“Ишбилармон аёл-2020” кўрик-танловининг Қашқадарё вилояти босқичи ғолиби аниқланди

27.10.2020, 21:41

“Ишбилармон аёл-2020” кўрик-танловининг Қашқадарё вилояти босқичи ғолиби аниқланди

Аёлларнинг ҳаммаси ҳам ишбилармон, ҳаммасининг ҳам қўли теккан жой яшнайди. Агар бизнес юритиши, ҳунармандчилик билан машғул бўлиши ёки тадбиркорлик қилиши учун қулай имконият яратиб берилса борми, улардан ўтадиган ишбилармонни топа олмайсиз. “Ишбилармон аёл-2020” кўрик-танловининг Қашқадарё вилояти босқичида ана шундай яратиш ва яшнатишдек улуғвор мақсадлар йўлида ўз бизнесини ривожлантираётган аёллар ўзаро беллашишди.

Унда танловнинг туман ва шаҳар босқичларида ғолиб чиққан ишбилармон аёллар ўзаро баҳс олиб боришди. Энг қувонарлиси эса, барча иштирокчилар бир-биридан қолишмайдиган, ўз ҳудудида ишбилармонлиги билан элу юртга катта фойда келтираётган, иш ўринлари  очган, ички бозор тўкинлигини таъминлаётган фидойи аёллардан иборат эди. Шу боис, танловда ғолиблик учун рақобат жуда кучли бўлди.

Танловнинг вилоят босқичи ғолиблиги Қарши шаҳрилик тадбиркор  Феруза Каримовага насиб этди. У ишсиз ва ҳунарсиз аёллар учун ўқув маркази очиб, уларни 12 йўналишда ўқитмоқда. Ҳар йили 500 нафардан зиёд хотин-қиз мазкур марказда таҳсил олиб, ўз бизнесини очмоқда.

-Ўқув марказимизда ҳунар ўрганган хотин-қизларнинг аксарияти ўз бизнесини яратиб, ҳаётда ўрнини топиб кетмоқда,- дейди танлов ғолиби Феруза Каримова. –Сабаби биз нафақат хотин-қизларни ўқитамиз, балки ўз тадбиркорлигини очишига, банкдан кредит олишига ва бизнесини ҳаётга кенг жорий этишига ҳам кўмаклашамиз. Шунинг учун ҳам бизнинг марказда ўқишга иштиёқи юқори хотин-қизлар сафи тобора кенгайиб бормоқда. Танловда муваффақият қозонганимдан жуда мамнунман. Албатта, “Ишбилармон аёл-2020” кўрик танловининг республика босқичида вилоятимиз шарафини муносиб ҳимоя қиламан.

Танловда иккинчи ўрин косонлик ҳунарманд аёл Ҳанифа Расуловага насиб этди. Ҳанифа каштачилик, попурчилик билан шуғулланиб, 200 нафарга яқин шогирд тайёрлаган. Аҳамиятли томони шундаки, Ҳанифа каштачиликнинг Косон тумани мактаби яратувчиларидан биридир. У Буюк ипак йўлида жойлашган Косон тумани ҳудудида қадимдан момоларимиз томонидан яратилган қалампир нусха кашталик услубларини қайта кашф этмоқда. У яратган миллий каштачилик нақшлари билан безатилган нимча, турли сумкачалар, келинлар рўмолчаси, куёв тўни ва бошқа миллий либосларга чет элда ҳам қизиқиш катта. Ҳанифа Қашқадарёда ўтказилган турли халқаро танловларда ўз кўргазмасини намойиш этиб, чет эллик сайёҳлар эътиборига ҳам тушмоқда. Яқинда у қозоғистонлик ҳамкорлар билан шартнома асосида қозоқ миллий либосларига гул босиб бериш бўйича шартнома имзолади.

Танловда учинчи ўринни чироқчилик фермер Шоҳиста Келдиярова эгаллади. Фермер аёл 70 гектар ерда пахта-ғалла етиштириш билан бирга эртачи тарвуз экиб, мўл ҳосил олмоқда. 5000 та товуқ боқишга мўлжалланган паррандачилик мажмуасини ҳам ишга тушириш арафасида. Энг катта ютуғи эса 40 нафар хотин-қизни фермер хўжалигида доимий иш билан таъминлаб, ҳар ойда ўртача 1 миллион 300 минг сўмдан маош тўламоқда.

Танловда Қарши туманида фаолият кўрсатувчи тадбиркор Дилсўз Ҳасанова “Замонавий ташаббускор аёл”, Шаҳрисабз тумани вакили Ойжамол Сатторова “Йилнинг мурувватли ишбилармон аёли”, яккабоғлик Гуллола Шаймордонова “Қишлоқни ижтимоий ривожлантиришда фаоллик кўрсатган тадбиркор аёл”, китоблик Барно Зиёева “Инвестицияларни жалб қилишда ташаббус кўрсатган ишбилармон аёл” номинацияларини қўлга киритишди.

Ғолиб ва совриндорлар O’zLiDeP вилоят Кенгашининг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди.

O’zLiDeP Қашқадарё вилоят Кенгаши

 матбуот хизмати.

  • Кўрилди
    845
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+