Изланмаган баҳона тополмасин...

19.12.2019, 16:40

Изланмаган баҳона тополмасин...

Моҳидил Ашурова Оҳангарон туманидаги 38-Телов сайлов округидан Халқ депутатлари Тошкент вилоят кенгаши депутатлигига партиямиздан номзоди кўрсатилган энг навқирон номзодлардан бири – 28 ёшда. Ёш бўлса-да, ҳаётда муайян ютуқларга эришди. Айниқса, тадбиркорликдаги муваффақияти кўпчилик эътиборини тортяпти.

Уч йил аввал якка тартибдаги тадбиркор бўлиб рўйхатдан ўтиб, савдо-сотиқ билан шуғулланди. Сўнгра “Қорахитой асл нонлари” хусусий корхонасини ташкил қилди. Дастлаб корхонада фақат нон тайёрланган бўлса, кейинроқ қандолатчилик маҳсулотлари ҳам ишлаб чиқарила бошланди. Шунингдек, гўзаллик ва келин либослари салонлари, тикувчилик, ҳунармандчилик фаолияти йўлга қўйилди. Тилга олинган ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш шохобчаларида ўттизга яқин одам ишлаяпти. Шу тариқа Моҳидил нафақат ўзи ва оиласи,  балки талай ҳамюртларимизнинг рўзғори обод, кўнгли хотиржам бўлишини таъминлади. У хайрия ишларига ҳам алоҳида эътибор беряпти. Муҳтож оилалар, имконияти чекланган инсонлар тадбиркорни миннатдорлик билан тилга оляпти.   

Қайд этиш жоизки, Моҳидил Ашурова ўтган ва жорий йилги “Ташаббус” кўрик-танловининг туман ва вилоят босқичларида совринли ўринларни қўлга киритди. O‘zLiDeP  “Аёллар қаноти” ўтказган “Ишбилармон аёл – 2019” танловининг республика босқичида юқори натижага эришди.   Унинг айтишича, мазкур тадбирлар давомида кўплаб ишбилармонлар билан танишиб, ҳамсуҳбат бўлган, фикр алмашган. Айнан ана шу учрашувлар унда янги ғоялар туғилишига туртки берган, баъзи лойиҳаларини амалга ошириш учун ҳамкорлар топган.

– Тадбиркорлик фаолиятим айримлар ўйлаганидек силлиқ-равон кечмаган, – дей­ди Моҳидил. – Талай қийинчиликларни бошдан ўтказдим. Айтайлик, яхши ғоя, лойиҳани амалга ошириш учун маблағ тополмаганман ёки аксинча. Бизнес ғоя ҳам, сармоя ҳам бўлганида эса жой тополмай сарсон бўлганман. Ҳозир ўз ишига астойдил меҳр қўйган зўр мутахассисларни топиш ҳам муаммо. Шу боис сайловолди дас­туримда касб-ҳунар коллежлари ва олий ўқув юртлари талабаларининг корхона, ташкилотларда амалиёт ўташлари жараёнини қайта кўриб чиқиш ва уни тубдан ислоҳ қилиш ғоясини илгари суряпман. Сир эмас, айрим ҳолларда бундай амалиёт номигагина бор, холос. Бундан ташқари, тадбиркорлар билан иш олиб борувчи ташкилотлар, идоралар диққатини фаолиятини тўхтатаётган, ёпилаётган тадбиркорлик субъектларига қаратмоқчиман. Назаримда, бу масала атрофлича ўрганилмаяпти. Ночор аҳволга тушиб қолган, ёпилиш арафасидаги хусусий фирмаларга ҳар томонлама кўмак берилиши зарур. Бунинг учун тегишли ташкилотлар куч ва имкониятларини бирлаштириш керак. Келгусида бу йўналишда ҳам иш олиб боришни мақсад қилганман. Тадбиркорликка иштиёқманд ёшларимиз кўп. Лекин афсуски, аксарияти бизнес юритиш бўйича етарли билимга эга эмас. Баъзи йигит-қизларнинг соҳага оид оддийгина нарсалардан ҳам хабардор эмаслиги кишини ўйлантиради. Бинобарин, тадбиркорлик илмидан сабоқ берувчи ўқувлар, тўгаракларга эҳтиёж ғоят катта. Ана шу эҳтиёждан келиб чиқиб, партиямиз билан биргаликда умумтаълим мактаблари қошида  бепул бизнес-ўқувларни йўлга қўйиш борасида таклифларим бор.

Номзод шу кунгача сайлов округидаги Четсув, Гўшсой, Тангатопди, Серкақирилди, Чувилдоқ каби маҳалла ва қишлоқларда учрашувлар ўтказди. Айрим жойларда одамларнинг депутатларга ишончи сусайганига гувоҳ бўлди.

– Мулоқотлар чоғида “Бизга депутат керак эмас”, “Аввалги депутатлар нима қилиб берди-ю, янгилари қандай каромат кўрсатади” сингари аччиқ-тизиқ гаплар ҳам баралла айтилди, – дейди Моҳидил Ашурова. – Одамлар бежиз ранжимаяпти. Жойларда турли муаммолар йиғилиб қолган. Ички йўллар абгор аҳволда. Қишлоқларда мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактабларида эса спорт заллари, майдонлари  йўқ.  Маҳалла фуқаролар йиғинлари бинога муҳтож. Ичимлик суви танқис. Чиқиндилар олиб кетилиши тизими ҳам талабга жавоб бермаяпти.  Интернет тармоғи мавжуд эмас ва ҳоказо... Ҳа, баъзи муаммоларга ечим топиш қийин. Бироқ, қийин – иложи йўқ, дегани эмас. Қийин – кўп меҳнат қилиш даркор, дегани. Сайловчиларга ҳар бир масала ечими бўйича аниқ режаларим борлигини маълум қилдим. Масалан, боғчалар муаммосини давлат-хусусий шериклиги асосида ҳал қилиш мумкин. Бунда ҳар икки томон ҳам бирдек манфаатдор бўлади. Ўзим шу ишга киришмоқчиман. Тадбиркор дўстларимни ҳам қишлоқларда боғчалар қуришга жалб қиламан.  Хуллас, донолар айтганидек, изланган имкон топар, изланмаган баҳона. Баҳоли қудрат аҳолининг оғирини енгил, мушкулини осон қилишга аҳд қилганман.

Беҳзод ИСРОИЛОВ,

“XXI asr” мухбири

Теглар
Сайлов 2019
  • Кўрилди
    394
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+