Икки томонлама ҳамкорлик битими имзоланди

27.11.2019, 15:34

Икки томонлама ҳамкорлик битими имзоланди

Куни кеча Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ҳамда Ўзбекистон экспортчилари уюшмаси ўртасида ҳамкорлик битими имзоланди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда ишбилармонлар, иқтисодчилар, фаолияти экспорт соҳасига алоқадор ташкилотлар ходимлари, партия ва уюшма вакиллари иштирок этди.

Аввало шуни қайд этиш жоизки, Ўзбекистон экспортчилари уюшмасининг иш бошлаганига икки ой бўлди, холос. Шундай бўлса-да, уюшма  ўз олдига қўйган мақсадларни амалга ошириш йўлида дадил одимлаётгани кўзга ташланмоқда. Хўш, бу қандай мақсадлар? Экспорт билан шуғулланувчи тадбиркор юртдошларимиз фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, экспорт учун республикамизда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг ягона электрон савдо платформасини яратиш, ички ва ташқи бозорлар маркетинг тадқиқотларининг ягона маълумотлар базасини яратиш ва бошқалар уюшманинг асосий вазифалари сирасидан ўрин олган. Эътиборлиси, шу кунгача уюшма мутахассислари юзлаб тадбиркорга ҳуқуқий ва бошқа йўналишларда маслаҳатлар берди, шунингдек, экспортчилар дуч келган 10 га яқин муаммони ҳал қилишга кўмаклашди.

— Президентимиз ўз чиқишларида Ўзбекистоннинг экспорт борасидаги салоҳияти тўла ишга солинмаётганини бот-бот таъкидламоқда, — дейди O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари Дилшод Шоумаров. — Бинобарин, соҳа ривожига ҳисса қўшиш имконига эга яна бир ташкилотнинг вужудга келгани айни муддао бўлди. Алоҳида диққатга молик жиҳат шуки, партиямиз ғоя ва мақсадлари мазкур уюшма зиммасига олган вазифалар билан муштарак.  Сайловолди дастуримизда экспортни рағбатлантириш орқали унинг номенклатураси ва географик маконини кенгайтириш, экспорт-импорт тартиб-таомилларини янада соддалаштириш, экспорт салоҳиятини ошириш ва диверсификациялаш каби вазифалар ҳам белгилаб қўйилган. Куч ва имкониятларимизнинг бирлашиши, ҳамжиҳатликдаги ҳаракатларимиз хусусий сектор манфаатларини ифодалаб, иқтисодиётимиз юксалишига хизмат қилади.

Маълумки, ТИФ “Миллий банк” қошида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси фаолият юритмоқда. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, Бош прокуратура қошида ҳам шу сингари тузилмалар бор. Шундай экан, янги уюшма тузилишига қандай эҳтиёж бор эди?

—  Санаб ўтилганларнинг барчаси давлат ташкилотларидир, — дейди Ўзбекистон экспортчилари уюшмаси бошқаруви раиси ўринбосари Ёрқин Маликов. — Улар тадбиркорлар билан бевосита иш олиб боришмайди. Уюшмамиз эса нодавлат нотижорат ташкилоти бўлиб, ҳеч қайси давлат идорасига бўйсунмайди. Экспортчилар билан бевосита, юзма-юз ишлаймиз. Таҳлил, умулаштириш, сарҳисоб ишларини мустақил равишда бажарамиз. Уюшмамиз ходимлари орасида экспорт билан шуғулланувчи тадбиркорлар ҳам бор. Бу эса иш унуми ва сифатида катта аҳамиятга эга. Ҳар куни тўрт-беш нафар ишбилармон мадад истаб, уюшмага келяпти. Уларнинг муаммоларини ўрганяпмиз, ҳал қилинишига ёрдамлашяпмиз.

Қайд этилишича, мазкур битимга мувофиқ, O‘zLiDeP ва Экспортчилар уюшмаси имконият ва салоҳиятни бирлаштириш орқали экспорт соҳасига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган устувор вазифаларнинг тизимли ижросини таъминлашда фаол иштирок этади.  

Бахтиёр РУҲИДДИНОВ,

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши

Ижроия қўмитаси бўлим мудири

  • Кўрилди
    196
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+