Спикер ўринбосари Актам Хаитов Қарши шаҳрида талабалар билан учрашди

21.02.2020, 14:55

Спикер ўринбосари Актам Хаитов Қарши шаҳрида талабалар билан учрашди

Тошкент ахборот технологиялари университети Қарши филиали талабаси Фарруҳ Қодиров яратган инновацион технологиялар бугунги китобхон учун жуда ажойиб туҳфа, десак сира муболаға бўлмайди. Унинг дастурчи тенгдошлари билан яратган онлайн кутубхона тизими - “QR-Book stendi” ни шартнома асосида кўплаб буюртмачилар харид қилишмоқда.

- Жаҳон ва ўзбек адабиётининг дурдона асарлари электрон тарзда жамланган бу онлайн кутубхона тизими орқали ҳар бир китобхон қўл телефонига ўзи истаган асарни юклаб олиши мумкин, - дейди талаба Фарруҳ Қодиров. – Ҳозирги кунда “QR-Book stendi”ни харид қилган китобхонлар бизга раҳмат айтишмоқда.

Фарруҳ бу фикрларни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси ва партия вакилларидан ташкил топган ишчи гуруҳи Тошкент ахборот технологиялари университетининг Қарши филиалида талабалар билан ўтказган учрашувда айтиб ўтди.

Мулоқотда Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси мазмун-моҳияти ёшларга кенг тушунтириб ўтилди. Тадбирда сўз олган Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Актам Хаитов бу галги Мурожаатнома том маънода мамлакатимизни янада юксалтириш, тараққиётини таъминлашга қаратилганини айтиб, унда айниқса, замонавий билим ва кўникмаларга эга, стратегик фикр юритадиган, билимли ва малакали янги авлод кадрларини тарбиялашга алоҳида эътибор берилганини таъкидлади. O‘zLiDeP раҳбари иқтидорли талаба кашфиётларига юқори баҳо бериб, бундай иқтидорли ёшларни партия доим қўллаб-қувватлашлигини билдирди.

Ёшлар билан мулоқот жуда қизғин кечди. Айниқса, 4-курс талабаси Тўлқин Баратовнинг бугунги ижтимоий тармоқларда эълон қилинаётган хабар ва мақолаларнинг баъзилари ҳақиқатга тўғри келмаслиги хусусидаги фикрлари кўпчилик диққатини тортди. Институт бўлим бошлиғи Шербек Норматов, декан ўринбосари Ҳожиакбар Эгамбердиев, ўқитувчилар Дилафрўз Нуржанова, Ихтиёр Исобеков, талабалардан Жаҳар Орзиқулов, Дониёр Маҳматқулов ва бошқалар ўзларининг таклиф ва мулоҳазалари билан иштирок этишди.

Ишчи гуруҳи аъзолари ўқитувчи ва талабалардан тушган таклифларни қайд этишар экан, бу таклифлар вақти келиб, қонунларга ўзгаришлар киритишда асқотиши мумкинлигини билдиришди.

O‘zLiDeP Қашқадарё вилоят кенгаши

 матбуот хизмати

  • Кўрилди
    1100
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+