Мурожаатномада белгиланган вазифалар биз тадбиркорларни юксак марралар сари етаклайди

25.01.2020, 16:15

Мурожаатномада белгиланган вазифалар биз тадбиркорларни юксак марралар сари етаклайди

Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасини “Art Soft Tex” масъулияти чекланган жамиятимизда меҳнат қилаётган ишчи ходимларимиз билан ойнаи жаҳон орқали диққат билан тингладик. Мурожаатномада қайд этилганидек, ўтган йили мамлакат ҳаётининг барча соҳаларида ижобий натижалар қўлга киритилди. Инвестициялар ҳажми ҳам сезиларли даражада ошди. Айниқса, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар 4,2 миллиард долларни ташкил этиб, 2018 йилга нисбатан – 3,1 миллиард долларга ёки 3,7 баробар ўсди. Инвестицияларнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 37 фоизга етди.

Айтиш жоиз, давлатимиз раҳбарининг Мурожаатномасини том маънода ҳар бир соҳадаги янгиланиш учун муҳим қадам дейиш мумкин. Чунки унда илгари сурилган вазифалар энг аввало, халқимиз турмуш тарзини, яшаш шароитларини яхшилашга қаратилгани билан муҳим аҳамиятга эга. Биргина тадбиркорлик йўналишида амалга ошириладиган қатор чора-тадбирлар белгиландики, бу биз ишбилармонлар учун кенг имкониятлар эшигини очмоқда.

Мурожаатномада янги солиқ сиёсати доирасида иш ҳақига солиқ юки 1,5 баробар камайтирилгани, натижада расмий секторда ишлаётганлар сони йил давомида 500 минг нафарга кўпайгани, қўшилган қиймат солиғи ставкаси 20 фоиздан 15 фоизга туширилгани, асосийси, бунинг ҳисобидан ўтган йили солиқ тўловчилар ихтиёрида 2 триллион сўм қолгани таъкидланди. Жорий йилда бу рақам 11 триллион сўмни ташкил этиши кутилаётгани айтиб ўтилди. Давлатимиз раҳбарининг биз тадбиркорларга қаратаётган эътиборларини кўриб, жудаям руҳландим, ўз олдимга кўплаб вазифаларни белгилаб олдим. Энди ихтиёримизда қоладиган маблағларни ўз бизнесимизни ривожлантириш учун ишлатамиз, янги-янги иш ўринлари яратамиз. Шуни алоҳида эътироф этиш керакки, Президентимиз томонидан тақдим этилган Мурожаатномада баён қилинган режа ва лойиҳалар, ҳеч шубҳасиз, мамлакатимиз тараққиётини, халқимиз фаровонлигини янги, янада юксак босқичга кўтаришга хизмат қилади.

Мурожаатномада белгиланган вазифалар биз тадбиркорларни юксак марралар сари етаклайди.

 Ғиёсиддин  БАБАХАНОВ,

Халқ депутатлари Наманган  шаҳар

 Кенгаши депутати,

“Art Soft Tex” МЧЖ  раҳбари

  • Кўрилди
    192
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+