Муаммоларни тизимли ҳал этиш бугунги кун вазифаси

05.02.2018, 11:22

Муаммоларни тизимли ҳал этиш бугунги кун вазифаси

Парламент қуйи палатасидаги Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси томонидан депутатлар, соҳа мутахассислари, олимлар, экспертлар ҳамда тегишли вазирлик ва идораларнинг вакиллари иштирокида парламент аъзоларининг жойлардаги мавжуд аҳвол билан яқиндан танишиш, муаммоларни бартараф этиш бўйича олиб борилган ишлар якунига бағишланган кенгайтирилган йиғилиши ўтказилди. 

Йиғилишда фракция O‘zLiDeP дастуридаги вазифалардан келиб чиқиб, вазирлик ва қўмиталар билан ўрнатилган тизимли ва доимий ҳамкорлик доирасида жойларда муаммоларни чуқур ўрганиш ва уларни парламентнинг таъсирчан механизмларини қўллаган ҳолда ҳал этиш, шу орқали фуқаролар розилигига эришиши лозимлиги қайд этилди. 

Жорий йил 13-20 январь кунлари аҳоли билан бевосита мулоқотлар ўтказилди. Мулоқотлар мобайнида фуқаролар томонидан 2 мингдан ортиқ турли йўналишдаги муаммолар кўтарилиб, уларнинг 800 га яқини жойида ҳал этилди, 1 минг 100 дан ортиғи туманлар ҳокимликлари орқали тегишли мутасадди ташкилотларга ижро учун юборилиб, улар томонидан ҳал этилди. 

Вилоят даражасидаги айрим масалалар эса вилоят ташкилотлари билан ҳамкорликда ечилишига эришилди. Шу билан бирга, мамлакат даражасидаги 200 дан ортиқ муаммо алоҳида ажратиб олиниб, фракциянинг ўтган йиғилишида уларни парламент назоратининг турли шакллари орқали бартараф этиш, тегишли давлат бошқаруви органларига парламент ва депутатлик сўровлари юбориш, парламент эшитувларини ташкил этишга қаратилган режа ишлаб чиқилди. 

Ўрганишлар давомида қуйидаги муаммоли масалаларга ҳам эътибор қаратилди. Хусусан, кичик саноат зоналари ташкил этиш бўйича давлат ва хўжалик бошқаруви органлари билан бир қаторда, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан режа асосида тизимли ишлар олиб борилмаётганлиги кўзга ташланади, айрим давлат мулки объектларидан тўлиқ фойдаланилмаслик ҳолатлари мавжуд. Ундан ташқари, фаолият кўрсатаётган саноат зоналарида инженер-техник коммуникация ишлари ўз вақтида ҳал этилмаган. 

Кўп қаватли уйларда яшовчи аҳолига уй-жой мулкдорлари ширкатлари томонидан кўрсатилаётган хизматларнинг сифати ва самарадорлиги ҳолати, туманларда ичимлик суви билан таъминланганлик, Мирзачўл, Ёзёвон, Нуробод, Миришкор, Шуманай, Олтинсой, Томди, Янгибозор, Ромитан, Мингбулоқ, Оқолтин, Зангиота туманларидаги ички йўлларнинг ачинарли ҳолати ҳам йиғилиш иштирокчилари эътиборида бўлди. 

Маҳаллий ички йўлларни таъмирлаш масаласи Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси фаолиятининг асосий вазифалари ва йўналишларидан бири экани ҳамда бу ишлар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси томонидан молиялаштирилиши белгиланган. Депутатлар томонидан ўрганилганда Мирзачўл тумани ҳудудида жами 149 километр, Ёзёвон туманида 328 километр ички йўллар таъмирталаб ҳолатдалиги маълум бўлди. 

Миришкор туманидаги Қурама, Найистон ва Қумбанги қишлоқлари ҳудудида Осиё тараққиёт банки маблағи ҳисобидан 2010 йилда қурилган ичимлик сувини тайёрлаш ва узатиш станцияси бугунги кунгача ваколатли ташкилот балансига ўтказиб берилмаганлиги сабабли фаолият кўрсатмай турибди. Шу сабабли туман аҳолисининг атиги 6,8 фоиз марказлашган ичимлик суви таъминотига эга, холос. Шунингдек, Мирзачўл туманининг 96 фоиз хонадонлари ичимлик суви билан таъминланмаган. 

Конструктив мулоқот руҳида ўтказилган O‘zLiDeP фракцияси йиғилишида қатнашган қатор вазирликлар ва муассасалар раҳбарлари, соҳа мутасаддиларининг юқорида кўтарилган масалалар юзасидан нуқтаи-назари ва ахборотлари тингланди, юзага келган ҳолатни бартараф этиш бўйича кўриладиган чоралар юзасидан фракциянинг қарори қабул қилинди. 

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    1445
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+