Қишлоқ хўжалиги тараққиётида кластерларнинг аҳамияти қай даражада?

25.08.2020, 09:05

Қишлоқ хўжалиги тараққиётида кластерларнинг аҳамияти қай даражада?

Мазкур саволга Андижон вилоятининг Қўрғонтепа туманида Олий Мажлис Қонунчилик Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси томонидан ташкил этилган семинарда батафсил жавоб берилди.

“Khantex Group” масъулияти чекланган жамияти кластери Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 28 февралдаги “Қишлоқ хўжалигида бозор механизмларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ўша йилиёқ Андижон вилоятининг Қўрғонтепа туманида ташкил этилган. Пахтани қайта ишлашга ихтисослашган мазкур кластерда йилига 10,4 минг тонна пахта толаси тўлиқ қайта ишланиб, 9,4 минг тонна ип-калава, 2,1 минг тонна трикотаж мато, 4 миллион метр газламалар ва 10,0 миллион дона тайёр тикув трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Корхонада жами 1 ярим минг нафар маҳаллий ёшларнинг бандлиги таъминланган.

Олий Мажлис қонунчилик палатаси Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси аъзоларининг мазкур МЧЖга ташрифи “Қишлоқ хўжалиги тараққиётида кластерларнинг ўрни” мавзусидаги семинар доирасида ташкил этилгани бежиз эмас. Ушбу тадбирнинг Андижон вилоятида ўтказилгани замирида айни корхона фаолияти, ютуқлари билан танишиш асносида бошқа вилоятларда ҳам бу борада тажриба алмашиш, оммалаштириш имконини яратиш мужассам бўлди.

Бугунги кунда Қўрғонтепа туманида пахта ҳосилини етиштириш ва териб олиш учун кластер таркибида ташкил этилган “Khantex Agro Servis”масъулияти чекланган жамият томонидан 23 миллон АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритилган бўлиб, АҚШ, ва Европа давлатларининг “John Deere”, “Monosem”, “New Holland”, “Case-IH”, “Sfoggia”, “Nardi” каби етакчи компаниялари томонидан ишлаб чиқарилган замоноваий трактор ва ерга ишлов бериш мосламалари сотиб олинган. Айни қулайликлар билан тумандаги фермер хўжаликларига малакали хизмат кўрсатиб келинмоқда. Энг муҳими ва ютуқли жиҳати шундаки, кластер таркибида пахтани, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини, тери хом ашёсини қайта ишлаш самарали йўлга қўйилган. Ички ва ташқи бозорларни биологик тоза қоғоз маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида 2 миллион Евро миқдорида лойиҳа ишлаб чиқилиб, “PAPER COUNTRY” масъулияти чекланган жамияти ташкил этилиб, Германия ва Швеция давлатлари билан шартнома имзоланди.

Кластер тасарруфида пахтани дастлабки қайта ишлашга ихтисослашган “Khantex Cotton” пахта тозалаш корхонасида бўлганимизда, бу ерда яратилган шарт-шароитларни кўриб, Андижонда соҳада катта ютуқлар қўлга киртилаётганига яна бир амин бўлдик. Мазкур корхона 5,0 миллион доллар миқдорида киритилган инвестиция маблағлари ҳисобидан АҚШнинг “Lummus” компаниясидан дастгоҳлар сотиб олиниши билан ишга туширилган. Бир кунда 110 тонна пахта толаси ишлаб чиқарилади.

Ташриф доирасида МЧЖда ташкил қилинган давра суҳбати қизғин баҳсларга уланди. Унда соҳага алоқадор мутасадди ташкилотлар, илғор фермер хўжаликлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар. Қўмита раиси Равшан Мамутовнинг қишлоқ хўжалигига кластер тизимини жорий этиш ва уни такомиллаштириш борасида қабул қилинаётган қонун ва қонуности ҳужжатлар хусусида берган маълумотлари, айниқса, фермерларнинг қизғин савол-жавоблари билан бойиди. Шунингдек, туман, вилоят қишлоқ хўжалиги ривожида пахта-тўқимачилик кластерларининг аҳамияти, мева-сабзавотчилик ва узумчилик соҳасида кластерларни ташкил этиш ва уларнинг экспортдаги ролини оширишдаги фаолиятини такомиллаштиришдаги долзарб вазифалар, кластерларни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш учун банклар томонидан яратилган молиявий имкониятлар хусусида атрофлича фикр алмашинди.

Юқори савияда, карантин талабларига амал қилган ҳолда ўтказилган мазкур семинар қатнашчиларда катта таассурот қолдирди.

Бегали ҚОДИРОВ,
 
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
 
Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси аъзоси.
  • Кўрилди
    580
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+