O‘zLiDeP фракцияси аъзоси ҳазорасплик 120 ёшни қарши олган Ёқитжон ая хонадонида бўлди

28.02.2020, 17:37

O‘zLiDeP фракцияси аъзоси ҳазорасплик  120 ёшни қарши олган Ёқитжон ая хонадонида бўлди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O‘zLiDeP  фракцияси аъзоси Нигора Қутлимуратова халқ билан мулоқот қилиш, жойларда тўпланиб қолган масалаларни ҳал этиш мақсадида хоразмлик сайловчилар билан учрашди.

Халқ вакилининг Ҳазорасп туманидаги Ёшлар марказида бўлиб ўтган учрашувида Президентимизнинг Олий Мажлисга йўллаган мурожаатномаси мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида ёшларга кенгроқ тушунчалар берилди. Шунингдек, парламент қуйи палатасида муҳокама қилинаётган қонун лойиҳалари тўғрисида тўхталиб ўтилди.

–Туманимизда қадимий қалъалар, тарихий музейлар кўп. “Туямўйин” музейидаги ноёб экспанатлар Хивадаги музейларда ҳам топилмайди. Лекин улар қаровсиз аҳволда. Бугунги учрашувда мен депутатимизга ички туризимни ривожлантириш, туманимизга сайёҳларни олиб келиш ва шу орқали иқтисодиётимиз ривожига ҳисса қўшиш мақсадида мавжуд музейларни таъмирлаш, сайёҳлар учун қулай шароитлар яратиш лозимлиги хусусида ўз таклифимни билдирдим, – дейди  Ғанижон Эркаев.

Мулоқотлар давомида ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш, уларга имтиёзли кредит ва бўш ер майдони ажратилишига кўмаклашиш, тумандаги музейлар фаолиятини йўлга қўйиш орқали ички туризмни ривожлантириш, туман марказий кутубхонаси ҳамда кўп тармоқли спорт марказларини ташкил этиш бўйича кўплаб таклифлар билдирилди.

Хонадонларимиз файзи бўлган нуронийларимизнинг ибратли умр йўллари, пурмаъно ҳикмат ва ўгитлари ҳар биримизни муносиб ҳаёт кечиришга ундайди. Шунинг учун ҳам халқимизда кексаларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш бебаҳо қадрият даражасига кўтарилган. 

Сайловчилар билан учрашувлар доирасида халқ ноиби Н.Қутлимуратова Ҳазорасп туманидаги “Баҳодир Матризаев” маҳалласида яшовчи 120 ёшни қарши олган Ёқитжон ая хонадонида бўлиб, у билан дилдан суҳбат қилди.

Депутат онахон ҳолидан хабар олар экан, ёши улуғ инсонларга алоҳида ҳурмат-эҳтиром ва ғамхўрлик кўрсатиш, уларни ижтимоий муҳофаза қилиш, турмуш шароитларини янада яхшилаш борасида амалга оширилаётган ишлар ёш авлодни маънавий камолга етказишда муҳим омил бўлаётганини таъкидлади.

Шу куни халқ вакили бир гуруҳ шифокорлар билан биргаликда ушбу маҳаллада яшовчи 102 ёшли Р.Сотиболдиева хонадонида ҳам бўлишиб, онахонни тиббий кўрикдан ўтказишди.

“Бугун нуронийлар эъзозланган, инсон қадри шарафланган диёрда яшаяпмиз. Чунки бугун юртимизда ёши улуғларга алоҳида ғамхурлик кўрсатилиб, улар ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда. Мана, бунинг исботи. Оғичи, депутат қизимизнинг хонадонимизга келиб, биз билан мулоқот қилганидан, самимий тилаклари билан кўнглимни кўтарганидан бехад   хурсанд бўлдим”, – дейди Раҳима ая.

Эслатиб ўтамиз, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Н.Қутлимуратованинг сайловчилар билан учрашувлари давом этмоқда.

  • Кўрилди
    1111
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+