O‘zLiDeP “Аёллар қаноти” аҳоли бандлигини таъминлаш масалаларига бағишланган ўқув-семинар ўтказди

10.11.2020, 16:00

O‘zLiDeP “Аёллар қаноти” аҳоли бандлигини таъминлаш масалаларига бағишланган ўқув-семинар ўтказди

Жорий йилнинг 10 ноябрь куни O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси “Аёллар қаноти” ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикасининг “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги қонунининг мазмун-моҳиятини кенг аҳоли, айниқса тадбиркор хотин-қизлар ўртасида тарғибот-ташвиқот қилишга қаратилган видеоконференцалоқа шаклида ўқув-семинар ташкил этилди.

Унда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар (туман) Кенгаши депутатлари, партия  ҳудудий Кенгашлари, йирик тадбиркорлик субъектлари раҳбарлари, тадбиркор хотин-қизлар иштирок этишди.

Президентимиз томонидан жорий йилнинг 20 октябрда имзоланган “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги Қонун бандлик масаласи ҳар қачонгиданда долзарб бўлиб турган, коронавирус пандемияси даврида қабул қилинган муҳим ҳужжатлардан саналади.

Эътиборли жиҳати шундаки, мазкур Қонун тўғридан тўғри амалиётда ишлайдиган ҳужжат бўлиб, амалдаги 3 та қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 12 та Фармон ва қарорларида ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг бандлик ва меҳнат бозорини тартибга солиш, ташқи меҳнат миграцияси билан боғлиқ масалаларга оид  қабул қилинган 40 дан зиёд меъёрий ҳужжатларда кўзда тутилган ҳуқуқий нормаларни, тизимдаги сўнгги ислоҳотларни, янги молиявий механизмларни ўзида жамлаган.

Чунончи, унда амалдаги қонунда бўлмаган ишсиз шахсларни ва иш қидираётган шахсларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш аҳоли бандлиги соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири сифатида белгиланди. Сабаби, аксарият ишсиз фуқароларнинг кўпчилигини маълум бир касбга эга эмаслиги уларнинг ишга жойлашишида қийинчиликларни туғдирар эди. Ишсиз шахсларни ҳамда иш қидираётган шахсларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилиб, касб-ҳунарга ўқитишга давлат буюртмаси каби масалалар қатор моддаларда очиб берилди.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги, ишга жойлаштириш бўйича агентлар ҳамда аутстаффинг хизматларини кўрсатувчи иш берувчиларнинг соҳадаги вазифалари алоҳида моддаларда белгиланди.

Бундан ташқари Қонунда иш ўринларини ташкиллаштириш тартиби акс этгани унинг аҳамиятли жиҳатларидан саналади. Жумладан, иш ўринларини ташкил этишга доир давлат буюртмасини шакллантириш, давлат буюртмасига мувофиқ иш ўринлари ташкил этилишини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, маҳаллий меҳнат органларига мурожаат этган иш қидираётган ва ишсиз шахсларга хизматлар кўрсатиш масалалари белгилаб берилди.

Иш ўринларини ташкил этишга доир буюртмани олган ташкилотларга Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасидан уч йилгача муддатга ссуда ажратилиши назарда тутилди. Маҳаллий меҳнат органларига мурожаат этган иш қидираётган ва ишсиз шахсларга кўрсатиладиган хизмат турлари 7 тадан ўн олтитага кўпайтирилди. Ҳақ тўланадиган жамоат ишларига юбориш, тадбиркорликка жалб этиш, ўзини ўзи мустақил банд қилишни ташкил этиш, касбга, қайта тайёрлашга ва малака оширишга юбориш, касбий малакани баҳолаш каби хизматлар шулар жумласидандир.

Аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини ишга жойлаштириш ҳам тартибга солинди. Жумладан, ижтимоий эҳтиёжманд аҳоли тоифалари кенгайтирилиб, уларга 14 ёшга тўлмаган болалари ва ногиронлиги бўлган болалари бор ёлғиз ҳамда кўп болали ота-оналар киритилди.

Барча тоифадаги ишсиз шахсларга ишсизлик нафақаси 12 ойлик давр ичида 26 календарь ҳафта давомида тўланиши белгиланди. Олдинги тартибга кўра, нафақа илгари ишламаган ва биринчи бор иш қидираётганларга 12 ойлик давр мобайнида 13 календарь ҳафта тўланарди. Ишсизларни иш қидириш даврида моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида ишсизлик нафақасининг миқдори икки ярим баробарга оширилди.

Қонуннинг алоҳида бобида фуқароларнинг чет элларда ишлаш ҳуқуқи, чет элда ишлаш тартиби, меҳнат мигрантларининг кенг қамровли маълумотлар базасини шакллантириш, уларнинг кетишдан олдинги тайёргарлиги, мониторинги ва моддий ва ижтимоий ҳимояси каби бандликнинг комплекс масалалари ўз ифодасини топди.

Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасининг маблағлари ҳисобидан бериладиган молиявий ёрдам — субсидиялар, ажратиладиган пул маблағлари ва моддий ресурслар — грантларнинг кимлар ва нима мақсадларда берилишига оид нормалар алоҳида моддаларда, амалиётда тўғридан тўғри ишлайдиган тарзида белгилаб берилди.

Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасининг маблағлари ҳисобидан тижорат банкларида кредит линиялари очиш орқали кейинчалик банклар томонидан янги иш ўринлари яратилишини назарда тутувчи лойиҳаларни амалга оширишга микрокредитлар ажратиш масаласи ҳам Қонунда акс этди.

Семинар иштирокчилари мазкур қонунда белгилаб берилган барча янгилик ва ўзгаришларни аҳоли орасида кенг тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш лозимлигини алоҳида таъкидлаб ўтишди.

Бундан ташқари O‘zLiDeP “Аёллар қаноти” жойларда “темир дафтар” ва “аёллар дафтарига” киритилган ишсиз хотин-қизларни аниқлаган ҳолда улар ўртасида турли семинарлар ташкил қилиш, касб-ҳунарга ўргатиш, тажрибали тадбиркорлар иштирокида мастер класслар ўтказиш ва бу борада партиявий лойиҳаларнинг самарадорлигини янада ошириш борасида аниқ вазифалар белгилаб олинди. 

O‘zLiDeP матбуот хизмати

  • Кўрилди
    585
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+