан билдирилган ушбу талбаларнинг барчаси инобатга олинади ва улар юзасидан тегишли ишлар амалга оширилади.

Аҳоли вакиллари билан бевосита учрашувлардан ташқари партия сайловолди дастури ҳамда номзодларимиз тўҳрисидаги маълумотларни аҳолига етказишнинг замонавий усулларидан кенг фойдаланишга ҳам ҳаракат қилинди. Хафтанинг ҳар душанба куни телеэфирга узатилган кўрсатувлардан ташқари , радио, кўча ва матроларда, аҳоли дам олиш жойларида тегишли электрон ва тарғибот воситаларидан фойдаланган ҳолда тушунтириш ишлари йўлга қўйилди.

Айниқса партиянинг интернет сайти, қолаверса ижтимоий тармоқлар орқали кенг тарҳибот ишлари амалга оширилди. Бевосита O‘zLiDePнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларидан ташқари айнан сайлов учун маҳсус ташкил этилган ҳар бир туман кенгаши депутаталарининг ижтимоий тармоқлардаги гуруҳлари аҳолига ўз сайловолди устуворликларимизни таништириш учун катта имконият бўлди. Ушбу гуруҳларда сайловчилар ўзларининг номзодларига бевосита саволлар билан мурожаат қилиш ва уларга жавоб олиш имкониятига эга бўлдилар.

Буларнинг барчаси партиямизнинг ушбу сайловларга қанчалик жиддий ёндошаётганлигини кўрсатувчи мисоллардир.

Бугун биз тарихий бир даврда, Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида халқимиз ўз олдига эзгу ва улуғ мақсадлар қўйиб, тинч-осойишта ҳаёт кечираётган, ўз куч ва имкониятларига таяниб демократик давлат ва фуқаролик жамияти қуриш йўлида улкан натижаларни қўлга киритаётган бир замонда яшамоқдамиз.

Ҳар бир фуқаро Ўзбекистонда қандай жамият барпо этилаётганига бефарқ эмас, аксинча, катта ишонч ва орзу-умидлар билан қарамоқда. Ватанимиз ҳар томонлама тараққий этиб, аҳоли турмуши яхшиланиб бормоқда. Бу нимадан дарак беради? Албатта, юртимизда тинчликнинг барқарор таъминлаб келинаётганидан. Истиқлолни асраб-авайлаш, сарҳадларимиз дахлсизлиги ва миллий хавфсизлигимизни сақлаш, мамлакатимиздаги тинчлик ва барқарорликни мустақкамлаш Ўзбекистон раҳбариятининг доимий диққат марказида бўлиб келаяпти. Мамлакатимиз мустақилликни қўлга киритганидан сўнг жамиятнинг барча соҳаларида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Бу борада мамлакат тараққиёт режалари тузилар экан, ривожланишнинг фақат назарий жиҳатига эмас, балки амалиётда тўлиқ акс этишига ҳам алоҳида эътибор берилди. Энг қувонарлиси, юртдошларимизнинг онги ўзгарди.

Сайловларнинг очиқ ва ошкоралик, соғлом рақобат муҳитида ўтиши Ўзбекистон танлаган тадрижий тараққиёт йўлининг ниҳоятда тўғри эканини яна бир бор намойиш этади. Шу маънода ҳам ушбу сайловга бошқа сиёсий партиялар қатори O‘zLiDeP ҳам, унинг барча бўғинлардаги аъзолари, депутатлари, электорат вакиллари ҳам жиддий ёндашмоқдалар.

Сир эмаски, сайлов натижалари ҳар қандай сиёсий партия учун ўз ғоя ва мақсадларининг жамият ҳаётидан қай даражада ўрин эгаллашини билдиради. Бу эса ушбу муҳим имтиҳонда бошланғич партия ташкилотларидан тортиб фракциямиз аъзоларигача бир тану бир жон бўлиб ҳаракат қилиш лозимлигини кўрсатади.

2017 йилги сайлов мамлакатимизда вужудга келган янги сиёсий шароитда ўтаётганини ва олдинги сайловлардан сифат жиҳатдан мутлоқо фарқ қилишини ҳам ёдда тутиш лозим. Бу йилги сайлов жуда ҳам кескин, ўта курашчан тарзда ўтиши барчамизга аён. Сайловда нафақат сиёсий партиялар, балки ўзини ўзи бошқариш органлари ҳам ўз номзодлари билан иштирок этади.

Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман кенгашларига сайловларда ижобий натижага эришишимиз учун партиямиз томонидан ўтган даврда амалга оширилган ишларни холис ва камтарона, бўрттирмасдан сиёсий технологиялар орқали сайловчиларга етказа билишимиз жуда муҳим. Бу эса зиммамизга алоҳида масъулият юклайди. Демак, барча имкониятимиз, тажрибамиз белгиланган мақсад ва режаларни рўёбга чиқаришга қаратилиши даркор.

Тадбиркорликни ривожлантириш жамиятимиз тараққиёти ва фаровон ҳаётимизнинг энг муҳим кафолатидир.

Ҳурматли сайловчилар! Юрт тараққиёти, ватан равнақи ва халқ фаровонлигини юксалтириш тарафдори бўлсангиз, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси номзодларига овоз беринг!

 Истиқболимиз – азми қатъий тадбиркорлар билан!

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

Теглар
Сайлов 2017
  • Кўрилди
    586
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг. ЭСЛАТМА! ЖЎНАТИШ ТУГМАСИНИ БОСГАНИНГИЗДАН СЎНГ БИЛДИРГАН ФИКРИНГИЗ ШУ ЗАҲОТИ КЎРИНИШИ УЧУН САҲИФАНИ ҚАЙТА ЯНГИЛАНГ (ОБНОВИТЬ).

+