O‘zLiDeP Сирдарёда пресс-тур ташкил этди (+фото, видео)

03.11.2020, 11:50

O‘zLiDeP Сирдарёда пресс-тур ташкил этди (+фото, видео)

Сирдарё вилоят Кенгаши Бизнес тузилмалари ва фермерлар билан ишлаш бўлими томонидан ташкил қилинган анжуманда O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ва вилоят Кенгаши ходимлари, партия туман ва шаҳар Кенгашлари, депутатлар, хамкор ташкилот ва ОАВ вакиллари қатнашди.

Иштирокчилар вилоятнинг етакчи саноат корхоналари, фермер хўжаликлари ҳамда ўқув муассасаларида бўлдилар.

Пресс-тур давомида қатнашчилари дастлаб Мирзаобод туманидаги “Sirdaryo agro cluster” МЧЖга ташриф буюриб иш жараёни билан яқиндан танишишди. Ишчи-хизматчилар билан суҳбатлашишди. Гидропоника усулидаги мазкур 31 гектарлик иссиқхонада бақлажон, булғор қалампири ва помидор каби қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилиб экспорт қилинмоқда.

- Бақлажоннинг ҳар бир гектаридан 120 тонна ҳосил олинади, - дейди корхона раҳбари Нодирбек Кочкаров. - Маҳсулотларимиз Россия, Қозоғистон, Германия давлатларига экспорт қилинмоқда. Шунингдек, биз етиштираётган булғор қалампирига ҳам чет элда эҳтиёж катта. Булғор қалампирининг ҳар гектаридан бир теримда 200 тоннагача ҳосил олиш мумкин.

“Sirdaryo agro cluster”да БПТ ташкил қилиниб, уларга аъзолик гувоҳномалари ва партиянинг эсдалик совғалари  топширилди.  Иссиқхонанинг илғор ишчилари  Беҳзод Аширбоев, Лолахон Темировалар партия сафига қабул қилинганликларидан мамнунликларини, иш жойларида самарали меҳнат қилишлари учун барча шароитлар яратиб берилганлигини айтиб ўтишди.

“Сирдарё момиқ қуёнлари фермер хўжалигида бугунги кунда 2000 бошдан зиёд  “Янги Зеландия”, “Калифорния” қуёнлари парвариш қилинмоқда. Фермер хўжалиги раҳбари Базарбаев Равшаннинг маълумот беришича, қуёнлар бир йилда 6-7 маротаба болалайди ва 15 тагача қуёнларни дунёга келтиради. Аҳолига парҳезбоп гўшт етиштириб бераётган фермер хўжалиги маҳсулот таннархини арзонлаштириш мақсадида қуёнларга бериладиган озуқани ўзларида етиштиришади. Фермер хўжалигининг 48 гектарлик ерида макка, арпа, буғдой каби озуқабоп экинлар етиштирилмоқда. Бу маҳсулотлар махсус ускуналарда янчилиб, майдаланиб омухта ем тайёрланиб қуёнлар парвариши учун тайёрланиши натижасида бозордагидан арзон озуқа тайёрлашга эришилмоқда.

O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси бўлим мудири Бахтиёр Руҳиддинов мазкур фермер хўжалигида замонавий қушхона ташкил қилиш ҳамда мўйначиликни ривожлантириш баробарида қуён терисидан бозорбоп кийим-кечаклар тикишни йўлга қўйиш таклифини берди ҳамда бу фаолиятни йўлга қўйишда амалий кўмакка тайёр эканлигини билдириб ўтди.

Ҳудуддаги "Мирзачўл-Дональд-Дук" МЧЖда  Қорақалпоғистон,  Навоий, Жиззахдан олиб келинган 78 бош туя парвариш қилинмоқда. Давлат аҳамиятига молик катта трасса ёқасида ташкил қилинган мазкур МЧЖда ўзига хос махсус сиҳатгоҳ ташкил қилинган бўлиб 16 та ўтов ва 5 та люкс хоналар бу ерга ташриф буюрувчиларга хизмат қилмоқда.

Бу масканда экотуризмни ривожлантириш мақсад қилинган. Чунки аҳолининг саломатлигини тиклаш, туристларни қабул қилиш ва дам олувчилар учун учун барча шароитлар мавжуд. Энг асосийси беморларнинг туя сутидан шифо топиб кетаётганликларидир.

- Меҳнат фаолиятимизни 8 бош туя билан иш бошлаганмиз, - дейди МЧЖ раҳбари Муҳитдин Маҳкамов. - Бугунги кунда 12 нафар ишчимиз бор. Келажакда 100 га яқин иш ўринларини яратиш баробарида бу ерда махсус тиббиёт муассасаси, меҳмонхона, савдо дўконлари, аҳолига маиший ва техник хизмат кўрсатиш комплекс қуриш ниятидамиз. Бу ерга ташриф буюрувчилар барча қулайликлардан баҳраманд бўлишади.

Бухоролик синфдош дугоналар – Жумагул Халимова, Марзия Ҳафизова, Рўзихон Раҳматовалар икки йилдан буён мазкур дам олиш масканига келиб даволанишар экан. Саломатликларини тиклаб олишгани учун ўз миннатдорчиликларини билдириб ўтишди.

"FINIBA WOOD" корхонасининг очилганига 3 йил бўлди. Корхона раҳбари, ёш тадбиркор Бахтиёр Нормуродов раҳбарлик қилаётган тикувчилик цехида 40 нафар маҳаллий хотин-қизларнинг доимий бандлиги таъминланган. Корхонада ташкилотлар, давлат муассасалари учун махсус кийим – бошлар асосан буюртма асосида тикилади. Ўтган 2019 йилда корхона чеварлари тиккан махсус кийим-бошлар буюртма асосида Сингапур давларига экспорт қилинди. Шунингдек, корхонанинг яна бир жиҳозлар цехида 20 нафар ишчи меҳнат қилмоқда. Мазкур цехда ҳам жиҳозлар асосан буртма асосида давлат ташкилотлари, болалар боғчалари ва мактабларга тайёрлаб берилади. Эътиборлиси, тадбиркор Бахтиёр Нормуродов Мирзаобод туманида Хитой ва Россия давлатлари билан ҳамкорликда корхона ташкил қилиб 400 та иш ўрни яратиш ниятидалигини билдирди. Айни пайтда тадбиркорнинг саъйи ҳаракати билан "Баҳористон" МФЙда фаолияти йўлга қўйилган тикувчилик цехида
150 нафар хотин-қизларнинг бандлиги таъминланган.

2018 йилда Гулистон шаҳрида фаолиятини бошлаган "Рекорд текс" МЧЖ маҳсулотлари Россиянинг Иваново, Москва, Рязань, Санкт-Петербург шаҳарларига экспорт қилиняпти. Корхона матони бўяш ва гул босиш ишлари билан шуғулланади. 1000 турдан зиёд турдаги гуллар босилади. Лойиҳа қиймати 3,5 миллион долларни ташкил қилган мазкур корхонада 70 нафар ишчи хизматчи меҳнат қилмоқда. Ишчиларнинг асосий қисмини ёшлар ташкил қилади.

"IТ РARK" ёшларнинг иқтидорини ривожлантириш мақсадида очилган бўлиб у 50 дан зиёд ёшларни қамраб олган. Интернет веб саҳифлар ташкил қилиш, инглиз тили, математика фанлари чуқур ўргатилмоқда. Ўқитувчиларнинг барчаси олий маълумотли мутахассислардир.

Биргина мисол Жавоҳир Зокиржонов 14 ёшда. Гулистон шаҳрида истиқомат қилади. У интернетда веб дастурлар яратишни мустақил ўрганган. Бу ерда у ўз иқтидорини ривожлантираяпти. Жавоҳир инсонларни автоҳалокатдан асраш бўйича яратган  дастурини пресс тур иштирокчиларига намойиш этди. У ундан ташқари болаларни ҳар хил салбий ўйинлардан сақлаган ҳолда уларнинг дунёқаришини тўғри шакллантириш, салоҳиятини ошириш бўйича янги дастур устида иш олиб бормоқда. Жавоҳир “Ёш дасурчилар - 2020” форумининг вилоят босқичида 2-ўринни олди.

“IТ РARK”да ҳам БПТ ташкил қилиниб ёш мураббийлар партия сафига қабул қилинди ҳамда уларга партия аъзолик гувоҳномалари топширилди.

 Элёр ЖЎРАЕВ,

O`zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши

Бизнес тузилмалари ва фермерлар

билан ишлаш бўлими мудири

  • Кўрилди
    954
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+