Давлат Дастури лойиҳасига O‘zLiDeP фаоллари томонидан юзга яқин таклифлар берилди (ВИДЕО)

15.01.2018, 19:07

Давлат Дастури лойиҳасига O‘zLiDeP фаоллари томонидан юзга яқин таклифлар берилди (ВИДЕО)

2018 йилнинг 15 январь куни O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ташаббуси билан 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йилида амалга оширилиши лозим бўлган ишларга оид Давлат дастури лойиҳаси муҳокамасига бағишланган давра суҳбати ташкил этилди.  

Партия қошида тузилган экспертлар гуруҳи аъзолари, тадбиркор ва фермерлар, Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига O‘zLiDePдан сайланган депутатлар, ҳудудий ташкилотлардан келган вакиллар ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этган йиғилишда таъкидланганидек, ушбу жараёнда O‘zLiDeP ва унинг ҳудудий бўлинмалари ҳам фаол иштирок этмоқда. Хусусан, барча ҳудудларда тадбиркорлар, фермерлар, аҳолининг бошқа қатламлари вакилларини кенг жалб қилган ҳолда Дастур атрофлича муҳокама қилиниб, таклифлар олинди. Эътиборга молик жиҳати, ана шу йиғилишларда икки мингдан ортиқ аҳоли вакиллари қатнашиб, улар томонидан юзга яқин таклифлар билдирилган. Бу эса фуқароларнинг амалга оширилаётган ислоҳотларга катта қизиқиш билан қараб, ушбу ислоҳотларда кузатувчи сифатида эмас, балки фаол иштирокчи сифатида қатнашиш истагида эканликларини намоён этмоқда.

Шундай бир шароитда O‘zLiDeP олдида турган энг муҳим вазифалардан бири юртдошларимиздаги ушбу фаолликни, ислоҳотларда яқиндан иштирок этиш истагини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, бунинг учун имконият яратиб бериш, қолаверса муҳим давлат дастурларига улар томонидан билдирилаётган фикрларни мутасадди идораларга етиб боришни таъминлашда ўзига хос кўприк бўлишдан иборатдир.

Қизғин ва ишчанлик руҳида ўтган йиғилишда шу ва бошқа бир қатор муҳим масалалар муҳокама қилинди.

Сўзга чиққанлар Давлат дастури лойиҳаси мамлакатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаати ва бошқа бир қатор чиқишларида илгари сурилган  ғоялардан келиб чиқиб, бугун халқимизни ўйлантирган, қолаверса мамлакатимиз тараққиёти учун муҳим бўлган барча йўналишларни ўзида мужассам этганлиги билан ажралиб туришини, “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган ғоя дастурнинг энг марказий линияси сифатида ўтганлигини алоҳида таъкидлашди.

Қолаверса, Дастурда асосий электоратимиз ҳисобланган тадбиркорлар ҳамда юртимизга ўз маблағларини олиб келаётган инвесторларни ҳар томонлама ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш борасида реал ишлар кўзда тутилганлиги айниқса, тадбиркорларни ниҳоятда мамнун этмоқда. Шу маънода дастур лойиҳасида O‘zLiDeP томонидан кўтариб чиқилаётган тадбиркорликка оид бир қатор масалалар акс этгани ниҳоятда қувонарли эканлиги эътироф этилди.  

 

Хусусан, ўтган йили партия ташаббуси билан якка тартибдаги тадбиркорлик фаолиятини қонун билан тартибга солиш бўйича кенг муҳокамалар ўтказилган эди. Бугун мамлакатимизда юз минглаб  фуқароларимиз айни шу турдаги фаолият тури билан машғул бўлсада, соҳани тартибга солувчи қонунчилик етарли даражада эмас. Эътиборга молик жиҳати, Давлат дастури лойиҳасида уларни давлат рўйхатига олиш бўйича қонун лойиҳасини қабул қилиш масаласи ўз аксини топди. Қолаверса, тадбиркорлик фаолиятига бевосита дахлдор бўлган солиқ ва божхона қонунчилиги, тартиб таомилларини ривожлантириш бўйича ҳам ўтган йиллар давомида партиямиз томонидан илгари сурилган қатор таклифлар Дастур лойиҳасида ўрин олганки, уларнинг амалга оширилиши, айниқса, мамлакатимизда Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили доирасида тадбиркорларнинг фаолиятини янада кенгайишида муҳим омил бўлиб хизмат қилади.  

Давра суҳбати давомида бутун дунёда бўлгани сингари Ўзбекистонда ҳам инновацион фаолиятнинг қонуний асосларини такомиллаштириш масалалари янада долзарб аҳамият касб этаётгани, Дастур лойиҳасида бу йўналишда бир қатор ишлар режалаштирилгани, табиийки уларни ҳаётга жорий этиш борасида O‘zLiDeP ўз депутатлик корпуси имкониятларидан фойдаланган ҳолда алоҳида таклифлар ишлаб чиқиши лозимлиги қайд этилди.

Тадбир якунида иштирокчилар томонидан O‘zLiDeP ҳудудий Кенгашларида ўтказилган йиғилишлар давомида ҳамда бугунги давра суҳбатида билдирилган барча таклифлар умумлаштирилиб, уларни қайта кўриб чиққандан сўнг Миллий комиссия кўриб чиқиши учун юбориш лозимлиги таъкидланди.

O‘zLiDeP матбуот хизмати

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    1865
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+