Ҳар бир депутатимиз олдида катта масъулиятли вазифалар турибди

24.01.2020, 15:18

Ҳар бир депутатимиз олдида катта масъулиятли вазифалар турибди

Бугун ҳар қадамда янгиланиш, ўзгаришлар юз бермоқда. Ўз навбатида, бу ўзгаришлар олдимизда турган вазифаларимизни бажаришимиз учун имкониятлар йўлини ҳам очаётир.  Бу эса бизни барча жабҳада фаол ва ташаббускор бўлишга ундамоқда. Президентимизнинг Олий Мажлисга мурожаатномасида айтилган қатор вазифалар ҳам ҳар биримиздан ана шундай шижоатни, тезкорликни талаб этади. Зеро, бугун иш услубимизни янгиламасак, ҳаётимизда янгиланиш, ўсиш ҳосил қила олмаймиз.

Шу маънода янгидан шакллантирилган парламент аъзолари, депутатлар ўз фаолиятининг мезонини ана шу қоидаларга қараб белгилаши, халқнинг ўй-фикрлари билан ҳисоблашган ҳолда тизимлардаги камчиликларни бартараф этиш бўйича аниқ таклифлар билан чиқиши, қоғозда эмас, амалда ишлайдиган ҳаётий қонунларни ишлаб чиқиши зарурдир. Чунки истаймизми, йўқми, давлатимиз раҳбари айтганидек, жамиятда олиб бориладиган ислоҳотларнинг ташаббускори халқимиз бўлиши, депутатлар эса уларнинг ишончли вакили сифатида майдонга чиқиши лозим.

Давлат раҳбари, эндиликда депутатларнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти Халқ қабулхоналари билан ҳамкорликда ишлаши, одамларни қийнаётган муаммоларни ўрганиши кераклигини ҳам таъкидлади. Шундагина депутат ўз сайловчиларининг, халқнинг ишончини, меҳрини қозона олади. Бугун сайландим, бўлди, деб сукунатда юриш эмас, кўпроқ одамлар орасида мулоқот қилиш, сайловолди дастуримизда белгиланган вазифаларни аниқ режа асосида амалга оширсак мақсадга мувофиқ бўлади.

Мурожаатномада таъкидландики, илм йўқ жойда қолоқлик, жаҳолат ва тўғри йўлдан адашиш бўлади. Шарқ алломалари айтганидек, энг катта бойлик — бу ақл-заковат, илм, энг катта мерос — бу яхши тарбия, энг катта қашшоқлик — бу билимсизликдир. Шу боис ҳам бугун биз замонавий билимларни эгаллашимиз, рақамли технологияларда ишлаш тизимига ўтишимз энг асосий вазифаларимиздан биридир. Аммо бу борада кўплаб корхона ва ташкилотлар рақамли технологиялардан йироқда юрганлиги, ўз устида ишламаётганини давлат раҳбари танқид остига олди. Шу боис рақамли технологияларни аниқ режалар асосида ҳар биримиз ўз фаолиятимизга жорий қилишимиз, шунга интилишимиз кераклиги қайд этилди. Негаки, бундай технологиялар — ортиқча ҳаражатларни камайтиради ва энг муҳими, ривожланиш оёғига кишан бўлаётган коррупцияни йўқотишга хизмат қилади.

Ваҳоланки, 2020 йилнинг илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили деб эълон қилингани ҳам мазкур йўналишда ташланган дадил қадам бўлди.  Биз депутатлар, сиёсий партия вакиллари эса ана шу дадил қадамлар ортидан эргашиб, олдимизга катта мақсадларни қўймоқдамиз. Зеро, Имом Бухорий ҳазратлари келтирган саҳиҳ ҳадисга кўра, амалларимиз ниятимизга қараб бўлади.

Алишер РЎЗИЕВ,

O'zLiDeP Сурхондарё

вилоят Кенгаши раиси

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    1008
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+