O'zLiDeP “Аёллар қаноти” Мурожаатномада белгилаб берилган вазифалар асосида чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқди

14.01.2021, 11:35

O'zLiDeP “Аёллар қаноти” Мурожаатномада белгилаб берилган вазифалар асосида чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқди

Бугун O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасининг аёллар билан ишлаш бўлими томонидан Президентимизнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасидан келиб чиқадиган партия “Аёллар қаноти” олдидаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган давра суҳбати ташкил қилинди.

Онлайн бўлиб ўтган тадбирда партия “Аёллар қаноти”нинг барча ҳудудий кенгашлардаги вакиллари, маҳаллий кенгаш депутатлари, тадбиркор ва ишбилармон хотин-қизлар иштирок этди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда давлат ва жамият бошқарувида аёлларнинг ўрни ва мавқеини янада мустаҳкамлаш, уларнинг барча соҳаларда тенг ҳуқуқлигини таъминлаш борасида салмоқли натижаларга эришиб келинмоқда.

Биргина хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги ролини ошириш бўйича олиб борилган ислоҳотлар натижасида Парламентимиз янги таркибининг 30 фоизи аёллардан иборат бўлди. Вилоят, шаҳар ва туман ҳокимларининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозими жорий этилди.

Давлатимиз раҳбарининг Мурожаатномасида бу ҳақда фикр юритилиб, эндиликда хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва нуфузини ошириш, уларга янги имкониятлар яратиш бўйича навбатдаги қадам сифатида ҳаётни ва аёллар муаммоларини яхши биладиган, фаол ва ташаббускор опа-сингилларимиздан иборат Республика Хотин-қизлар жамоатчилик кенгашини ташкил этиш таклифи билдирилди.

Энг муҳим янгиликлардан яна бири аёлларнинг бизнес соҳасидаги лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ҳамда жойларда аниқланган хотин-қизлар муаммоларини ҳал этиш учун бюджетдан қўшимча равишда 1 триллион сўмдан зиёд маблағ йўналтирилади.

Шундан келиб чиқиб, партия Аёллар билан ишлаш йўналишидаги фаолиятини қайта кўриб чиқиб, уни янги босқичга олиб чиқишга бор кучини сафарбар этмоқда. Бу борада “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”га ҳамоҳанг тарзда жамиятда хотин-қизларнинг янада фаоллигини оширишга қаратилган янги лойиҳаларни ҳаётга тадбиқ этиш партия олдида турган энг муҳим вазифлардан саналади. Хусусан, тадбиркорликка қизиққан ва ўз бизнесини бошламоқчи бўлган хотин-қизлар учун “Ишбилармон аёл” кўрик – танлови, “Бунёдкор аёллар”, “Фаровон  оила” , “Намунали томорқачи”, “Соғлом оила – мустаҳкам оила” каби лойиҳаларни янада такомиллаштиришга эътибор қаратади. Биргина мисол қилиб оладиган бўлсак, пандемия келтириб чиқарган мураккаб шароитга қарамасдан 2020 йил давомида мазкур лойиҳалар доирасида мингга яқин хотин-қизларга 5 млрд сўмга яқин кредитлар ажратилиб, ўз тадбиркорликларини йўлга қўйишларида кўмаклашди. Мазкур тарғибот тадбирлари натижасида 1500 нафар хотин-қизлар бандлиги таъминланди.

Бундан ташқари партия “Аёллар қаноти”нинг “Ишбилармон аёл – 2020” кўрик-танловини ўтказиш натижасида 100 дан ортиқ тадбиркор аёллар кашф этилди. 34 та бошланғич партия ташкилотлари ташкил этилиб, 1000 дан ортиқ хотин-қизлар партия сафига қабул қилинди.

Шунингдек, “Соғлом оила-мустаҳкам оила” лойиҳаси доирасида 2086  та  тадбирлар ўтказилган бўлса, уларда 23 488   нафар хотин-қизлар қамраб олинди. Лойиҳа доирасида 190 та бепул тиббий кўриклар ташкил этилиб, уларда 6 313  нафар аҳоли малакали шифокорлар кўригидан ўтди.

Партия аёллар қанотининг яна энг муҳим вазифаларидан бири бу ҳудудларда камбағалликни қисқартириш бўйича 2020-2021 йилларга мўлжалланган Хотин-қизлар ишбилармонлигини ошириш дастури ишлаб чиқилганлиги бўлиб, ушбу дастур доирасида партия фаоллари, ишбилармонлари томонидан минглаб эҳтиёжманд оилаларга моддий ёрдамлар кўрсатиб келинди.

Давра суҳбатида партиянинг ушбу лойиҳаларини янада такомиллаштириш ва оммабоплигини ошириш, янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш борасида аниқ таклиф ва фикр-мулоҳазалар билдириб ўтилди. Партия Аёллар қаноти жорий йилда ҳам хотин-қизларни тадбиркорлик ва ишбилармонликка жалб қилиш, тажрибали тадбиркорлар кўмагида уларни касбга ўргатиш, бандлигини таъминлаш ва шу орқали камбағалликдан чиқариш бўйича аниқ комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқлаб олинди.

  • Кўрилди
    583
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+