Иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш – бугунги кун талаби

05.11.2020, 15:23

Иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш –  бугунги кун талаби

Маълумки, хусусий капитални жалб қилган ҳолда янгидан-янги иш ўринларини барпо қилишни даврнинг ўзи тақазо этмоқда. Айниқса, бугунги кунда йирик саноат корхоналарида ва баъзи тармоқларда давлат улушининг сақланиб қолаётгани бозор механизмига ўтишни кечиктираётганини яшириб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Шу омиллар сабаб янги турдаги рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш, янги технологияларни ишлаб чиқаришга жорий этиш масалаларида сусткашликка йўл қўйилмоқда.

Айнан давлат улуши мавжуд корхоналарни ислоҳ қилиш мақсадида яқинда Президентимизнинг “Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида” Фармони қабул қилинди. Бу Фармонни қабул қилинишидан кўзланган мақсад нималардан иборат, деган савол туғилиши табиий, албатта.

Айтиш жоизки, иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартирмасдан туриб, тадбиркорлар ўртасидаги соғлом рақобат муҳитини шакллантириб бўлмайди. Шу боис, мазкур Фармон орқали хусусий секторга сотиладиган давлат кўчмас мулк объектлари рўйхати тасдиқланди. Унга кўра, илгариги тартибдан фарқли ўлароқ, давлат активларини сотиб олувчилар қисман тўловни амалга оширганларида тўлиқ тўловлар амалга оширилгунга қадар улуш қийматининг тўланган қисмига мутонасиб равишда жамият бошқарувида иштирок этиш ва дивиденд олиш ҳуқуқи асосида “тасарруф этиш ҳуқуқисиз” эгалик сертификати берилиши белгиланди.

Бундан ташқари давлат кўчмас мулк объектларини сотиб олиш шартномалари доирасида қисман тўловни амалга оширган харидорга сотиб олиш тўловини тўлиқ амалга оширгунга қадар “тасарруф этиш ҳуқуқисиз” давлат ордери берилиши белгиланди.

Кўриниб турибдики, давлат улушларини хусусийлаштириш борасидаги механизм соддалашмоқда, кўчмас мулкларни сотиб олиш истагидаги тадбиркорларга қулай имконият ва имтиёзлар яратилмоқда. Бу албатта, бугун ишламай турган ва рақобатдан четда қолган давлат улуши мавжуд корхоналарни тезроқ сотиш, улар ўрнида бугунги бозор талабларига мос ишлаб чиқариш корхоналари барпо этилишига олиб келади. Янги иш ўринлари ҳамда экспортбоп маҳсулотлар тайёрланишига асос бўлади.

Барно Мирзамова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

  • Кўрилди
    558
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+